Ўзбекистонда хорижликларга автомобил бошқариш учун электрон ишончнома берилиши мумкин

© Sputnik / Бахром ХатамовАвтосалон в Ташкенте
Автосалон в Ташкенте - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 30.06.2026
Oбуна бўлиш
Ўзбекистонда туристлар учун автомобиль ижараси хизматларини қулайлаштириш, жарималар ҳисобини рақамлаштириш ва суғурта механизмларини такомиллаштириш режалаштирилмоқда
ТОШКЕНТ, 30 июн — Sputnik. Ўзбекистонда туристлар учун янада қулай ва хавфсиз муҳит яратиш мақсадида автомобиль ижараси — Rent Car хизматларини ривожлантириш бўйича очиқ мулоқот ўтказилди. Бу ҳақда Туризм қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.
Мулоқот Туризм қўмитаси раиси Абдулазиз Аққулов раҳбарлигида ташкил этилди. Унда Рақамли технологиялар вазирлиги, Божхона қўмитаси, суғурта ташкилотлари масъуллари, шунингдек, автомобиль ижараси хизматларини кўрсатувчи компаниялар вакиллари иштирок этди.
Учрашувда Ўзбекистонда туристлар учун автомобиль ижараси хизматларини ривожлантириш, соҳадаги мавжуд муаммоларни бартараф этиш ва хизматлар сифатини ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Хусусан, ижарага берилган автомобиллар бўйича жарималар ва ҳуқуқбузарликларни ҳисобга олиш тизимини такомиллаштириш, давлат органлари ўртасида рақамли маълумот алмашинувини кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.
Шунингдек, хорижий фуқаролар учун транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқини берувчи ишончномаларни электрон шаклда расмийлаштириш таклифи муҳокама қилинди.
Электромобиллар учун қувватлаш инфратузилмасида халқаро тўлов тизимларини жорий этиш, автомобиль ижараси компаниялари учун махсус суғурта маҳсулотларини ишлаб чиқиш ҳам устувор масалалар қаторида қайд этилди.
Бундан ташқари, автопаркларни замонавий ва экологик тоза транспорт воситалари билан кенгайтириш, соҳа учун имтиёзли молиялаштириш механизмларини йўлга қўйиш таклиф этилди.
Туристик ҳудудларда автокемпинглар, кемперлар учун махсус тўхташ ва сервис нуқталарини ташкил этиш масаласи ҳам муҳокама қилинди.
Туристическая Бухара - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 14.06.2026
Хорижий сайёҳлар учун субсидия тўланади
Янгиликлар лентаси
0