Инглиз ҳуқуқи, ноль солиқ ва криптовалюта: Тошкент халқаро молия маркази қандай ишлайди
12:56 24.08.2026 (янгиланди: 13:24 24.08.2026)

© Sputnik
Oбуна бўлиш
Тошкент халқаро молия марказида инглиз умумий ҳуқуқи, мустақил регулятор, ноль солиқ ва эркин валюта операциялари жорий этилади.
ТОШКЕНТ, 24 авг — Sputnik. Тошкент халқаро молия марказида инглиз умумий ҳуқуқини қўллаш, мустақил регулятор ташкил этиш ва исталган валютада битимлар тузиш имконини яратиш режалаштирилмоқда.
Бу ҳақда Президент администрацияси лойиҳалари координатори Нодиржон Жўраев "Silk Road Finance & Technology Forum"да маълум қилди, деб хабар бермоқда Sputnik Ўзбекистон мухбири.
“Марказий банк ёки Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги Халқаро молий марказ иштирокчилари ёхуд унинг муассасалари билан иш олиб бормайди”, — деди Жўраев.
Шу билан бирга, марказ иштирокчилари Ўзбекистон ички бозорида ҳам хизмат кўрсатиши мумкин бўлади. Бунинг учун Марказий банк билан ҳамкорликда алоҳида меъёрий-ҳуқуқий база ишлаб чиқилади.
“Бундай ҳолатда миллий қонунчилик, шу жумладан солиқ қоидалари қўлланилади”, — дея таъкидлади у.
Жўраевнинг айтишича, марказ доирасида исталган валютада битимлар тузиш мумкин бўлади. Бу марказга АҚШ банкларидан ташқари, Хитой, Сингапур ва Япония каби давлатларнинг корреспондент банкларини ҳам жалб қилиш имконини беради. Улар операцияларни ўз миллий валюталарида амалга ошириши мумкин.
Халқаро молия маркази ҳуқуқий базасида криптовалютадан айирбошлаш воситаси сифатида фойдаланиш имконияти ҳам назарда тутилади.
“Солиқ режими ҳам жуда жозибадор бўлади: хорижий компаниялар ва молия институтлари учун ноль солиқ кўзда тутилган. Ягона чеклов пул ювишга қарши курашиш талабларига тааллуқли бўлади”, — деди Жўраев.
Марказий банк раиси ўринбосари, бошқарув аъзоси Аброр Мирзо Олимов эса марказ муайян ва реал иқтисодий муаммоларни ҳал қилиши кераклигини таъкидлади.
Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистон минтақа ва дунёдаги энг тез ривожланаётган иқтисодиётлардан бири бўлиб, мамлакатда молиявий саводхонлик ўсмоқда, молиялаштириш имкониятлари кенгаймоқда ва халқаро молиявий интеграция кучаймоқда.
“Мен учун Тошкент халқаро молия маркази мамлакатимиз корхоналари ва молия институтларини халқаро молия институтлари ва бозорлар билан боғлаши керак. Гап маҳаллий компанияларимизга кенг кўламли молиявий воситалардан фойдаланиш имконини яратиш ҳақида кетмоқда. Вақт ўтиши билан бу Марказий Осиёни халқаро молия бозорлари билан янада самарали боғлаш имконини беради, деб умид қиламан”, — деди у.
Олимовнинг фикрича, Тошкент халқаро молия маркази аниқ белгиланган тузилма доирасида мослашувчан валюта режимига эга бўлиши керак. Марказ иштирокчилари трансчегаравий операцияларни амалга ошириши ва ўз капиталини эркин репатриация қилиши мумкин бўлади.
“Биз молиявий барқарорликка хавф туғдирмаган ҳолда мослашувчанликни таъминлашни хоҳлаймиз. Очиқлик молиявий барқарорлик, бозор яхлитлиги, юқори шаффофлик, жиноий даромадларни легаллаштириш ва терроризмни молиялаштиришга қарши самарали чоралар ҳамда тизимли хатарларни тўғри бошқариш каби кафолатлар билан бирга келиши керак”, — деди Олимов.
Унинг таъкидлашича, ҳозирги асосий вазифа ушбу икки мақсад — эркинлик ва молиявий барқарорликни битта тузилма доирасида таъминлаш механизмларини ишлаб чиқиш.
