Мирзиёев “Одил судлов – 2030” стратегияси лойиҳасини маъқуллади

© Пресс-служба президента УзбекистанаШавкат Мирзиёев
Шавкат Мирзиёев - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 14.08.2026
Oбуна бўлиш
Барча судларда ахборот олиш, мурожаат топшириш ва рақамли хизматлардан фойдаланиш “ягона дарча” тамойили асосида таъминланади.
ТОШКЕНТ, 14 авг – Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевга судлар фаолиятини 2030 йилга қадар ривожлантиришга қаратилган “Одил судлов – 2030” стратегияси лойиҳаси тақдимот қилинди.
Таъкидланишича, “Одил судлов – 2030” стратегияси аҳолининг таклифлари, олимлар, амалиётчи юристлар ва адвокатлар билан мулоқотлар, шунингдек, илғор хорижий тажриба асосида ишлаб чиқилган.
Стратегияда 57 та вазифа, уни амалга ошириш бўйича 2026-2028 йилларга мўлжалланган Ҳаракатлар дастурида 160 та аниқ чора-тадбир ҳамда 2030 йилга қадар эришилиши лозим бўлган 33 та мақсад белгиланган.
Жумладан, қуйи судлар қарорларини қайта кўриб чиқиш холислигини ошириш мақсадида 2027 йил 1 июлдан 5 та ҳудудлараро суд ташкил этилади.
Вилоят судларида апелляция ва кассация инстанциялари сақланиб, тафтиш инстанциясининг ваколатлари ҳудудлараро судларга берилади. Бу бир суднинг ўз қарорини ўзи қайта кўриб чиқиши амалиётига чек қўяди ва фуқароларнинг адолат излаб пойтахтга бориш заруратини камайтиради.
2030 йилга қадар заруратга қараб қарийб барча туман ва шаҳарларда фуқаролик судларининг фаолияти босқичма-босқич йўлга қўйилади. Барча судларда ахборот олиш, мурожаат топшириш ва рақамли хизматлардан фойдаланиш “ягона дарча” тамойили асосида таъминланади.
Судга берилган ариза бошқа судга тегишли бўлса, у фуқарога қайтарилмайди, суднинг ўзи уни тегишли судга юборади. Аризада жузъий камчилик аниқланган тақдирда суд уни бартараф этишда фуқарога фаол кўмаклашади.
Иқтисодий низоларни тезкор ҳал этиш учун “иқтисодий ишларни проактив бошқариш” стандарти жорий этилади. Бу тадбиркорларнинг идорама-идора сарсон бўлиши ва ҳужжатларни қайта-қайта топширишига чек қўяди.
Инсон эрки – олий қадрият эканлигидан келиб чиқиб, тергов, суриштирув босқичида инсон ҳуқуқлари кафолатларини кучайтириш учун “асосли гумон” (prima facie) стандарти жорий этилади.
Тергов судьяси санкция бериш масаласини кўриб чиқишда шахсни ушлаб туришнинг қонунийлиги, гумон ёки айблов учун асослар етарлилигини текшириш ва зарур қўшимча ҳужжатларни талаб қилиш имконига эга бўлади. Бу эса шахснинг эркинлиги асоссиз чекланишининг олдини олади.
Ягона суд амалиётини таъминлаш мақсадида Олий суд Раёсати қарорларини қамраб оладиган очиқ “Прецедентлар реестри” юритилади.
Судьяларни одил судловга дахлдор бўлмаган ташкилий вазифалардан озод этиш учун 2028 йилдан “суд маъмурчилиги” институти жорий этилади.
“Рақамли суд” концепцияси барча судларда тўлақонли ишга туширилиб, my.sud.uz портали ва унинг мобил иловаси такомиллаштирилади. Судларга мурожаатларнинг камида 50 фоизини электрон шаклда бериш, суд мажлисларининг 100 фоизини аудиоёзув орқали қайд этиш ва Олий суд ахборот тизимлари фойдаланувчиларининг сонини камида 5 баравар ошириш режалаштирилган.
Шунингдек, медиация ва ярашув механизмларини кенгайтириш, ноқонуний деб топилган маъмурий ҳужжатларнинг очиқ реестри юритишни қамраб олиш, “халқ вакиллари ҳайъати” иштирокида кўриладиган жиноят турлари сонини камида 3 тага етказиш мақсад қилинган.
Давлат раҳбари стратегия лойиҳасини маъқуллаб, унда назарда тутилган ислоҳотларни рўёбга чиқаришга қаратилган тегишли фармонни имзолади.
Президент Шавкат Мирзиёев ознакомился с презентацией по повышению эффективности системы комплаенс-контроля в судах. - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 09.06.2026
Олий суд таркибида Комплаенс назорати хизмати ташкил этилади
Янгиликлар лентаси
0