Ўзбекистон облигациялари JP Morgan индексига киритилади — бу нима беради?

© AP Photo / Bebeto MatthewsВывеска здания JP Morgan Chase в Нью-Йорке
Вывеска здания JP Morgan Chase в Нью-Йорке - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 09.08.2026
Oбуна бўлиш
30 сентябрдан Ўзбекистоннинг сўмдаги суверен облигациялари йирик халқаро инвесторлар кузатадиган GBI-EM индексига киритилади.
ТОШКЕНТ, 9 авг — Sputnik. Ўзбекистоннинг сўмдаги суверен халқаро облигациялари 30 сентябрдан "JP Morgan"нинг Government Bond Index – Emerging Markets (GBI-EM) индекси таркибига киритилади. Бу ҳақда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Оддий қилиб айтганда, GBI-EM — халқаро инвесторлар ривожланаётган мамлакатларнинг миллий валютадаги давлат облигацияларига сармоя киритишда йўналиш сифатида фойдаланадиган индекс. Уни кузатувчи инвесторлар 300 млрд доллардан ортиқ активларни бошқаради.
Шу боис индексга кириш Ўзбекистон облигацияларига янги хорижий инвесторларни жалб қилиши ва уларга талабни ошириши мумкин. Талаб ортиши эса келгусида давлатнинг маблағ жалб қилиш учун тўлайдиган фоизларини пасайтириш имконини беради.
Бу бюджет учун ҳам аҳамиятли. Давлат қарзни қанчалик арзон жалб қилса, унга хизмат кўрсатиш учун бюджетдан шунчалик кам харажат талаб этилади. Бироқ индексга кириш аҳоли учун кредит ставкалари дарҳол пасаяди ёки сўм курси мустаҳкамланади, дегани эмас. Таъсир асосан молия бозори орқали ва узоқроқ муддатда намоён бўлади.
Ўзбекистон апрель ойида 1 млрд доллар эквивалентидаги — 12,2 трлн сўмлик уч йиллик облигацияларни 12,25 фоиз ставкада жойлаштирган эди. Хорижий инвесторлардан тушган буюртмалар эса таклиф ҳажмидан қарийб тўрт баравар кўп бўлган.
Молия вазирлиги маълумотига кўра, бу Марказий ва Шарқий Европа, Яқин Шарқ ва Африка минтақасида сўнгги 15 йилда миллий валютада амалга оширилган энг йирик шундай битим бўлган.
GBI-EM ривожланаётган мамлакатларнинг миллий валютадаги давлат қарз қоғозларини қамраб олади ва жаҳондаги йирик облигация индексларидан бири ҳисобланади.
Шундай қилиб, Ўзбекистон учун асосий фойда — сўмда қарз олиш имкониятларининг кенгайиши. Бу ташқи қарзни фақат доллар ёки бошқа хорижий валютада олишга қарамликни ва валюта курси ўзгаришидан келиб чиқадиган хатарларни камайтиришга хизмат қилиши мумкин.
Брокеры на бирже Франкфурта - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 28.07.2026
Бир ойда 8,5% ўсиш: Миллий инвестиция жамғармаси активлари 2,63 млрд долларга етди
Янгиликлар лентаси
0