Тошкентда жамоат транспортида йўлкира нега оширилмоқда – Транспорт вазирлиги изоҳи

© Sputnik / Бахром ХатамовАбай кўчаси ва Алишер Навоий шоҳкўчаси чорраҳасидаги шаҳар ритми
Абай кўчаси ва Алишер Навоий шоҳкўчаси чорраҳасидаги шаҳар ритми - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 11.09.2026
Oбуна бўлиш
1 октябрдан автобус ва метрода электрон тўловда йўл ҳақини 1700 сўмдан 2500 сўмгача — 47 фоизга ошириш таклиф қилинди.
ТОШКЕНТ, 11 сен – Sputnik. Транспорт вазирлиги Тошкент шаҳрида жамоат транспортида 1 октябрдан йўл ҳақи тарифларини қайта кўриб чиқиш бўйича жамоатчилик муҳокамасига қўйилган лойиҳа юзасидан батафсил тушунтириш берди.
Лойиҳага кўра, 1 октябрдан қуйидагиларни жорий этиш таклиф қилинмоқда:
автобус ёки метрода бир марталик қатнов учун электрон тўлов – амалдаги 1700 сўм ўрнига 2500 сўм;
нақд пул билан тўлов – амалдаги 3000 сўм даражасида қолдирилади;
багаж ташиш ҳақи – 4000 сўм этиб белгиланади.
Шунингдек, лойиҳада доимий йўловчилар учун янги абонементлар ҳамда жамоат транспорти турлари ўртасида биридан иккинчисига ўтиш учун алоҳида (алмашиш) тарифлар назарда тутилган.

Вазирлик хабарига кўра, бугунги кунда пойтахт жамоат транспорти ҳар куни қарийб 2,5 миллион йўловчига хизмат кўрсатмоқда. Тошкент кенгайиб, аҳолининг мунтазам ва қулай транспорт хизматларига бўлган эҳтиёжи йил сайин ортиб бормоқда.
Амалга оширилган ислоҳотлар натижасида ҳаракат таркиби қарийб икки баравар кенгайиб, автобуслар сони 1900 тага яқинлашди. Уларнинг ўртача қатнов оралиғи эса 30 дақиқадан 15 дақиқагача қисқарди. Йўналишлар тармоғи янги турар жой массивлари ҳамда пойтахтга туташ ҳудудларни қамраб олиш ҳисобига кенгаймоқда.
“Бироқ ҳаракат таркибини сотиб олишнинг ўзи етарли эмас. Унинг ҳар куни йўналишга чиқишини ва техник созлигини таъминлаш зарур. Харажатлар машинистлар, ҳайдовчилар ва техник ходимларнинг иш ҳақи, ёнилғи ва электр энергияси, эҳтиёт қисмлар ва шиналар, ҳаракатдаги таркибга техник хизмат кўрсатиш ва уни таъмирлаш, депо ва қувватлантириш инфратузилмасини сақлаш, салонларни тозалаш, шунингдек, диспетчерлик, навигация ва электрон тўлов тизимларининг ишлашини ўз ичига олади”, - дейилади вазирлик изоҳида.
Қайд этилишича, амалдаги тариф бу харажатларнинг фақат бир қисмини қоплайди. Ташувларни молиялаштириш бўйича асосий юк ҳамон давлат бюджети зиммасида қолмоқда.
Тарифнинг эҳтимолий ўзгариши ташувчиларга қўйиладиган аниқ талаблар билан биргаликда кўриб чиқилиши лозим. Булар – қатновларнинг мунтазамлиги, белгиланган оралиқларга риоя этилиши, транспорт воситаларининг техник ҳолати ва тозалиги, йўловчилар хавфсизлиги, хизмат кўрсатиш маданияти ҳамда йўналишлар тармоғининг янада кенгайтирилиши.

Транспорт вазирлиги фуқаролар тарифларни ўзгартириш бўйича ҳужжат лойиҳаси билан 19 сентябрга танишиб, ўз таклиф ва мулоҳазаларини юборишлари мумкинлигини билдирди.
Келиб тушган барча таклиф ва мулоҳазалар якуний қарорни тайёрлаш жараёнида кўриб чиқилади.
В Ташкент при поддержке ВЭБ.РФ отправлены 20 новых вагонов метро ТМХ - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 13.07.2026
Метрода қатнов оралиғи қисқартирилади — Тошкентга яна 3 та поезд олиб келинди
Янгиликлар лентаси
0