ШҲТ давлатлари 10 йилда 2 трлн доллардан ортиқ сармоя жалб қилди
ШҲТ давлатлари 10 йилда 2 трлн доллардан ортиқ сармоя жалб қилди
Sputnik Ўзбекистон
Бишкекдаги ШҲТ инвестиция форумида Россия иқтисодий ривожланиш вазири ўринбосари Владимир Иличев ташкилот мамлакатлари ўртасидаги ҳамкорлик оддий савдодан қўшма ишлаб чиқариш ва ўзаро сармоя киритиш моделига ўтаётганини таъкидлади
Минтақанинг жаҳон тўғридан-тўғри инвестицияларидаги улуши қарийб 20 фоизга етди
ТОШКЕНТ, 24 июн — Sputnik. Сўнгги 10 йил ичида Шанхай ҳамкорлик давлатлари (ШҲТ) давлатлари биргаликда 2 трлн доллардан ортиқ сармоя жалб қилди. Бу ҳақда Россия иқтисодий ривожланиш вазири ўринбосари Владимир Ильичев Бишкекда бўлиб ўтаётган ШҲТ инвестиция форумида маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, ташкилот мамлакатларига тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар оқими жаҳон кўрсаткичининг қарийб 20 фоизини ташкил этмоқда.
“Бу рақамлар ортида ҳамкорлик моделининг сифат жиҳатидан ўзгариши турибди. Россия ва ШҲТ мамлакатлари ўртасидаги миллий валюталарда ҳисоб-китоблар улуши аллақачон 92 фоиздан ошди”, — деди Ильичев.
Маълумот учун, ШҲТ инвестиция ва бизнес-форуми 24–25 июнь кунлари Бишкекда ўтказилмоқда. У Қирғизистоннинг ШҲТдаги раислиги доирасидаги халқаро майдон сифатида ташкил этилган. Форумда ШҲТ давлатлари делегациялари, бизнес ва инвесторлар иштирок этмоқда.