Ҳокимликлар ҳужжатлари устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқини бериш таклифи маъқулланди

© РИА /КалмыкияМосковский городской суд
Московский городской суд - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 22.09.2026
Oбуна бўлиш
Фуқароларга ҳокимликларнинг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари устидан бевосита маъмурий судга шикоят қилиш ҳуқуқи берилиши мумкин.
ТОШКЕНТ, 22 сен — Sputnik. Президент Шавкат Мирзиёев маъмурий одил судловни янги босқичга олиб чиқиш истиқболларига бағишланган тақдимот билан танишди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.
Тақдимотда илғор хорижий тажриба ва замонавий талаблар асосида 15 га яқин янги ҳуқуқий институтни жорий этиш бўйича таклифлар кўриб чиқилди.
Асосий таклифлар:
маъмурий судга мурожаат қилишнинг тўрт турдаги даъво шаклини жорий этиш;
судга мурожаат қилиш учун амалдаги олти ойлик муддатни қайта кўриб чиқиш;
давлат органи қонунбузилишга йўл қўйганини тан олиш масаласида судга муддатсиз мурожаат қилиш имконини бериш;
маҳаллий ҳокимият органларининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари устидан бевосита маъмурий судга шикоят қилиш ҳуқуқини жорий этиш.
Шунингдек, маъмурий судларга давлат органлари фуқаролар ва тадбиркорларга таъсир чораларини қўллашда дискрецион ваколатлардан қонуний ва асосли фойдаланганини текшириш ваколатини бериш таклиф қилинди.
Суд қарорлари ижросини кучайтириш ҳам назарда тутилган. Агар давлат органи мансабдор шахсига суд қарорини ижро этмагани учун жарима қўлланилганидан кейин ҳам қарор бажарилмаса, суд қонуний чора кўриш учун прокурорга хабар беради.
Расмий маълумотга кўра, 2017 йилдан буён маъмурий судлар қарийб 150 минг ишни кўриб чиққан, 70 мингдан ортиқ ҳолатда давлат органларининг ноқонуний қарорлари бекор қилинган. Мансабдор шахсларнинг ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари бўйича эса қарийб 27 минг хусусий ажрим чиқарилган.
Президент билдирилган ташаббусларни қўллаб-қувватлади.
Шавкат Мирзиёев - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 14.08.2026
Мирзиёев “Одил судлов – 2030” стратегияси лойиҳасини маъқуллади
Янгиликлар лентаси
0