Ўзбекистонда бензин ишлаб чиқариш қарийб 9 фоизга ошди

Oбуна бўлиш
Етти ойда мамлакатда 731,9 минг тонна автомобиль бензини ва 683,4 минг тонна дизель ёқилғиси ишлаб чиқарилди.
Ўзбекистонда 2026 йилнинг январь–июль ойларида автомобиль бензини ишлаб чиқариш ҳажми 731,9 минг тоннани ташкил этди. Бу ҳақда Миллий статистика қўмитаси маълум қилди.
Кўрсаткич 2025 йилнинг мос давридаги 672,1 минг тоннага нисбатан 8,9 фоизга ошган. Шу тариқа, етти ойда автомобиль бензини ишлаб чиқариш қарийб 60 минг тоннага кўпайди.
Ҳисобот даврида 683,4 минг тонна дизель ёқилғиси ҳам ишлаб чиқарилди. Ўтган йилнинг январь–июль ойларида бу кўрсаткич 673,7 минг тоннани ташкил этган эди. Дизель ёқилғиси ишлаб чиқариш ҳажми бир йилда 1,4 фоизга ёки 9,7 минг тоннага ўсди.
Натижада етти ойда республикада ишлаб чиқарилган автомобиль бензини ва дизель ёқилғисининг умумий ҳажми 1,4 млн тоннадан ошди.
Умуман, 2026 йил январь–июль ойларида Ўзбекистонда саноат ишлаб чиқариши ҳажми амалдаги нархларда 795,4 трлн сўмга етди. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 7,9 фоиз кўп.
Янгиликлар лентаси
0