Самарқанд “яшил шаҳар”га айлантирилади — президентга лойиҳа тақдим этилди

© Sputnik / Сергей Гунеев / Медиабанкка ўтишВид на город Самарканд
Вид на город Самарканд - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 07.07.2026
Oбуна бўлиш
Лойиҳа доирасида шаҳарда транспорт, қурилиш, саноат, чиқиндилар ва яшил инфратузилма бўйича янги экологик талаблар жорий этилади.
ТОШКЕНТ, 7 июл — Sputnik. Президент Шавкат Мирзиёев чўлланишга қарши курашиш ва шаҳарларда “яшил шаҳар” тамойилларини жорий этиш бўйича таклифлар тақдимоти билан танишди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.
Самарқандни Марказий Осиёда экологик барқарор, иқлимга мослашган ва замонавий “яшил шаҳар” намунасига айлантириш режалаштирилмоқда. Шу мақсадда “Green Samarkand” модели ишлаб чиқилди.
Модель доирасида 2030 йилга қадар:
атмосферага 51,2 минг тонна зарарли ташламалар чиқишининг олдини олиш;
PM2.5 ва PM10 заррачаларини 50 фоизга камайтириш;
қурилиш объектларидан чиқадиган чангни 80 фоизга қисқартириш;
транспорт чиқиндиларини 50 фоизга камайтириш;
чиқинди полигонлари ҳажмини 2 баробар қисқартириш;
яшил ҳудудлар улушини ўртача 30 фоизга етказиш кўзда тутилган.
Лойиҳани мувофиқлаштириш учун Самарқанд вилояти ҳокимлиги ва Экология қўмитаси иштирокида “Яшил Самарқанд” лойиҳа офиси ташкил этилади.
Шаҳарда махсус экологик-шаҳарсозлик режими жорий қилиниб, янги ва реконструкция қилинадиган объектлар учун “яшил қурилиш” талаблари мажбурий бўлади.
Транспорт соҳасида 50 та электробус харид қилиш, 150 та светофор ўрнатиш, 2030 йилгача жамоат транспорти ва таксиларни электр транспортига ўтказиш режалаштирилган. Шунингдек, “Park & Ride” тизими ва пиёдалар учун яшил туристик ҳудудлар жорий этилади, марказга шахсий автотранспорт кириши босқичма-босқич камайтирилади.
Сув ва яшил инфратузилма учун Самарқанд шаҳрида камида 4 та, туман марказларида эса камида биттадан сунъий кўл ва сув ҳавзалари ташкил этилади. Шаҳарда 10 та фаввора қурилади, 319 километр ариқлар тизими тикланади.
Янги катта ҳалқа йўли бўйлаб 102,7 километрлик, 3532 гектар майдонда “яшил белбоғ” барпо этилади.
Лойиҳа доирасида “Яшил Самарқанд” бренди, “Green Hotels Samarkand” рейтинги, шаҳар биохилма-хиллиги индекси ва кўнгиллилар дастури ҳам амалга оширилади.
Президент таклифларни маъқуллаб, мутасаддиларга тегишли топшириқлар берди.
Президент Шавкат Мирзиёев ознакомился с презентацией предложений по борьбе с опустыниванием - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 06.07.2026
Чўлланишга қарши қандай чоралар режалаштирилмоқда — президент тақдимот билан танишди
Янгиликлар лентаси
0