Мирзиёев АЭС қурилишида маҳаллий корхоналар иштирокини оширишни топширди

© Sputnik / Бахром ХатамовМакет будущей атомной электростанции (АЭС)
Макет будущей атомной электростанции (АЭС) - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 02.09.2026
Oбуна бўлиш
Қурилиш-монтаж ишларининг 65 фоизини миллий корхоналар орқали бажариш ва лойиҳага 7 минг маҳаллий мутахассисни жалб этиш вазифаси қўйилди.
ТОШКЕНТ, 2 сен — Sputnik. Президент Шавкат Мирзиёев Жиззах вилоятида интеграциялашган атом электр станциясини барпо этиш бўйича амалга оширилаётган ишлар тақдимоти билан танишди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.
АЭС қурилиши 4 июндан фаол босқичга ўтган. Бугунги кунга қадар реактор биноси учун котлован қазиш ишлари тўлиқ якунланиб, 1 миллион куб метрдан ортиқ тупроқ олиб чиқилди. Пойдевор плитасининг бир қисмига 916 куб метр бетон қуйилди.
Лойиҳанинг умумий қиймати 9,5 миллиард долларни ташкил этади. Қурилишда 3 мингга яқин турдаги маҳсулот ва ускунадан фойдаланилади.
Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, маҳаллий маҳсулотлар улуши 21 фоиз ёки 1,9 миллиард доллар бўлиши кутилган эди. Давлат раҳбари бу кўрсаткични етарли эмас деб баҳолади.
Мутасаддиларга маҳаллий маҳсулотлар улушини камида 30 фоизга етказиш, қурилиш-монтаж ишларининг 65 фоизини миллий корхоналар орқали бажариш ва 7 минг нафар маҳаллий ишчи ҳамда мутахассисни жалб этиш вазифаси қўйилди.
Шу мақсадда Фориш туманида 200 гектарлик қурилиш материаллари саноат зонасини ташкил этиш таклиф қилинди. Унда камида 100 та қўшма корхона жойлаштирилиб, технологиялар трансфери асосида 15 та йўналишда маҳсулот ишлаб чиқариш маҳаллийлаштирилади.
Президент таклифни маъқуллаб, тегишли қарор лойиҳасини йил якунига қадар киритишни топширди.
Лойиҳани бошқариш ва техник назоратни кучайтириш мақсадида етакчи хорижий инжиниринг компаниялари иштирокида қўшма корхона ташкил этиш режалаштирилган. Технологик ечимлар мустақил экспертизадан ўтказилиб, қарийб мингта соҳавий стандарт миллий тизимга мослаштирилади.
Станция учун операторлар, муҳандислар ва радиация хавфсизлиги мутахассисларини мақсадли тайёрлаш ҳам давом эттирилади. 2023 йилдан буён Россия миллий тадқиқот ядро университетининг Тошкент филиалини 216 нафар талаба битирган. Уларнинг 83 нафари хорижий олийгоҳларда ўқишни давом эттирмоқда, яна 100 нафар мутахассис Ўзбекистондаги тўртта олий таълим муассасасида тайёрланмоқда.
Шавкат Мирзиёев и Владимир Путин дали старт началу строительства АЭС в Узбекистане - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 30.08.2026
АЭС қурилиши жадаллашмоқда: арматура, бетон, квартира ижараси учун тендерлар эълон қилинди
Янгиликлар лентаси
0