Фабио Каннаваро: ғалаба учун бор кучимизни берамиз, охирги сониягача курашамиз

© Foto : Федерация футбола Узбекистана Наставник сборной Узбекистана Фабио Каннаваро
Наставник сборной Узбекистана  Фабио Каннаваро - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 10.06.2026
Oбуна бўлиш
Ўзбекистон ўз тарихида илк бор футбол бўйича жаҳон чемпионатида иштирок этмоқда. Мундиалда "оқ бўрилар" Португалия, Колумбия ва Конго ДР терма жамоаларига қарши ўйнайди.
ТОШКЕНТ, 10 июн — Sputnik. Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Фабио Каннаваро жаҳон чемпионати ва унга тайёргарлик ҳақида ўз фикрларини билдирди.
У жаҳон чемпионатида иштирок этиш ҳар бир кишининг энг катта орзуларидан бири эканини қайд этди.
"Албатта, бу ажойиб туйғу. Жаҳон чемпионатида иштирок этиш ҳар бир инсоннинг орзуси. Ниҳоят, биз Атлантадамиз. Машғулотларни бошлашни, ўйин ўтказишни ва бу жараёндан завқланишни сабрсизлик билан кутяпман", — деди Каннаваро.
Бош мураббий мусобақага тайёргарлик жараёни осон кечмаганини, бироқ жамоа муҳим баҳсларга максимал даражада тайёр бўлиш учун бор имкониятини ишга солганини урғулади.
"Одатда жаҳон чемпионатига тайёргарлик кўриш осон бўлмайди. Турли кичик муаммолар бўлади, лекин биз имкон қадар энг яхши ҳолатда бўлишга ҳаракат қилдик. Биринчи ўйин жуда яқин ва унга тайёр бўлиш учун қўлимиздан келган барча ишни қиляпмиз", — деди у.
Фабио Каннаваро миллий терма жамоа ғалаба учун майдонда бор кучини беришга ишонтирди.

“Ўзбекистонликларга шуни айтишим мумкинки, биз қўлимиздан келган барча ишни қиламиз. Майдонда бор кучимизни берамиз, охирги сониягача курашамиз. Чунки биз дунёнинг қаерида бўлишидан қатъи назар, барча ўзбекистонликларнинг биздан фахрланишини истаймиз", — дея таъкидлади терма жамоа бош мураббийи.

Футбол бўйича жаҳон чемпионати 11 июнь куни бошланади ва 19 июлгача давом этади. Ўйинлар Қўшма Штатлар, Мексика ва Канадада ўтказилади. Ўзбекистон ЖЧ-2026 нинг K гуруҳидан ўрин олган. Рақиблар — Португалия, Колумбия ва Конго.
Ўзбекистон илк учрашувини 17 июнь куни Мехикода Колумбияга қарши ўтказади, 23 июнь куни Хьюстонда Португалия билан, 27 июнь куни эса Атлантада Конго ДР билан майдонга тушади. Бу Ўзбекистон тарихидаги илк жаҳон чемпионати бўлади.
Заглушка - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 01.06.2026
Ўзбекистон терма жамоасининг ЖЧ-2026 даги ўйинлари тақвими
Янгиликлар лентаси
0