Тошкентда дизайн-кодни жорий этиш тартиби қайта кўриб чиқилди

© Sputnik / Бахром ХатамовПерекрёстки Ташкента: ритм современного города
Перекрёстки Ташкента: ритм современного города - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 21.08.2026
Oбуна бўлиш
Пойтахт ҳокимлиги дизайн-кодни жорий этишдаги айрим хатоларни тан олди.
ТОШКЕНТ, 21 авг – Sputnik. Тошкент шаҳри ҳокимлиги пойтахт кўчаларида дизайн-кодни жорий этиш жараёнида тадбиркорлар томонидан билдирилган фикр ва эътирозлар инобатга олинганини маълум қилди.
Таъкидланишича, 11 майдан 26 июлгача дизайн кодни жорий этиш ишлари пойтахтнинг 56 та кўчасидаги 3 228 та тадбиркорлик субъектини қамраб олган. Тадбиркорларнинг фикрини ўрганиш мақсадида Тошкент шаҳар ҳокимлиги Савдо-саноат палатасининг ҳудудий бошқармаси билан ҳамкорликда сўровнома ўтказилган.
Сўровнома натижаларига кўра, айрим ҳолларда дизайн код талаблари, ҳужжатларни расмийлаштириш тартиби ва бажариладиган ишлар кетма-кетлиги тадбиркорларга ўз вақтида ва етарлича тушунарли тарзда изоҳланмагани аниқланган. Мазкур эътирозлар ўринли деб топилиб, келгусидаги ишларда инобатга олиниши билдирилган.
Бугунги кунга келиб 509 нафар тадбиркор бино фасадини янгилаган, яна 2 627 нафари ишларни якунламоқда. Қолган масалалар туман ҳокимликлари ва мутасадди ташкилотлар билан биргаликда индивидуал тартибда кўриб чиқилади.
Шунингдек, 18 та реклама-ишлаб чиқариш компанияси мутахассисларининг малакаси оширилган. Бунда "Toshkent Invest", Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси ҳамда Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги Рақамли ривожланиш департаменти экспертлари иштирок этган.
“Вазифамиз шунчаки фасадларни ягона талабларга мослаштириш эмас, балки бу жараённи тадбиркорлар учун тушунарли ва адолатли ташкил этишдир. Дизайн код бизнес учун асоссиз қийинчиликлар яратмасдан, пойтахтимиз қиёфасини яхшилаши лозим”, - дея қайд этди ҳокимлик.
Фотоподборка: осень в Ташкенте - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 26.12.2025
Тошкент қандай бўлади: пойтахт учун дизайн-код ишлаб чиқилди
Янгиликлар лентаси
0