Аккаунт ва SIM-картани бошқага берганлик учун жавобгарлик жорий этилиши мумкин

© Законодательная палата Олий Мажлиса Запрещается приватизация "ботанических садов" и их земель
Запрещается приватизация ботанических садов и их земель - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 22.07.2026
Oбуна бўлиш
Қонун лойиҳасида аккаунт ва SIM-картани ғаразли мақсадда бошқага бериш учун жавобгарлик белгиланмоқда. Банк хавфсизлик чораларини кўрмаган ҳолларда фирибгарлик зарарини қоплаш тартиби ҳам киритилмоқда.
ТОШКЕНТ, 22 июл — Sputnik. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси киберхавфсизликни таъминлаш ва рақамли муҳитда содир этилаётган ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш тизимини такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳасини қабул қилди.
Ҳужжат иккинчи ўқишда кўриб чиқилди. Депутатларнинг таклифлари ва ҳуқуқни қўллаш амалиёти асосида унинг қатор нормалари қайта ишланди.
Фрод зарарини қай ҳолларда банк қоплайди?
"Тўловлар ва тўлов тизимлари тўғрисида"ги қонунга киритилаётган ўзгартишларга кўра, банк, тўлов тизими оператори ёки тўлов ташкилоти киберхавфсизлик талабларига риоя қилмаган ёхуд шубҳали операцияларнинг олдини олиш чораларини кўрмаган бўлса, бунинг оқибатида фуқарога етказилган моддий зарарни қоплаши керак бўлади.
Демак, гап ҳар қандай фирибгарлик ҳолатида пулни автоматик равишда қайтариш ҳақида эмас. Зарар молиявий ташкилот томонидан хавфсизлик талаблари бажарилмагани ёки фрод операциясининг олди олинмагани оқибатида етказилган бўлиши керак.
Аккаунт ва SIM-картани бошқага бериш
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритилаётган янги нормалар билан масофавий давлат хизматлари тизимидаги шахсий аккаунтларни ёки SIM-карта каби абонент қурилмасининг идентификация модулларини ғаразли мақсадларда бошқа шахсларга бериш учун маъмурий жавобгарлик белгиланмоқда.
Шунингдек, бошқа шахснинг аккаунти ёки абонент рақамидан ноқонуний фойдаланиш ҳам жавобгарликка сабаб бўлади.
Ушбу нормалар фирибгарлар томонидан жиноий операцияларда фойдаланиладиган бегона аккаунтлар ва телефон рақамлари тарқалишининг олдини олишга қаратилган.
Ҳисоб ва электрон ҳамёнлар вақтинча тўхтатилиши мумкин
Қонун лойиҳаси билан банк ҳисобварақлари, электрон ҳамёнлар ва криптоактивлар бўйича операцияларни вақтинча тўхтатиб туриш процессуал мажбурлов чораси сифатида жорий этилмоқда.
Бу фирибгарлик ёки бошқа жиноят йўли билан ўзлаштирилган маблағларни тезда бошқа ҳисобларга ўтказиш, нақдлаштириш ёки криптоактивларга айлантиришнинг олдини олиш учун қўлланилади.
Фуқароларнинг Конституцияда кафолатланган мулкий ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида ушбу чорани қўллаш суд назорати механизмлари билан уйғунлаштирилиши белгиланмоқда.
Электрон маълумотлар далил сифатида олиб қўйилади
Жиноят-процессуал кодексига киритилаётган ўзгартишлар рақамли далиллар билан ишлаш тартибини ҳам аниқлаштиради.
Ахборот технологияларидан фойдаланиб содир этилган жиноятлар бўйича иш учун аҳамиятли электрон маълумотлар, ҳужжатлар ва бошқа далиллар қаерда сақланаётгани маълум бўлса, терговга қадар текширувни амалга оширувчи мансабдор шахс уларни белгиланган тартибда олиб қўйиши мумкин бўлади.
Қонун лойиҳаси ҳозирча кучга киргани йўқ. У Сенатда кўриб чиқилиши, маъқулланган тақдирда президентга имзолаш учун юборилиши керак.
Узбекистан запустил новую стратегию кибербезопасности - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 18.03.2026
Матбуот маркази
Сунъий интеллект ҳужуми ва дипфейкдан ҳимоя: Ўзбекистоннинг янги киберстратегияси - видео
Янгиликлар лентаси
0