Бортников: МДҲдан чиққан жангарилар ўз мамлакатларида фаоллаштирилиши мумкин

© © Sputnik / Эмиль Садыровграница
граница - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 26.05.2026
Oбуна бўлиш
Россия ФХХ директори Яқин Шарқдаги террорчилик хавфлари МДҲ ва Марказий Осиё хавфсизлигига бевосита таъсир қилиши мумкинлигини айтди.
ТОШКЕНТ, 26 май — Sputnik. Россия ФХХ директори Александр Бортников МДҲ ташқи чегаралари ва Ҳамдўстлик ичида хавфсизлик вазияти мураккаблигича қолаётганини айтди.
Унинг айтишича, халқаро терроризм, сиёсий ва диний экстремизм, уюшган жиноятчилик, наркотрафик, киберҳужумлар ва ахборот уруши каби таҳдидлар бир вақтнинг ўзида кучаймоқда.
Бортников бу ҳақда Иркутск вилоятида ўтаётган МДҲ давлатлари хавфсизлик органлари ва махсус хизматлари раҳбарлари кенгашининг 58-йиғилишида гапирди.
ФХХ директори Яқин Шарқдаги вазият МДҲ хавфсизлигига бевосита таъсир қилиши мумкинлигини таъкидлади.
Унинг сўзларига кўра, Исроилнинг Фаластинга қарши ҳаракатлари ортидан мусулмонлар орасида юзага келган норозилик кайфиятидан террорчилик тузилмалари фойдаланишга уринган. МДҲ махсус хизматлари бундай бир қатор ҳолатларга тезкор равишда чек қўйган.
Бортников Эрон атрофидаги кескинлик ҳам хавфларни ошираётганини қайд этди. Унинг фикрича, можарога янги томонларнинг жалб қилиниши динлараро ва миллатлараро муносабатларга салбий таъсир кўрсатиши, бутун ислом оламида беқарорлик хавфини кучайтириши мумкин.
ФХХ директори, шунингдек, Ғарб махсус хизматлари Суриядан келган жангари-террорчилардан Эронга қарши прокси куч сифатида фойдаланишга уринаётганини айтди. Унинг маълумотларига кўра, улар орасида аввал ИШИД* ва бошқа террорчилик гуруҳлари сафида жанг қилган, Сурия қамоқхоналарида сақланган МДҲ фуқаролари ҳам бўлиши мумкин.
Бортниковнинг таъкидлашича, бундай шахслар Ироқдаги махсус лагерларга юборилмоқда. Улардан нафақат Яқин Шарқда, балки кейинчалик ўзлари келган мамлакатларда ҳам фойдаланилиши эҳтимоли бор.
У Афғонистондаги вазиятга ҳам тўхталди. Бортниковга кўра, Толибон ҳукумати мамлакатни фуқаролар уруши ва ҳудудий парчаланишдан сақлаб қолишга ҳаракат қилмоқда, бироқ Покистон билан вақти-вақти билан авж олаётган тўқнашувлар афғон хавфсизлик кучлари ресурсларини ички таҳдидлардан чалғитмоқда.
ФХХ директори Афғонистондаги асосий хавфлар сифатида “Вилоят Хуросон”*, у билан боғлиқ жиҳодчи гуруҳлар ва Толибонга қарши қуролли мухолифат тузилмаларини тилга олди. Унинг фикрича, Ғарб кучлари ушбу минтақадан кейинчалик Марказий Осиё республикаларидаги вазиятга таъсир ўтказиш учун фойдаланишга уринмоқда.
* Россияда тақиқланган халқаро террорчилик ташкилотлари
Конференция РАТС ШОС - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 21.11.2025
Тошкентда “уч ёвуз” тарқалишининг олдини олиш йўллари муҳокама қилинди
Янгиликлар лентаси
0