Докторантлар стипендиясини ошириш ва илмий даража беришни рақамлаштириш таклиф этилди

© Пресс-служба президента УзбекистанаПрезидент ознакомился с презентацией предложений по подготовке научных кадров
Президент ознакомился с презентацией предложений по подготовке научных кадров - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 25.05.2026
Oбуна бўлиш
Шавкат Мирзиёев илмий кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш бўйича таклифлар билан танишди. Устувор йўналишларда докторантлар стипендиясини ошириш таклиф этилмоқда.
ТОШКЕНТ, 25 май — Sputnik. Президент Шавкат Мирзиёев илмий кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш ва илмий фаолият самарадорлигини оширишга қаратилган таклифлар тақдимоти билан танишди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.
Тақдимотда сунъий интеллект, қайта тикланувчи энергия, озиқ-овқат хавфсизлиги, тиббиёт, сув ресурслари, янги материаллар ва сейсмология каби устувор йўналишларда илмий изланувчиларни қўллаб-қувватлашнинг янги тизимини жорий этиш таклиф қилинди.
Хусусан, қуйидаги чоралар кўзда тутилмоқда:
устувор йўналишлардаги докторантлар стипендиясини 1,7 баробарга ошириш;
илмий тадқиқотлар учун зарур асбоб-ускуна ва реагентлар харидига ҳар йили қўшимча маблағ ажратиш;
муваффақиятли ҳимоя қилинган диссертациялар бўйича илмий раҳбарларни натижага қараб рағбатлантириш;
Олий аттестация комиссияси фаолиятини Фанлар академияси тизимида ташкил этиш;
илмий кенгашлар масъулиятини ошириш ва улар фаолиятини рейтинг асосида баҳолаш.
Тақдимотда илмий даража бериш жараёнларини тўлиқ рақамлаштириш масаласи ҳам кўриб чиқилди. Бу орқали диссертация ҳимоясидаги амалдаги тартиб-таомилларнинг 50 фоизини қисқартириш таклиф қилинмоқда.
Жумладан, кўп сонли ҳужжатларни чоп этиш, авторефератларни катта миқдорда тайёрлаш ва диссертацияларни такроран муҳокама қилиш билан боғлиқ ортиқча талабларни бекор қилиш режалаштирилган.
Илм-фан ва иқтисодиётнинг реал сектори ўртасидаги боғлиқликни кучайтириш учун “Лойиҳа доирасида илмий даража” ҳамда “Амалий докторантура” дастурларини йўлга қўйиш таклиф этилди.
Бу дастурлар орқали докторлик тадқиқотлари ишлаб чиқариш ва иқтисодиётнинг амалий эҳтиёжларидан келиб чиқиб шакллантирилади. Илмий изланишлар реал сектор корхоналари билан ҳамкорликда амалга оширилади.
Шунингдек, илмий лойиҳаларни молиялаштириш ва саралаш тизимини такомиллаштириш, жараёнга халқаро экспертларни жалб қилиш, лойиҳаларни баҳолашда рақамли технологиялардан фойдаланиш таклиф қилинди.
Олимларнинг илмий фаолиятини кузатиш учун ягона рақамли тизим жорий этилиши мумкин. Илмий этика стандартлари ва тадқиқот сифати устидан мониторинг механизмларини кучайтириш ҳам режалаштирилмоқда.
Хорижда фаолият юритаётган ватандош олимлар билан ҳамкорликни кенгайтириш масаласи ҳам муҳокама қилинди. Шу мақсадда Илм-фан маслаҳат кенгашини ташкил этиш таклиф этилди.
Давлат раҳбари мутасаддиларга тегишли топшириқлар берди.
Научная лаборатория - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 18.02.2026
Илмий тадқиқотлар учун ускуналар қандай харид қилинади: янги тартиб тасдиқланди
Янгиликлар лентаси
0