Паллиатив ва хоспис ёрдамини кўрсатишнинг ягона тизими жорий этилади

© Sputnik / Дмитрий МарковХоспис. архивное фото
Хоспис. архивное фото - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 12.06.2026
Oбуна бўлиш
Стационар шароитдаги паллиатив ёрдам давлат ва нодавлат тиббиёт ташкилотлари ҳамда хоспислар томонидан кўрсатилади.
ТОШКЕНТ, 12 июн — Sputnik. 2026 йил 1 сентябрдан Ўзбекистонда паллиатив ва хоспис ёрдамини кўрсатишнинг ягона тизими тиббий ва ижтимоий хизматлар интеграцияси асосида ташкил этилади. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.
Президент Шавкат Мирзиёев онкологик ва гематологик тиббий ёрдам ва паллиатив хизмат кўрсатиш тизимини такомиллаштириш таклифлари тақдимоти билан танишди.
Маълум қилинишича, 2030 йилга қадар аҳолига бундай ёрдам кўрсатиш қамровини камида 80 фоизга етказиш режалаштирилган.
Шу боис ягона тизим ташкил этилади. Паллиатив ёрдамга муҳтож шахсларни аниқлаш, йўллаш, ҳисобга олиш ва уларга хизмат кўрсатиш жараёнлари электрон ахборот тизими орқали амалга оширилади.
Мобил паллиатив бригадалар фаолияти йўлга қўйилиб, уй шароитида тиббий ва ижтимоий хизматлар кўрсатиш таъминланади. Стационар шароитдаги паллиатив ёрдам давлат ва нодавлат тиббиёт ташкилотлари ҳамда хоспислар томонидан кўрсатилади.
Аҳолининг эҳтиёжларидан келиб чиқиб, барча ҳудудларда хоспис муассасалари босқичма-босқич ташкил қилинади. Тошкент шаҳар ҳудудлараро хосписи паллиатив ва хоспис ёрдамини методологик бошқариш, ҳудудларда мазкур хизматни ташкил этишга кўмаклашиш бўйича масъул муассаса этиб белгиланади.
Дастлаб Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек туманида онкологик касаллиги сабабли паллиатив ва хоспис ёрдамига муҳтож беморларга хизмат кўрсатувчи мобил паллиатив бригадалар ташкил этилади.
Самарқанд вилоятида оғир ва даволаб бўлмайдиган касалликларга чалинган болалар учун хоспис шаклида паллиатив ёрдам кўрсатиш марказининг фаолияти йўлга қўйилади.
Паллиатив ва хоспис ёрдамига муҳтожлиги электрон ахборот тизимида қайд этилган беморларга тиббий-ижтимоий экспертиза комиссияси томонидан қўшимча тиббий текширув ва кўрикларсиз ногиронлик белгиланади. Уй шароитида парваришга муҳтож беморлар функционал кроват ва махсус матраслар билан ваучер тизими асосида таъминланади.
Шунингдек, маҳалла даражасида паллиатив ёрдам кўрсатиш, уй шароитида қараб туриш ва парвариш хизматларидан фойдаланиш имкониятини яратиш, беморларнинг оила аъзолари учун “Оилани қўллаб-қувватлаш” хизматини йўлга қўйиш кўзда тутилган.
Ўзбекистонда шифокорлар беморларга бахтли болаликни қандай қайтаришяпти - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 27.08.2025
Оқ халатли сеҳргарлар: шифокорлар беморларга бахтли болаликни қандай қайтаришяпти
Янгиликлар лентаси
0