Сув танқислиги ҳосил ва ичимлик сувига таҳдид солмоқда — экспертлар

© Пресс-служба министерства экологии УзбекистанаАрашанские озера в Ферганской долине. Иллюстративное фото
Арашанские озера в Ферганской долине. Иллюстративное фото - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 19.07.2026
Oбуна бўлиш
Марказий Осиёда сув захираларининг камайиши қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат нархлари ва аҳолини ичимлик суви билан таъминлашга босимни кучайтириши мумкин
ТОШКЕНТ, 19 июль — Sputnik. Марказий Осиёда сув ресурсларининг камайиши биринчи навбатда деҳқонлар ҳосили ва аҳолининг ичимлик суви таъминотига зарба бериши мумкин. Бу ҳақда Kazinform агентлигининг минтақада сув танқислиги муаммосига бағишланган мақоласида маълум қилинган.
Айниқса, ерости суви захиралари чекланган ва дарёларга боғлиқ ҳудудлар учун бу муаммо тобора жиддий тус олмоқда.
Экспертларнинг баҳолашича, сув танқислиги қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ҳажмини камайтириб, озиқ-овқат нархларига ҳам қўшимча босим ўтказиши мумкин.
БМТ тадқиқотларида яқин йилларда Марказий Осиёнинг асосий сув манбалари — Амударё ва Сирдарё ҳавзаларидаги сув ҳажми 15 фоизгача камайиши мумкинлиги қайд этилган.
Бу минтақанинг умумий ялпи ички маҳсулотини 11 фоизгача қисқартириши, йиллик иқтисодий зарар эса 2 миллиард долларга етиши мумкин.
Марказий Осиё халқаро институти директори Жавлон Ваҳобовнинг айтишича, 2040 йилга бориб минтақанинг айрим давлатларида сувга бўлган эҳтиёж уч баробаргача ортиши мумкин.
Сувнинг асосий қисми далаларга кетади
Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти кафедра мудири Илҳом Бегматов муаммонинг асосий сабабларидан бири иқлим исиши эканини таъкидлади.
Унинг маълум қилишича, сўнгги 100 йилда ҳаво ҳарорати ўртача 1,5 даражага кўтарилган. Бу музликларнинг тез эриши, ёғингарчиликнинг камайиши ва сув захираларининг қисқаришига олиб келмоқда.
Ўзбекистонда 4,3 миллион гектар суғориладиган ер мавжуд. Мамлакат ҳар йили 51–53 миллиард куб метр сув ишлатади ва унинг қарийб 91 фоизи қишлоқ хўжалигига йўналтирилади. Демак, сув камайишининг биринчи ва энг кучли таъсири далаларда сезилади.
Барқарор ҳосил олиш учун фермерларга сунъий суғориш зарур. Аммо сув оқимининг қисқариши пахта, ғалла, мева-сабзавот ва бошқа экинларни етиштириш харажатларини ошириши мумкин.
Музликлар тикланишга улгурмаяпти
Ўзбекистондаги "Сувчи" жамоат бирлашмаси раҳбари Тоҳир Мажитовнинг айтишича, илгари музликлар эриганидан кейин табиий равишда қайта тўлиб борган. Бироқ сўнгги ўн йилда бу мувозанат бузилган.
У келтирган тадқиқотларга кўра, Марказий Осиёдаги энг йирик Федченко музлигининг қарийб 40 фоизи эриб бўлган. 1990–2005 йилларда музлик сатҳи 50 метрга пасайган. Қирғизистондаги музликларнинг ҳам 30 фоиздан ортиғи йўқолган.
Минтақадаги музликларнинг 45 фоизи Қирғизистон ҳудудида жойлашган. Уларнинг тез эриши дастлаб дарёларда сув кўпайгандек тасаввур уйғотиши мумкин, аммо узоқ муддатда сув оқими пасайиб, сел ва қурғоқчилик хавфи ортиб боради.
2030 йилда ичимлик суви танқислиги кучайиши мумкин
Ўзбекистон Ирригация ва сув муаммолари илмий-тадқиқот институти катта илмий ходими Андрей Петров 2030 йилга бориб Марказий Осиё давлатлари жиддий ичимлик суви танқислигига дуч келиши мумкинлигидан огоҳлантирди.
Муаммо айрим ҳудудларда аллақачон сезиларли. Оролни қутқариш халқаро жамғармаси лойиҳаларини амалга ошириш агентлигининг Ўзбекистондаги раҳбари Вадим Соколовнинг айтишича, мамлакатнинг кўплаб ҳудудларида ерости суви захиралари чекланган. .
Хусусан, Қорақалпоғистон ва Хоразм вилоятида ичимлик сувининг 80 фоиздан ортиғи ер усти манбаларидан олинади. Дарёлардаги сув камайиши бу ҳудудларда аҳолини барқарор ичимлик суви билан таъминлашни қийинлаштириши мумкин.
Соколов 2000–2001 йиллардаги сув танқислиги даврини эслатди. Ўша пайтда минтақа давлатлари катта иқтисодий зарар кўрган, энг кучли зарба эса қишлоқ хўжалигига тўғри келган.
Муаммони аҳоли сонининг тез ўсиши ҳам кучайтирмоқда. Мажитов келтирган маълумотларга кўра, 1991 йилда Марказий Осиёда 45 миллиондан ортиқ одам яшаган бўлса, ҳозир аҳоли сони 85 миллиондан ошган. Шу даврда суғориладиган ерлар 6 миллион гектардан 10 миллион гектардан зиёдга кўпайган.
Ўзбекистон сув олишни 10 миллиард куб метрга камайтирди
Сув танқислигини юмшатиш учун Ўзбекистон томчилатиб ва ёмғирлатиб суғориш, ерларни лазер ёрдамида текислаш каби сув тежовчи технологияларни кенг жорий этмоқда.
Соколовнинг маълум қилишича, ана шу чоралар натижасида Ўзбекистон сўнгги беш йилда сув олиш ҳажмини 10 миллиард куб метрга ёки қарийб 25 фоизга камайтирган.
Ҳозир 4,3 миллион гектар суғориладиган ернинг 2,6 миллион гектарида сув тежовчи технологиялар жорий қилинган. 2028 йилгача бу кўрсаткични 3,5 миллион гектарга етказиш режалаштирилган. Шунда мамлакатдаги суғориладиган ерларнинг 80 фоизи янги технологиялар билан қамраб олинади.
Сирдарёда сув ҳисоби автоматлаштирилади
Ўзбекистон ва Қозоғистон Сирдарё бўйлаб сув сарфини аниқ ҳисоблаш учун 10 та муҳим нуқтани танлаб олган. Уларнинг бештаси Қозоғистонда, қолган бештаси Ўзбекистон ҳудудида жойлашган.
Бу жойларда сув миқдорини автоматик ўлчаш ва мониторинг қилиш тизимлари ўрнатилади. Икки давлат ўртасида онлайн маълумот алмашиш, давлатлараро сув иншоотларини модернизация қилиш ва трансчегаравий объектларни биргаликда бошқариш ҳам режалаштирилган.
Ўзбекистон сув хўжалиги вазири Шавкат Ҳамроевнинг айтишича, томонлар сув қайси каналлар орқали ва қандай ҳажмда олиниши ҳамда узатилишини аниқ келишиб олган.
Қозоғистон эса 14,5 минг километр ирригация тармоғини таъмирлашни режалаштирган. Бу сув сарфини 20 фоизгача камайтириши мумкин. Мамлакат 2030 йилгача 1,3 миллион гектар ерда сув тежовчи технологияларни жорий этиш ва тозаланган сувни қайта ишлатиш улушини 13 фоиздан 28 фоизга оширишни мақсад қилган.
Экспертлар "Орол қўмитаси"ни тузишни таклиф қилмоқда
Тоҳир Мажитовнинг ҳисоб-китобига кўра, сувдан самарали фойдаланилса, Марказий Осиё давлатлари суғориладиган ерлар майдонини яна 2–3 миллион гектарга ошириши ва 100 миллионгача аҳолини зарур ресурслар билан таъминлаши мумкин.
Бунинг учун давлатлар ўртасида сув дипломатиясини ривожлантириш ва сувни адолатли тақсимлашни мувофиқлаштирувчи минтақавий тузилма керак.
Мажитов шу мақсадда барча Марказий Осиё давлатлари иштирокида "Орол қўмитаси"ни ташкил этишни таклиф қилди. Унинг фикрича, бундай тузилма сувдан самарали фойдаланиш ва минтақанинг озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга ёрдам бериши мумкин.
Сирдарё, архив сурат - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 11.07.2026
Ўзбекистон ва Қозоғистон трансчегаравий сувларни биргаликда бошқаради
Янгиликлар лентаси
0