Тошкент Ботаника боғи: ўсимликларни асрашдан “яшил келажак” сари — фото
Oбуна бўлиш
Эксклюзив
Тошкент Ботаника боғида 2500 га яқин ўсимлик тури сақланмоқда, ноёб турларни кўпайтириш ва маҳаллий иқлимга мослаштириш бўйича илмий ишлар олиб борилмоқда.
Тошкент Ботаника боғининг ривожланиши, бу ерда олиб борилаётган илмий тадқиқотлар ва экологик маданиятни юксалтиришнинг аҳамияти ҳақида боғ директори Содиқжон Холиқназарович Абдиназаров сўзлаб берди.
1950-йилларда ташкил этилган Тошкент Ботаника боғи йиллар давомида Ўзбекистонда ўсимликлар хилма-хиллигини сақлаш ва ўрганишга ихтисослашган муҳим илмий марказга айланди. Агар 2016 йилда боғ коллекциясида 1500 га яқин ўсимлик тури мавжуд бўлган бўлса, бугун уларнинг сони 2500 га яқинлашган. Боғнинг умумий майдони 66 гектарни ташкил этади.
“Мен Ботаника боғига раҳбарликка келган пайтимда бу ерда 1500 га яқин ўсимлик тури бор эди. Бугун уларнинг сони 2500 га яқинлашди. Ўйлайманки, шу даврда маълум натижаларга эриша олдик”, — деди боғ директори.
Боғ коллекциясида пиёзли ўсимликлар алоҳида ўрин тутади. Бу йўналиш халқаро илмий ҳамкорлик ва пиёзли ўсимликларнинг келиб чиқиш марказларини ўрганиш билан боғлиқ. Марказий Осиё ҳам бундай ўсимликларнинг муҳим келиб чиқиш ҳудудларидан бири ҳисобланади.
Коллекцияда ноёб ва йўқолиб бораётган, жумладан, Ўзбекистон Қизил китобига киритилган турларни сақлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
“Бизнинг мақсадимиз Қизил китобга киритилган ўсимлик турларини нафақат сақлаб қолиш, балки уларни Ўзбекистон шароитида кўпайтириш ва илмий коллекция сифатида ривожлантиришдан иборат”, — таъкидлади Абдиназаров.
Сўнгги йилларда Ботаника боғида илмий тадқиқотлар кўлами ҳам кенгайди. Москва давлат университети Ботаника боғи билан ҳамкорликда 200 га яқин янги ўсимлик тури олиб келиниб, уларни Ўзбекистон иқлимига мослаштириш ишлари давом этмоқда.
Мутахассиснинг таъкидлашича, янги ўсимликни маҳаллий шароитга мослаштириш узоқ вақт талаб қилади. Айрим буталарни иқлимлаштириш учун уч-тўрт йил, дарахтлар учун эса саккиз-ўн йилгача вақт кетиши мумкин.
Ноёб ва камайиб бораётган ўсимликларни сақлаб қолишда биотехнология лабораториясининг ҳам аҳамияти катта. Бу ерда ўсимликларни уруғлари, новдалари ва бошқа қисмлари орқали кўпайтириш бўйича тадқиқотлар олиб борилмоқда.
Ўтган йили лабораторияда 12 та турни сақлаб қолиш ва кўпайтириш бўйича тадқиқотлар амалга оширилган бўлса, айни пайтда яна 10–15 тур устида илмий ишлар давом этмоқда.
Боғ олимларининг илмий натижалари патентлар билан ҳам тасдиқланмоқда. Ўтган йил давомида бир нечта патент олингани Ботаника боғининг илмий салоҳияти ортиб бораётганини кўрсатади.
Шу билан бирга, боғ директори шаҳарлардаги дарахтларга муносабат масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратди.
“Дарахт ҳам инсон каби ёши ўтган сари кўпроқ парваришга муҳтож бўлади. Қуриб бораётган шохларини ўз вақтида кесиш, даволаш, сув бериш ва озиқлантириш керак”, — деди у.
Мутахассиснинг фикрича, айрим жойларда дарахтлар атрофининг асфальт ёки бетон билан тўлиқ қоплаб қўйилишига жиддий муаммо сифатида қараш лозим. Бундай ҳолат дарахт илдизларига сув ва ҳаво етиб боришини қийинлаштиради ва унинг нормал ривожланишига салбий таъсир кўрсатади.
“Ўсимлик ҳам нафас олиши керак. Унга сув, ҳаво ва озуқа зарур. Шунинг учун дарахтларга бўлган муносабатимизни ўзгартиришимиз, экологик маданиятни эса оиладан бошлаб шакллантиришимиз керак”, — деди Абдиназаров.
Мутахассиснинг фикрича, “Яшил макон” лойиҳаси доирасида дарахт экиш билан бир қаторда, уларни тўғри танлаш ва кейинги парваришига ҳам жиддий эътибор қаратиш зарур. Ҳар бир ҳудуд учун иқлим ва тупроқ шароитига мос ўсимлик турларини танлаш самарали натижа беради.
Масалан, Фарғона водийси шароитида терак, тол, қайрағоч ва чинорлар, чўл ҳудудларида саксовул каби қурғоқчиликка чидамли турлар, Хоразм шароитида эса қайрағоч, катальпа ва бошқа мослашган ўсимликларни экиш мақсадга мувофиқ.
“Қайси ўсимликни қаерга экишни билиш керак. Ўсимлик танлашда иқлим, тупроқ, ёруғлик ва ҳудуднинг ўзига хос хусусиятлари ҳисобга олиниши зарур”, — деди Ботаника боғи директори.
Бугун Ботаника боғи фақат илмий марказ эмас, балки аҳоли учун экологик-маърифий маскан сифатида ҳам фаолият юритмоқда. Айниқса, дам олиш кунлари бу ерга минглаб ташриф буюрувчилар келади.
Боғдаги ўсимликларга QR-кодлар ўрнатилган бўлиб, улар орқали турлар ҳақида ўзбек, рус ва бошқа тилларда маълумот олиш мумкин.
Ботаника боғида дендрология, доривор ўсимликлар ва биотехнология лабораториялари фаолият кўрсатмоқда. Бу ерда ўқувчилар, талабалар, магистрлар ва олимлар илмий-тадқиқот ишларини олиб боради.
Халқаро ҳамкорлик доирасида келгусида Тошкентда лолалар ва бошқа пиёзли ўсимликларга бағишланган халқаро симпозиум ўтказиш режалаштирилмоқда. Унда дунёнинг турли мамлакатларидан олимлар иштирок этиши кутилмоқда.
“Ботаника боғлари бугун оддий сайргоҳ эмас. Улар ўсимликлар дунёсини сақлаш, ўрганиш ва келажак авлод учун асрашга хизмат қиладиган илмий марказлардир. Бугун қилаётган ишларимиз — келажак авлод учун қилинаётган меҳнатдир”, — дея таъкидлади Абдиназаров.

1/17
© Sputnik / Бахром Хатамов
Тошкент Ботаника боғи директори Содиқжон Ҳаликназарович Абдиназаров

2/17
© Sputnik / Бахром Хатамов
Тешик баргли силфиум (Silphium perfoliatum)

3/17
© Sputnik / Бахром Хатамов
Ёнғоқсимон лотос (Nelumbo nucifera)

4/17
© Sputnik / Бахром Хатамов
Ёрқин қизил пираканта (Оловли тикан)

5/17
© Sputnik / Бахром Хатамов
Боғдаги оилавий сайр

6/17
© Sputnik / Бахром Хатамов
Оддий зағизғон (Pica pica)

7/17
© Sputnik / Бахром Хатамов
Боғ флокси (Phlox paniculata)

8/17
© Sputnik / Бахром Хатамов
Америка лаконоси (Phytolacca americana)

9/17
© Sputnik / Бахром Хатамов
Хризантема (Гуловур / Gulovur)

10/17
© Sputnik / Бахром Хатамов
Дўлана

11/17
© Sputnik / Бахром Хатамов
Арпабодиён ёки оқ зира (Foeniculum vulgare Mill)

12/17
© Sputnik / Бахром Хатамов
Набира ва бобо кабутарларни боқмоқда

13/17
© Sputnik / Бахром Хатамов
Пираканта

14/17
© Sputnik / Бахром Хатамов
Шарсимон гомфрена (Gomphrena globosa)

15/17
© Sputnik / Бахром Хатамов
Бўёқбоп сафлор / сафлор (Carthamus tinctorius)

16/17
© Sputnik / Бахром Хатамов
Тукли рудбекия— Rudbeckia hirta

17/17
© Sputnik / Бахром Хатамов
Чиройли гайллардия (Gaillardia pulchella)