Путин парламент сайловлари арафасида россияликларга мурожаат қилди
09:15 17.09.2026 (янгиланди: 10:07 17.09.2026)

© POOL
Oбуна бўлиш
Россия етакчиси фуқароларни конституциявий ҳуқуқидан фойдаланиб, пухта ўйланган, масъулиятли қарор қабул қилишга чақирди.
ТОШКЕНТ, 17 сен — Sputnik. Россия президенти Владимир Путин 18–20 сентябрь кунлари бўлиб ўтадиган парламент сайловлари арафасида фуқароларга мурожаат қилди. Бу ҳақда Кремль матбуот хизмати хабар берди.
У сайловлар жараёнини "муҳим, кўп жиҳатдан ҳал қилувчи" деб атади. Давлат Думаси, ҳудудий ва муниципал сайловлар белгиланган муддатларда ўтказилишини айтди.
Путин қуйидагиларни таъкидлади:
кампания махсус ҳарбий операция шароитида ўтмоқда. Донбасс ва Новороссия аҳолиси Россия билан бирлашгандан кейин биринчи марта Давлат думаси депутатларини сайлайди;
жанговар вазифаларни бажараётган аскар ва офицерлар овоз беришда фаол қатнашишига ишонч билдирди, уларнинг жасорати ва Ватанга садоқатини ўрнак деб атади;
Россия нима учун курашаётганини ва ҳар бир фуқаронинг бурчи нималигини билишини айтди. Унинг сўзларига кўра, ғалабани ҳарбийлар жанг майдонида қозонмоқда, уни Ватан учун меҳнат қилаётганлар яқинлаштирмоқда;
Россия халқлари бирлиги йилида сайловда иштирок этишни масъулият ва мамлакатни мустаҳкамлашга ҳисса деб атади;
ҳар бир овоз аҳамиятли эканини, барча даражада халқ манфаатларини кимлар ифода этиши сайловчилар танловига боғлиқлигини айтди;
энг муносиб ва салоҳиятли номзодлар, Россияга садоқатини амалда исботлаган ватанпарварлар ғалаба қозонишига ишонч билдирди.
сайловчилар танлови ҳарбийлар ортида миллионлаб одамлар турганини, халқни умумий қадриятлар, тарихий хотира ва Ватанга муҳаббат бирлаштиришини кўрсатишини билдирди.
"Ҳеч ким бизни парчалаб, қўрқитолмайди, давлатчилигимиз ва ижтимоий-сиёсий тизимимизга путур етказолмайди", - деди Россия раҳбари.
Овоз бериш 18, 19 ва 20 сентябрь кунлари ўтади. Путин фуқароларни конституциявий ҳуқуқидан фойдаланиб, пухта ўйланган, масъулиятли қарор қабул қилишга чақирди.
Унинг таъкидлашича, натижалар Россия жамиятининг етуклиги ва мустаҳкамлигини тасдиқлаши, Россияни заифлаштириш, ривожланишини тўхтатиш, суверенитет ва ўз тақдирини белгилаш ҳуқуқидан маҳрум қилишни истаганларга "умумий жавоб" бўлиши керак.
"Сайловда иштирок этиш — Россиянинг ғалабасига қўшган умумий ҳиссамиз", — деди Путин.
