Тошкентдаги Рус уйи талабалар учун сап-сузиш тадбирини ташкил қилди

Oбуна бўлиш
Эксклюзив
Саплар, гўзал Анҳор канали, янги танишувлар ва ёввойи ўрдаклар — Тошкентдаги Рус уйи талабалар учун яна бир бор ёзги сузиш тадбирини ташкил этди.
Сапларда сузиш талабалар учун яхши анъанага айланиб бормоқда. Ўзбекистондаги Россотрудничество ваколатхонаси “SUP GO UZ” сап-сёрфинг клуби билан ҳамкорликда бундай тадбирни икки йилдан бери ўтказиб келмоқда.
8 июль куни Анҳор канали бўйига Ўзбекистон олийгоҳлари талабалари, шунингдек, Россия ҳукумати квотаси асосида Россия ОТМларида таҳсил олаётган 40 нафардан ортиқ йигит-қиз йиғилди.
Сап-сузиш Япон боғи яқинидаги Анҳор канали бўйлаб ташкил этилди. Иштирокчиларга сап-тахталар, қутқарув нимчалари, эшкаклар ва рамзий кепкалар шу ернинг ўзида тарқатилди.
Старт олдидан тажрибали йўриқчилар сап-тахтада қандай тўғри туриш, хавфсизлик қоидаларига амал қилиш ва сузишдан завқ олиш учун тахтани қандай бошқариш кераклигини тушунтириб беришди.
Иштирокчиларни 2,5 километрлик масофа: “Моржклуб” спорт клубидан бошлаб, Минор масжиди бўйлаб, кўприк остидан ўтиб, Япон боғигача ва ортга қайтиш кутаётган эди.
Масофанинг биринчи қисми бироз қийин кечди: талабалар оқимга қарши сузишди, йўлда эса кичик гирдоблар ҳам учради. Қайтиш йўли анча енгил ва мароқли бўлди — иштирокчилар оқим ёрдамида сузиб, шаҳар манзаралари ва канал бўйидаги ёввойи ўрдаклардан завқланишди.
Тадбир иштирокчилари орасида сап-сузиш билан аввалдан таниш бўлганлар ҳам, сап-тахтага илк бор чиққанлар ҳам бор эди. Мураббийлар бутун йўналиш давомида талабаларни кузатиб, зарур пайтда уларга ёрдам бериб туришди.
Сузиш давомида талабалар бир-бири билан танишишга, суратга тушишга ва сапда илк бор турган иштирокчиларни қўллаб-қувватлашга ҳам улгуришди.
Қирғоққа қайтгач, кўпчилик ташкилотчиларга миннатдорлик билдириб, ўз таассуротлари билан ўртоқлашди.
“Ана шундай самимий лаҳзаларда ишингни бежизга қилмаётганингни англаб етасан”, — деди Тошкентдаги Рус уйи вакили.
Сузиш жараёнидаги муҳит — Sputnik Ўзбекистон видеосида.
Состоялся студенческий форум Эра новых инициатив - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 20.05.2026
“Янги ташаббуслар даври” талабалар форуми бўлиб ўтди
Янгиликлар лентаси
0