Марказий Осиё сув хўжалиги мутахассислари Тошкентда тажриба алмашмоқда

© Министерство водного хозяйстваСпециалисты водного хозяйства Центральной Азии обмениваются опытом в Ташкенте
Специалисты водного хозяйства Центральной Азии обмениваются опытом в Ташкенте - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 11.08.2026
Oбуна бўлиш
Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон мутахассисларига замонавий суғориш тизимлари ва рақамли ечимлар амалда кўрсатилмоқда.
ТОШКЕНТ, 11 авг — Sputnik. Тошкентда Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон сув хўжалиги мутахассислари иштирокида уч кунлик минтақавий тренинг бошланди. Бу ҳақда Сув хўжалиги вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Тренингда сув тежовчи суғориш технологиялари ва соҳадаги рақамли ечимларни амалиётга жорий этиш масалалари кўриб чиқилмоқда.
Иштирокчилар Ўзбекистонда сув тежовчи технологияларни жорий этиш учун амал қилаётган молиявий ва ҳуқуқий механизмлар, жумладан, субсидия ва имтиёзли кредитлаш тартиби билан танишади.
Тренингнинг алоҳида қисми рақамлаштиришга бағишланган. Мутахассисларга сув истеъмолчилари учун мўлжалланган “Томчи” мобил иловаси, “Томчи” ягона электрон реестри ва бошқа рақамли воситалар тақдим этилади.
Амалий машғулотларда томчилатиб ва ёмғирлатиб суғориш, сувни тежайдиган эгатлаб ҳамда тупроқ остидан суғориш тизимларини танлаш, лойиҳалаш, ўрнатиш ва уларга техник хизмат кўрсатиш ўргатилади. Шунингдек, насос станциялари, фильтрлар, қувурлар, фитинглар ва томизгичларнинг ишлаш принциплари кўрсатилади.
Сув хўжалиги мактабининг тажриба майдончасида иштирокчилар метеостанциялар маълумотлари асосида суғориш режимини белгилаш ва экин эҳтиёжига қараб сув етказиб беришни бошқариш усулларини амалда кўради.
Дастурда “Дебют” (“Агродрип”) корхонасига ташриф ҳам режалаштирилган. У ерда сув тежовчи суғориш тизимлари элементларини ишлаб чиқариш, комплектлаш ва лойиҳалаш жараёнлари намойиш этилади.
Тренинг якунида иштирокчилар тест синовидан ўтади, уларнинг амалий билим ва кўникмалари баҳоланиб, сертификатлар топширилади.
Россия Ўзбекистон сув стратегиясини яратишга қандай ёрдам бермоқда - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 25.07.2026
Матбуот маркази
Россия Ўзбекистонга сув стратегиясини ишлаб чиқишда қандай ёрдам бермоқда
Янгиликлар лентаси
0