Фурқат Эсонбоев Ўзбекистоннинг ЖЧдаги иштироки ҳақида фикр билдирди

© Sputnik
Oбуна бўлиш
Эксклюзив
Фурқат Эсонбоев Ўзбекистон терма жамоасининг ЖЧдаги иштироки натижадан қатъи назар, миллий футбол учун муҳим босқич бўлганини таъкидлади
ТОШКЕНТ, 30 июн — Sputnik. Ўзбекистон терма жамоасининг Жаҳон чемпионатидаги иштироки натижадан қатъи назар, миллий футбол учун катта тажриба ва муҳим дарс бўлди. Бу ҳақда собиқ футболчи ва мураббий Фурқат Эсонбоев Sputnik Ўзбекистон мухбирига берган интервьюсида маълум қилди.
Фурқат Эсонбоев футболчилик фаолияти давомида “Пахтакор”, “Сўғдиёна”, “Андижон” ва “МҲСК” жамоаларида тўп сурган.
"Албатта, бу — илк иштирок эди. Жамоа дунёнинг энг кучли рақибларига қарши майдонга тушди. Футболчиларимиз ҳали ёш, айрим ўйинларда тажриба етишмаслиги сезилди”, — деди Фурқат Эсонбоев.
Унинг таъкидлашича, юқори даражадаги ўйинларда футболчилардан нафақат жисмоний тайёргарлик, балки вазиятни тез ва тўғри баҳолаш қобилияти ҳам талаб этилади.
“Ўйин давомида футболчидан талаб этиладиган энг муҳим жиҳатлардан бири — вазиятни тўғри баҳолай олишдир. Рақиб қаршисида жамоа аъзолари бир-бирини сўзсиз тушуниши, имо-ишоралар орқали ҳам фикрларини англай олиши керак. Шунингдек, ўйинчилардан тезкорлик, чаққонлик ва айёрлик талаб этилади”, — деди у.
Эсонбоев Жаҳон чемпионатидаги ўйинларда рақиблар жуда кучли бўлганини, Ўзбекистон терма жамоаси айрим ҳолатларда жисмоний тайёргарлик борасида қийналганини қайд этди.
“Менимча, бўлиб ўтган ўйинларда рақибларга қарши жисмоний тайёргарлик борасида бироз қийналдик. Рақиблар жуда кучли эди. Шунга қарамай, футболчиларимиз охиригача курашди. Айниқса, Файзуллаев ва Шомуродовнинг ўйин майдонида кўрсатган фидойилигини алоҳида таъкидлаш лозим, деб ўйлайман. Улар жон-жаҳдлари билан ҳаракат қилишди”, — деди собиқ футболчи.
Унинг сўзларига кўра, футболда ҳар бир майда деталь натижага таъсир қилиши мумкин.
“Футбол — жуда машаққатли спорт тури. Унда ҳар бир майда жиҳат катта аҳамиятга эга. Бир сониялик чалғиш ёки кичик хатонинг ўзи ҳам ғалабага тўсқинлик қилиши мумкин”, — деди Эсонбоев.
Собиқ футболчи Жаҳон чемпионати Ўзбекистон футболи учун қайси йўналишларда кўпроқ ишлаш кераклигини кўрсатиб берганини таъкидлади.
“Бу турнир бизга қайси йўналишларда янада кўпроқ ишлаш кераклигини яққол кўрсатиб берди. Энг муҳими, футболчилар ва мураббийлар Жаҳон чемпионати муҳитини ҳис қилди, ўз қобилиятларини намоён этиш имкониятига эга бўлди”, — деди Эсонбоев.
Унинг фикрича, кейинги босқичда болалар футболи, академиялар ва мураббийлар тайёрлаш тизимига эътиборни янада кучайтириш зарур.
“Агар бу йўналишларга инвестициялар давом этса, тизимдаги камчиликлар бартараф этилса ҳамда ёш футболчиларга моддий ва маънавий жиҳатдан етарли кўмак кўрсатилса, Ўзбекистон терма жамоаси келгуси халқаро мусобақаларда янада рақобатбардош жамоага айланиши шубҳасиз”, — деди собиқ футболчи.
