Ўзбекистонда иситиш хизмати учун тарифларни ошириш таклиф қилинди

© Sputnik / Мария ДевахинаРуки над батареей
Руки над батареей - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 03.08.2026
Oбуна бўлиш
Институт иситишда ижтимоий меъёр жорий этиш ва меъёрдан ортиқ майдон учун қимматроқ базавий тариф қўллашни таклиф қилди.
ТОШКЕНТ, 3 авг - Sputnik. Ўзбекистонда иситиш хизматларини субсидиялаш тартибини ўзгартириш ва ижтимоий меъёрдан ортиқ майдон учун базавий тариф жорий этиш таклиф қилинди.
Ташаббус Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Яширин иқтисодиёт улушини қисқартириш, солиқ ва божхона маъмурчилигини такомиллаштириш ҳамда фискал таҳлиллар институти томонидан 30 июлда ўтказилган "Фискал мулоқот"да тақдим этилган.
Институтнинг расмий хабарида мутахассислар солиқ-бюджет сиёсатини такомиллаштириш бўйича ишлаб чиқилган таклифларни тақдим этгани айтилган.
Ижтимоий меъёр қандай ҳисобланиши мумкин?
Таклифга кўра, бир хонадон учун 60 квадрат метр ёки рўйхатда турган ҳар бир киши учун 16 квадрат метр ижтимоий меъёр сифатида белгиланиши мумкин.
Ушбу меъёр доирасидаги майдон учун амалдаги имтиёзли тариф сақланади. Меъёрдан ортиқ қисми эса базавий тариф бўйича ҳисобланиши таклиф этилмоқда.
Базавий тариф бир гигакалория учун 711,6 минг сўмни ташкил этади. Бу аҳоли учун амалдаги тарифдан тахминан беш баробар юқори.
Бироқ бу майдони 60 квадрат метрдан катта бўлган хонадонларнинг бутун иситиш тўлови беш баробар ошишини англатмайди. Қимматроқ тариф фақат белгиланган ижтимоий меъёрдан ортиқ майдонга қўлланиши таклиф қилинган.
Масалан, 80 квадрат метрли хонадон учун 60 квадрат метр имтиёзли тарифда, қолган 20 квадрат метр эса базавий тарифда ҳисобланиши мумкин.
Субсидияларнинг асосий қисми Тошкентга тўғри келади
Тақдимотдаги ҳисоб-китобларга кўра, 2026 йилда иссиқлик таъминотини субсидиялаш учун республика бўйича 3,8 трлн сўм ажратилиши кутилмоқда. Шундан 2,9 трлн сўми ёки 77 фоизи Тошкент шаҳри ҳиссасига тўғри келади.
Ҳозир аҳоли базавий иситиш тарифининг 20 фоиздан кам қисмини тўламоқда, қолган харажатлар эса давлат бюджети ҳисобидан қопланмоқда.
Институт маълумотига кўра, Тошкентдаги квартираларнинг 45,4 фоизи 60 квадрат метрдан ошмайди. Шу сабабли мазкур хонадонлар учун амалдаги ҳисоблаш тартиби ўзгармаслиги мумкин.

Мазкур институт 2025 йилда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузурида ташкил этилган. Унинг асосий вазифалари қаторига бюджет-солиқ сиёсатини таҳлил қилиш, давлат харажатлари самарадорлигини баҳолаш ҳамда аниқланган муаммолар бўйича ваколатли давлат органларига асосланган таклифлар киритиш ҳам киради.

КенгайтиришЙиғиштириш
Инфляция в Узбекистане - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 06.07.2026
Инфляция: нималар қимматлаб, нималар арзонлашди?
Янгиликлар лентаси
0