ТХИФ-2026 да қарийб 3,1 минг нафар хорижий меҳмон қатнашиши кутилмоқда

© Sputnik / Рамиз БахтияровТашкентский международный инвестиционный форум
Ташкентский международный инвестиционный форум - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 10.06.2026
Oбуна бўлиш
Бешинчи Тошкент халқаро инвестиция форуми 16-18 июнь кунлари бўлиб ўтади.
ТОШКЕНТ, 10 июн — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевга навбатдаги Тошкент халқаро инвестиция форумига (ТХИФ) тайёргарлик юзасидан ахборот берилди.
Давлат раҳбари матбуот хизмати хабарига кўра, 2022 йилда илк бор ўтказилган форумда 56 та мамлакатдан 1 мингдан зиёд хорижий меҳмон иштирок этган эди.
“Бу йил 16-18 июнь кунлари бўлиб ўтадиган бешинчи Тошкент халқаро инвестиция форумида 99 та мамлакатдан жами 8 мингдан зиёд иштирокчи, жумладан, қарийб 3,1 минг нафар хорижий меҳмон қатнашиши кутилмоқда”, - дейилган хабарда.
Тадбирга таклиф этилганлар орасида хорижий давлатлар ҳукуматлари раҳбарлари ва вакиллари, нуфузли халқаро молия институтлари, йирик компаниялар, инвестиция жамғармалари ва ишбилармон доиралар раҳбарлари бор.
Тақдимотда форум ва унинг доирасида ўтказиладиган тадбирлар дастури ҳақида маълумот берилди. Хусусан, ялпи мажлис, икки томонлама учрашувлар, тармоқ ва ҳудудлар тақдимотлари, инвестиция келишувларини имзолаш маросимлари ҳамда ишбилармонлар мулоқотлари ўтказилади.
Ўзбекистоннинг инвестиция салоҳиятини намойиш этиш кўргазмасида қишлоқ хўжалиги, енгил саноат, геология, электротехника саноати, машинасозлик, кимё саноати, энергетика, сунъий интеллект ва ахборот технологиялари тармоқларининг имкониятлари тақдим этилиши режалаштирилган.
Форум доирасида Мирзиёев ҳузуридаги Хорижий инвесторлар кенгашининг навбатдаги ялпи мажлиси ҳам бўлиб ўтади.
Жорий йилги форумда ҳам инвестиция келишувларининг йирик тўпламини имзолаш режалаштирилган.
Ишлаб чиқилаётган келишувлар кимё саноати, геология ва металлургия, енгил саноат, электротехника ва машинасозлик, фармацевтика, қишлоқ хўжалиги, қурилиш материаллари, энергетика ва экология, рақамли технологиялар, қурилиш ва инфратузилма, банк-молия, транспорт-логистика, туризм ҳамда таълим каби муҳим йўналишларни қамраб олади.
Таъкидланишича, мазкур лойиҳаларнинг амалга оширилиши янги иш ўринлари яратиш, юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқариш, экспорт салоҳиятини ошириш, инфратузилмани модернизация қилиш ва ҳудудларнинг инвестициявий жозибадорлигини кучайтиришга хизмат қилади.
Давлати раҳбари форумни юқори ташкилий даражада ўтказиш, ҳар бир тармоқ ва ҳудуднинг инвестициявий салоҳиятини аниқ лойиҳалар орқали намоён этиш муҳимлигини таъкидлади.
Шавкат Мирзиёев - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 05.06.2026
Мирзиёев хорижий инвесторларни Ўзбекистонда янги саноат занжирларини яратишга чорлади
Янгиликлар лентаси
0