Чорвачилик ва паррандачиликка $895 млн: гўшт-сут ҳажмини ошириш режалари тақдим этилди

© Пресс-служба президента Узбекистана
Oбуна бўлиш
Президентга гўшт-сут ишлаб чиқаришни ошириш, 103 корхонани тиклаш ва 802 янги лойиҳани амалга ошириш режалари тақдим этилди.
ТОШКЕНТ, 5 авг — Sputnik. Президент Шавкат Мирзиёев чорвачилик ва паррандачиликни ривожлантириш, гўшт ва сут маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кўпайтириш бўйича таклифлар билан танишди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.
Тақдимотда 2026–2028 йилларда қўшимча 190 минг тонна гўшт ишлаб чиқариш имконини берувчи чоралар муҳокама қилинди.
Асосий режалар:
фаолияти тўхтаган 103 та чорвачилик корхонасини тиклаш;
уларнинг қарзларини реструктуризация қилиш ёки 10 йилга бўлиб тўлаш;
озуқа етиштириш учун ер ажратиш ва наслли моллар билан таъминлаш;
чорвачиликка ихтисослашган 13 та тумандаги 75 минг гектар озуқа майдонидан самарали фойдаланиш;
сут қабул қилиш пунктлари ва озуқа сотиш шохобчаларини ташкил этиш;
аҳоли хонадонларида енгил конструкцияли 11 мингта молхона қуриш.
Фаолияти тикланадиган корхоналарда 33 минг бош қорамол парваришланиб, йилига 12 минг тонна гўшт ва 40 минг тонна сут ишлаб чиқариш режалаштирилмоқда.
Хонадонларда қуриладиган молхоналарда эса 421 минг бош қорамол боқилиши кўзда тутилган.
802 та янги лойиҳа
Умумий қиймати 3 трлн сўм бўлган 802 та лойиҳа доирасида:
68 минг бошдан зиёд қорамол;
186 минг бош қўй ва эчки парваришланади;
йилига қўшимча 20 минг тонна гўшт;
120 минг тонна сут ишлаб чиқарилади.
Қорақалпоғистондаги 20 та чорвачилик комплекси сунъий интеллект ёрдамида таҳлил қилинган. Уларнинг умумий қарзи 109,6 млрд сўм бўлиб, ярми юқори хавфли тоифага киритилган.
Ушбу комплексларнинг қарз юкини енгиллаштириш, озуқа базасини яратиш ва уларни босқичма-босқич ишга тушириш таклиф этилди.
Чорва моллари импорт қилинади
Гўшт ишлаб чиқаришни кўпайтириш мақсадида:
Мўғулистондан 150 минг бош қўй;
Хитой ва Европа давлатларидан 100 минг бош наслли қорамол;
Беларусдан 2 минг бош мол олиб келиш режалаштирилмоқда.
Бу орқали йилига қўшимча 44 минг тонна гўшт ишлаб чиқариш имконияти яратилиши айтилди.
Умуман, чорвачилик тармоғини ривожлантириш учун 463 млн доллар йўналтириш кўзда тутилган.
Маҳаллалардаги хонадонларга ёрдам
191 та тумандаги чорвачиликка ихтисослашган 2 407 та маҳаллада:
хонадонларга арзон чорва моллари етказиб бериш;
сигирларни сунъий уруғлантириш;
ем-хашак ва зооветеринария хизматларини яхшилаш;
наслдор бузоқларни идентификация қилиш;
улар учун субсидия ажратиш таклиф этилди.
13 та туманда ҳар бири 200 бош қорамолга мўлжалланган наслчилик хўжаликларини ташкил этиш, йилига 500 минг бош сигирни сунъий уруғлантириш ва эмбрион трансплантациясини кенгайтириш ҳам режалаштирилмоқда.
"Smart Fermer" ишга туширилади
Тақдимотда фермерлар ва аҳоли учун "Smart Fermer" рақамли ёрдамчиси ҳам намойиш этилди.
Мобил илова орқали чорва молларини идентификация қилиш, ветеринар чақириш, сунъий уруғлантириш хизматидан фойдаланиш, озиқлантириш ва яйловларни бошқариш бўйича маълумот олиш, субсидияга ариза бериш ҳамда сунъий интеллектдан маслаҳат олиш мумкин бўлади.
Шунингдек, чорвадорлар манфаатларини ҳимоя қилиш, кооперация, наслчилик ва ташқи бозорларга чиқишга кўмаклашувчи Ўзбекистон чорвадорлар уюшмасини ташкил этиш таклиф қилинди.
Паррандачилик
Паррандачилик соҳасида умумий қиймати 432 млн доллар бўлган лойиҳаларни амалга ошириш режалаштирилмоқда.
Улар ҳисобига 2028 йилгача:
қўшимча 100 минг тонна парранда гўшти ишлаб чиқариш;
озуқа-ем ишлаб чиқариш қувватини 3,3 млн тоннага етказиш мақсад қилинган.
