Инфляция: нималар қимматлаб, нималар арзонлашди?

Oбуна бўлиш
Ўзбекистонда йиллик инфляция 6,4 фоиз бўлди. Июнда коммунал хизматлар ва ёқилғи қимматлаб, мева-сабзавотлар арзонлашди.
Ўзбекистонда 2026 йил июнь ойида истеъмол нархлари ой давомида 0,6 фоизга ошди. Йил бошидан буён инфляция 3,3 фоизни, йиллик ҳисобда эса 6,4 фоизни ташкил этди.
Таққослаш учун: 2025 йил июнь ойида ойлик инфляция манфий бўлган — нархлар ўртача 0,2 фоизга пасайган. Ўша пайтда йил бошидан буён инфляция 4,2 фоиз, йиллик инфляция эса 8,7 фоиз бўлган.
Мева-сабзавот маҳсулотлари нархларидаги ўзгаришлар ҳисобга олинмаганда, июнь ойида инфляция 1,5 фоизни ташкил этди. Асосий гуруҳлар кесимида июнь ойида озиқ-овқат маҳсулотлари 1,4 фоизга арзонлашди. Ноозиқ-овқат товарлари 2,3 фоизга, хизматлар эса 1,8 фоизга қимматлади.
Июнь ойида озиқ-овқат маҳсулотлари орасида гуруч, гречка, сут, шакар, қўй гўшти, мол гўшти ва тухум нархлари ошган. Мева-сабзавотлардан эса бақлажон, помидор, булғор қалампири, бодиринг, узум, тарвуз, картошка, саримсоқпиёз, карам, банан ва кўкатлар арзонлашган.
Шунингдек, июнь ойидан аҳоли учун электр энергияси ва тармоқ газига янгиланган тарифлар жорий этилди. Республика бўйича ўртача ҳисобда электр энергияси 9,6 фоизга, тармоқ гази эса 10,7 фоизга қимматлашган.
Статистика қўмитасига кўра, электр энергияси ва газ бўйича инфляцияни ҳисоблашда истеъмол тоифалари, уларнинг улуши ва ўртача истеъмол ҳажмлари инобатга олинган. Шу сабаб бу кўрсаткичлар тариф жадвалидаги алоҳида ставкалар билан тўғридан-тўғри бир хил бўлмаслиги мумкин.
Шунингдек, июнь ойида бензин ўртача 3,9 фоизга, пропан 11,3 фоизга, метан эса 8,8 фоизга қимматлашди.
Янгиликлар лентаси
0