Каннаваро ЖЧдаги хатолар, муаммолар ва янги режалар ҳақида гапирди

© Пресс-служба НОК УзбекистанаГлавный тренер сборной Узбекистана по футболу Фабио Каннаваро
Главный тренер сборной Узбекистана по футболу Фабио Каннаваро - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 05.08.2026
Oбуна бўлиш
Фабио Каннаваро ЖЧдаги хатолар, таркиб танлови, маоши, жамоани ёшартириш режаси ва кучли рақиблар билан ўйинлар ҳақида гапирди
ТОШКЕНТ, 5 авг — Sputnik. Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Фабио Каннаваро ЎФАда ўтказилган матбуот анжуманида Жаҳон чемпионатидаги иштирок, футболчилар танлови, жамоанинг камчиликлари ва келгуси режалар ҳақида батафсил гапирди.
Асосий муаммо — юқори суръатда ўйнаш
Каннаваронинг фикрича, миллий жамоанинг асосий муаммоларидан бири ўйин интенсивлиги бўлиб қолмоқда. У футболчилар Жаҳон чемпионатидаги юқори суръатга мослашишда қийналиши мумкинлиги ҳақида аввалдан огоҳлантирганини айтди.
Мураббий хорижлик мутахассис келиши билан жамоа бир кунда "Барселона"дек ўйнай бошлашини кутиш нотўғри эканини таъкидлади. Унинг айтишича, муаммо ундан қисқа вақт ичида жуда катта натижа кутилаётганида ҳам бўлган.
Конго ва Колумбияга қарши икки хил ўйин
Каннаваро Конго ДР билан учрашувнинг биринчи бўлимида Ўзбекистон ўйинни назорат қилганини, танаффусдан кейин эса футболчиларда қўрқув пайдо бўлгандай жамоа бутунлай бошқача ҳаракат қилганини айтди.
Колумбияга қарши баҳсда эса аксинча, биринчи бўлимда жамоа кўпроқ ҳимояланган, иккинчи бўлимда ҳужумкор футбол кўрсатган. Каннаваро жамоа ўйинида ўсиш бўлганини, футболчилар унинг машғулот услуби ва методологиясини ижобий қабул қилганини таъкидлади.
Терма жамоа ёшартирилади
Каннаваро кейинги босқичда таркибни ёшартириш, тактик схемани ўзгартириш ва янги футболчиларни жалб қилиш режалаштирилаётганини маълум қилди.
У ЖЧ таркибидаги айрим футболчилар саралаш босқичидаги хизматлари учун чақирилганини айтди. Энди ёш футболчиларга кўпроқ имконият берилади. Мураббийнинг таъкидлашича, Беҳруз Каримов ва Жаҳонгир Ўрозов каби ўйинчиларга ЖЧ Европага йўл очмоқда, мураббийлар штаби назарида яна бир қатор ёшлар бор.
Каннаваро Жалолиддин Машарипов жароҳати сабаб ҳатто юришга қийналганини билдирди. Уни Жаҳон чемпионатига тайёрлаш учун турли мутахассислар жалб қилинган, аммо футболчи мусобақада қатнашишга улгурмаган.
Дарвозабонни алмаштириш хато бўлганми?
Мураббий Жаҳон чемпионатида барча дарвозабонларга имконият беришни истаганини, аммо бунинг иложи бўлмаганини билдирди.
У Абдувоҳид Неъматовга ишонч билдирилишига унинг мусобақагача бўлган барқарор ўйинлари сабаб бўлганини айтди. Шу билан бирга, иккинчи турда дарвозабонни алмаштириш эҳтимол хато қарор бўлганини тан олди. Каннаваро ЖЧдаги айрим хатоларни футболчиларда бундай даражадаги мусобақа тажрибаси етишмагани билан изоҳлади.
Жанубий Корея, Эрон ва номаълум топ-рақиб
Бош мураббий ЎФАдан доимо кучли терма жамоаларга қарши ўртоқлик учрашувлари ташкил этишни сўрашини айтди.
Унинг маълум қилишича, Ўзбекистон Жанубий Корея билан ўйнайди, Эронни Ўзбекистонда қабул қилиш бўйича музокаралар кетмоқда. Шунингдек, номи ҳозирча очиқланмаган жуда кучли терма жамоа билан ҳам музокара олиб борилмоқда.
4 млн евро, Италиядаги "таътил" ва "каламуш"
Каннаваро йиллик маоши 4 миллион евро экани ҳақидаги хабарларни рад этди. У мураббийлар штабидаги айрим мутахассисларга ўз маблағидан ҳақ тўлашини, ёрдамчиси Роландо Бянки эса маошсиз ишлашга рози бўлганини айтди.
Мураббий ЖЧдан кейин жамоани ташлаб, Италияга дам олиш учун кетгани ҳақидаги хабарлар ҳам ҳақиқатга тўғри келмаслигини билдирди. У мундиаль якунигача жамоа билан Нью-Йоркда бўлган, Суперлигадаги танаффус пайтида оиласини кўриб келган ва чемпионат тиклангач Ўзбекистонга қайтган.
Каннаваро миллий жамоа ҳақида кўплаб нотўғри хабарлар тарқалганини айтиб, бу унинг хорижлик мураббий экани ёки жамоа ичида маълумот тарқатаётган "каламуш" борлиги билан боғлиқ бўлиши мумкинлигини таъкидлади.
Тренер Валерий Непомнящий - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 29.06.2026
Нега Ўзбекистон термаси гуруҳдан чиқа олмади — Непомняший Каннаваронинг хатоларини айтди
Янгиликлар лентаси
0