Ўқитувчиларга дарс тақсимоти: 1 августдан нималар ўзгаради

© Depositphotos / BlazeofgloryУчитель пишет у доски в школе
Учитель пишет у доски в школе - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 29.07.2026
Oбуна бўлиш
Янги тартибда олий тоифали ва сертификатли педагоглар устувор бўлади, аввалги 19 та мезон эса 10 тага қисқаради.
ТОШКЕНТ, 29 июл — Sputnik. 1 августдан Ўзбекистон мактабларида ўқитувчиларга дарс соатларини тақсимлаш бўйича янги устуворлик тартиби кучга киради. Янги тартиб учта вазирликнинг Адлия вазирлигида 2025 йил 28 октябрда рўйхатдан ўтказилган қўшма қарорида белгиланган.
Янги тартибга кўра, мактаб педагогик кенгаши дарс соатларини ҳар йили 15 сентябрга қадар қуйидаги кетма-кетлик асосида тақсимлайди:
— олий малака тоифасига эга ўқитувчилар;
— дарс берадиган фанидан устама белгилашда қўлланиладиган миллий ёки халқаро сертификатга эга педагоглар;
— биринчи малака тоифасига эга ўқитувчилар;
— иккинчи малака тоифасига эга ўқитувчилар;
— олий маълумотли, аммо тоифасиз ўқитувчилар;
— қайта тайёрлаш дипломига эга педагоглар;
— ўриндошлик асосида ишлаётган олий маълумотли ўқитувчилар;
— педагогика йўналишида таҳсил олаётган учинчи ва ундан юқори курс талабалари;
— олий маълумотли педагоглар етишмаганда бошланғич синфларда ишловчи ўрта махсус ёки профессионал маълумотли ўқитувчилар;
— тегишли мутахассислик бўйича мактаб раҳбар ходимлари.
Қайта тайёрлаш дипломига эга ўқитувчида малака тоифаси ёки тегишли сертификат мавжуд бўлса, у худди шундай кўрсаткичга эга бошқа педагоглар билан тенг устуворликка эга бўлади.
Бошланғич синфлардаги фанларни тақсимлашда педагогнинг "бошланғич таълим" мутахассислигига эгалиги ёки тегишли фанни бошланғич синфларда ўқитиш методикаси бўйича таълим олгани ҳам ҳисобга олинади.
Амалдаги тартибда дарс соатларини тақсимлаш учун 19 та мезон белгиланган. Улар орасида халқаро ва республика олимпиадалари ғолибларини тайёрлаган педагоглар, олимпиада ғолиблари, топ-1000 университетлари битирувчилари, "Йил ўқитувчиси" танлови совриндорлари ҳамда магистр даражасига эга ўқитувчилар бор.
1 августдан эса ушбу кўрсаткичлар алоҳида устувор мезон сифатида қўлланилмайди. Асосий эътибор ўқитувчининг малака тоифаси, фан бўйича сертификати ва маълумотига қаратилади.
Ўқитувчи бир нечта кўрсаткичга эга бўлса, уларнинг энг устувори ҳисобга олинади. Кўрсаткичлари бир хил бўлган педагоглар ўртасида эса дарс соатлари тенг тақсимланади.
Шунингдек, ўқитувчига бир йилда бир ярим ставкадан, яъни 2 322 соатдан ортиқ дарс юкламаси беришга йўл қўйилмайди.
Сдача ЕГЭ по русскому языку - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 10.06.2026
Педагогика йўналишидаги талабаларнинг билимлари ҳар йили текширилади
Янгиликлар лентаси
0