Аҳолининг ярмидан кўпи ишончсизлик билдирса, профилактика инспектори аттестацияга қўйилади

© Sputnik/Abdubakir YunusovНашивка Министерство внутренних дел Узбекистана
Нашивка Министерство внутренних дел Узбекистана - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 29.06.2026
Oбуна бўлиш
Профилактика инспектори мақоми тўғрисидаги қонун лойиҳасида уларнинг янги ваколат ва мажбуриятлари ҳамда аҳоли олдидаги ҳисобдорлиги белгиланмоқда.
ТОШКЕНТ, 29 июн — Sputnik. Президент Шавкат Мирзиёев профилактика инспекторлари ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш фаолиятини такомиллаштириш юзасидан таклифлар тақдимоти билан танишди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.
Тақдимотда жиноятчиликни баҳолашда фақат статистик кўрсаткичларга таяниш етарли эмаслиги қайд этилди. Криминоген вазиятни баҳолашда аҳоли ишончи, ҳуқуқбузарликларнинг қайта содир этилиши, хавф гуруҳидаги шахслар билан ишлаш натижадорлиги асосий мезонлардан бўлиши зарурлиги таъкидланди.
Жамоат хавфсизлиги бўлинмалари фаолиятини “аҳолига хизмат кўрсатувчи тизим” тамойили асосида баҳолаш таклиф қилинмоқда. Бунинг учун йўл-патруль, патруль-пост ва қўриқлаш хизматлари фаолиятини ўзаро уйғунлаштириш режалаштирилган.
Жумладан:
йўл ҳаракати хавфсизлиги бўйича айрим функциялар патруль-пост ва қўриқлаш хизматларига берилиши;
жамоат тартибини сақлашдаги баъзи ваколатлар йўл-патруль хизматига ўтказилиши;
аҳоли мурожаатларига тезкор муносабат билдириш ягона тизимга бирлаштирилиши;
хавф гуруҳига кирувчи шахслар билан манзилли ишлаш кучайтирилиши кўзда тутилмоқда.
Тақдимотда профилактика инспекторларига хос бўлмаган 50 га яқин қўшимча вазифа юклатилгани ҳам қайд этилди. Шу муносабат билан “Ички ишлар органлари профилактика инспекторининг мақоми тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилган.
Лойиҳада профилактика инспекторининг ҳуқуқий мақоми, вазифалари, ҳуқуқлари, мажбуриятлари, касбий фаолият кафолатлари, ижтимоий-ҳуқуқий ҳимояси, рағбатлантириш ва жавобгарлик чоралари аниқ белгиланиши назарда тутилган.
Қонун лойиҳасига кўра, профилактика инспекторининг асосий мақсади аҳоли ишончининг юқори даражасига эришиш ва хизмат ҳудудида жиноятчиликни жиловлашдан иборат бўлади. У хизмат ҳудудида терговга қадар текширув ва профилактикани амалга оширувчи мансабдор шахс ҳисобланади.
Профилактика инспекторига фақат қонун билан белгиланган вазифалар юкланади. Унинг касбий фаолиятига аралашиш, унга тааллуқли бўлмаган топшириқлар ва асоссиз юкламалар бериш тақиқланади.
Инспекторга қуйидаги ҳуқуқлар берилиши режалаштирилган:
давлат органларининг ахборот тизимларидан бепул фойдаланиш;
ҳуқуқбузарликлар профилактикаси турини мустақил танлаш;
мажбурий профилактик кўрсатмалар бериш;
тақдимнома киритиш ва унинг ижросини талаб қилиш;
ваколати доирасида тегишли ҳужжатларни расмийлаштириш.
Шу билан бирга, профилактика инспектори фуқароларнинг ҳуқуқбузарликлар ҳақидаги мурожаатларини қабул қилиши, уларга тезкор муносабат билдириши, ҳуқуқбузарлик содир этилган жойга дарҳол етиб бориши ва жабрланганларга биринчи тиббий ёки бошқа зарур ёрдам кўрсатиши шарт бўлади.
Шунингдек, ҳокимликларга профилактика инспекторларини хизмат хонаси ва уй-жой билан таъминлаш мажбурияти юклатилиши, уларнинг фаолиятига тўсқинлик қилганлик учун маъмурий жавобгарлик белгиланиши режалаштирилмоқда.
Профилактика инспекторларига 18 та модда бўйича маъмурий огоҳлантириш жазосини қўллаш имконияти яратилади.
Инспекторнинг аҳоли олдида ҳисобдорлиги кучайтирилади. У хизмат ҳудудида хавфсиз муҳитни яратиш бўйича ҳар чоракда ҳисобот бериб боради.
Агар аҳолининг 50 фоизидан кўпи унинг фаолиятига ишончсизлик билдирса, профилактика инспектори аттестацияга қўйилади ва лавозимига лойиқлиги кўриб чиқилади.
Президент таклифларни маъқуллаб, мутасаддиларга тегишли топшириқлар берди.
Президент озвучил меры по поддержке инспекторов профилактики и сокращению текучести кадров - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 27.01.2026
Президент профилактика инспекторлари ва тергов тизими бўйича чораларни маълум қилди
Янгиликлар лентаси
0