"Мен тузоқ қўйдим ва у унга тушди": кун қаҳрамони Ёқуббоев Ҳиндистон устидан ғалаба ҳақида

https://vkvideo.ru/video-212092007_456243660
Oбуна бўлиш
Эксклюзив
Ҳиндистонга қарши ҳал қилувчи партияда ғалаба қозонган Нодирбек Ёқуббоев қўйган тузоғи, Ниҳал Сариннинг хатоси ва терма жамоанинг чемпионлик имкониятлари ҳақида сўзлаб берди.
ТОШКЕНТ, 22 сен — Sputnik. Самарқанддаги 46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадасида Ўзбекистон асосий терма жамоаси сафида иштирок этаётган 24 ёшли гроссмейстер Нодирбек Ёқуббоев амалдаги чемпион Ҳиндистонга қарши учрашув қаҳрамонига айланди. У деярли бой берилган партияни ғалабага айлантириб, Ўзбекистонга принципиал рақиб устидан 2,5:1,5 ҳисобидаги ғалабани келтирди.
Бу Ёқуббоевнинг Олимпиадада жамоа тақдирини ҳал қилган биринчи партияси эмас. Тўртинчи турда Туркияга қарши учрашувда ҳам айнан унинг ғалабаси Ўзбекистонга ҳал қилувчи очкони келтирган эди. Олти тур давомида Ёқуббоев тўртта ғалаба ва битта дуранг қайд этди, бир турда дам олди.
Ҳиндистонга қарши учрашувда дастлабки уч партия дуранг билан якунланди.
Биринчи тахтада Нодирбек Абдусатторов Прагнанандха Рамешбабу билан, иккинчи тахтада Жавоҳир Синдаров Аржун Эригайси билан, тўртинчи тахтада эса Шамсиддин Воҳидов амалдаги жаҳон чемпиони Гукеш Доммаражу билан очко бўлишди.
Шу тариқа, Нодирбек Ёқуббоев ва Ниҳал Сарин ўртасидаги партия бутун учрашув тақдирини ҳал қилди. Баҳс қарийб 4,5 соат давом этди. Сарин Ҳиндистоннинг энг кучли шахматчиларидан бири бўлиб, гроссмейстер унвонини 14 ёшида қўлга киритган.
Партиянинг катта қисми Ёқуббоев учун оғир кечди. Ҳиндистонлик шахматчи позицион устунликка эга эди, қолаверса, вақт бўйича ҳам катта фарқ юзага келган: бир пайт Саринда қарийб 26 дақиқа, Ёқуббоевда эса уч дақиқа атрофида вақт қолган эди.
Нодирбекнинг айтишича, рақиби айнан вақт танқислигидан фойдаланиб, унга босим ўтказишга ҳаракат қилган.
"Вақтдан босим ўтказишга ҳаракат қилди. 40-юришга яқин унда анча устунлик бор эди, лекин бир юришда ҳаммасини йўққа чиқарди. Тузоқ қўйган эдим, тузоққа тушди. Ўша қўпол хатодан кейин менда ютуқ пайдо бўлди ва уни қўлдан чиқармадим", — деди Ёқуббоев.
Ҳал қилувчи вазият Сарин отини F5 катагига юрганидан кейин юзага келди. Рақибнинг хатосини пайқаган Ёқуббоев ҳиссиётларини яшира олмади — бу ҳолат трансляция камераларига ҳам тушди.
"Жуда хурсанд бўлдим, шунинг учун ҳиссиётларга берилдим. Ҳиндистон билан бу ўйин биз учун жуда муҳим эди. Улар энг яқин рақибларимиздан бири. Ғалаба қозонганимиздан ва якка пешқадамга айланганимиздан хурсандман", — деди гроссмейстер.
Партия давомида камералар Жавоҳир Синдаровнинг Ёқуббоевга нимадир деганини ҳам қайд этди. Нодирбекнинг айтишича, жамоадоши ундан хавотир олмасликни сўраган ва ҳаммаси яхши бўлишини айтган.
Ёқуббоев Ҳиндистонга қарши учрашув олдидан ғалабани кафолатланган натижа сифатида қабул қилиш мумкин бўлмаганини таъкидлади. Бироқ Ўзбекистон шахматчилари ҳар бир тахтада ўз имкониятларидан фойдаланса, амалдаги чемпионни мағлуб этиш мумкинлигига ишонган.
"Биз ғалаба қозонишимиз мумкинлигига ишонардик. Йигитлар барча тахталарда яхши ўйнашди. Менда вазият ёмонроқ эди, лекин омадим келди ва ғалаба қозондим", — деди у.
Ниҳал Сарин устидан ғалаба Ёқуббоев учун шахсий жиҳатдан ҳам аҳамиятли бўлди. Унинг айтишича, ҳиндистонлик гроссмейстер аввалдан ўзи учун ноқулай рақиблардан бири бўлган.
"Ниҳал Сарин мен учун жуда ноқулай рақиб. Онлайн мусобақаларда унга анча кўп ютқазганман. Лекин бу сафар онлайн ёки тезкор шахматни умуман ўйламадим, ҳаммасини четга суриб, шунчаки яхши шахмат ўйнашга ҳаракат қилдим. Шунинг учун айнан Ниҳал Саринни ютганим ўзим учун ҳам алоҳида қувонч бўлди", — деди Ёқуббоев.
Ўзбекистоннинг Ҳиндистонга қарши натижаси алоҳида аҳамиятга эга. Ҳиндистон 2024 йилги Олимпиаданинг амалдаги чемпиони ҳисобланади. Самарқанддаги ғалабадан кейин Ўзбекистон олти турда максимал 12 очко тўплаб, мусобақада якка пешқадамга айланди.
Шунга қарамай, Ёқуббоев Ҳиндистон устидан ғалабани чемпионлик учун ҳал қилувчи натижа деб ҳисоблашга шошилмаяпти.

"Ҳали олдинда Хитой бор. Германия, Америка ҳам рақибларини ютиб бизгача етиб келса, қийин баҳслар бўлади. Бўшашишимиз керак эмас. Ҳозир бир кун дам олиб, кейинги ўйинга яхшилаб тайёргарлик кўришимиз керак", — деди шахматчи.

Унинг сўзларига кўра, Олимпиаданинг Ўзбекистонда ўтаётгани ҳам жамоага қўшимча масъулият юклайди. Ўз юртида ўйнаганда мухлислар сендан ва бутун жамоадан ғалаба кутаётганини ҳис қилиш осон эмас.
Амалдаги чемпион устидан қозонилган муҳим ғалабадан кейин ҳам Ёқуббоев асосий эътиборни олдиндаги партияларга қаратиш кераклигини таъкидлади.
"Мен шунчаки хурсандман. Лекин бўшашмаслик керак. Кейинги ўйинлар янада муҳимроқ бўлади. Агар яхши формада бўлсак ва яхши ўйнасак, чемпионлик учун катта имкониятларимиз бор", — деди у.
Олти турдан кейин Ўзбекистон терма жамоаси 12 очко билан турнир жадвалида якка пешқадам бўлиб турибди. Еттинчи турда ўзбекистонлик шахматчилар асосий таъқибчилардан бири — 11 очко жамғарган Хитой терма жамоаси билан учрашади. Шу боис Ҳиндистон устидан ғалабадан кейинги навбатдаги баҳс ҳам Ўзбекистоннинг чемпионлик учун курашида муҳим синовлардан бири бўлади.
Узбекистан вышел на первое место в таблице шахматной Олимпиады. - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 21.09.2026
Ўзбекистон Хитойни ортда қолдириб, шахмат Олимпиадаси жадвалида биринчи ўринга чиқди
Янгиликлар лентаси
0