Россотрудничествонинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси 25 йиллигини нишонлади
18:16 24.05.2026 (янгиланди: 10:53 25.05.2026)
© Sputnik
Oбуна бўлиш
Эксклюзив
Тошкентдаги тантанали тадбирда Игорь Чайка ва Алексей Ерхов табрик йўллади, Севара Назархон ва Сосо Павлиашвили ижодий чиқиш қилди.
ТОШКЕНТ, 24 май – Sputnik. Тошкентда Россотрудничествонинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ташкил этилганининг 25 йиллиги нишонланди. Шу муносабат билан Ўзбекистон Касаба уюшмалари саройида тантанали тадбир бўлиб ўтди. Бу ҳақда Sputnik Ўзбекистон мухбири хабар берди.
Байрам оқшомини Россотрудничество раҳбари Игорь Чайка видеомурожаат шаклидаги табрик сўзи билан очиб берди. У ўз нутқида ташкилотнинг мамлакатдаги ваколатхонаси чорак асрдан буён Россия ва Ўзбекистон халқлари ўртасидаги дўстликни қадрлайдиган инсонлар учун муҳим мулоқот ва ҳамкорлик майдони бўлиб келаётганини таъкидлади.
“Ўтган йиллар давомида ваколатхонамиз таълим, фан ва санъатни боғловчи гуманитар кўприк вазифасини бажариб келмоқда. Барча синовлар ва ўзгаришларга қарамай, минглаб ўзбекистонлик талабалар давлат квоталари асосида Россия олий ўқув юртларига таҳсил олиш учун йўл олди. Бу ерда юзлаб тадбирлар, жумладан, умумий буюк Ғалабамизга бағишланган тадбирлар ўтказилди. Ўнлаб ҳамкорлик меморандумлари имзоланди”, — деди у.
Чайканинг қўшимча қилишича, рус тили ва маданиятини тарғиб қилиш, таълим алмашинувини қўллаб-қувватлаш, тарихий хотирани асраб-авайлаш чинакам стратегик шериклик учун мустаҳкам асос яратади. Маданият, рақамли технологиялар ва кўнгиллилик эса бюрократик тўсиқлардан холи бўлган тўғридан-тўғри алоқаларни ривожлантиришга ёрдам беради.
Россиянинг Ўзбекистондаги элчиси Алексей Ерхов ўз табрик сўзида 25 йил давомида Россотрудничество ваколатхонаси Россия гуманитар миссиясининг кўзга кўринган йўналтирувчи марказларидан бирига айланганини таъкидлади.
Унинг сўзларига кўра, ваколатхона фаолияти фақат расмий тадбирлар, маданий акциялар ва маърифий дастурлар билан чекланмайди. Бунинг замирида янада чуқурроқ вазифа — одамларнинг бир-бирига бўлган қизиқишини қўллаб-қувватлаш, икки мамлакат маданияти, тили, тарихи, таълими ва замонавий ҳаётини яхшироқ тушунишга ёрдам бериш мақсади ётади.
“Ўз фаолияти давомида Россотрудничество ваколатхонаси маданий тадбирлар, таълим учрашувлари, ёшлар лойиҳалари, тил дастурлари ва хотира тадбирлари ўтказиладиган майдонга айланди. Баъзилар учун рус тили ва рус маданияти билан танишув айнан шу ерда бошланади. Бошқалар учун бу Россия олий ўқув юртида ўқиш йўлидир. Учинчилар учун эса тарихий ватан ёки ҳамфикрлар билан алоқани сақлаб қолиш имкониятидир”, — деди элчи.
Шунингдек, тадбирда Тошкент ва Ўзбекистон епархияси, Рус маданий маркази, Татар жамоат маданий-маърифий маркази, Бошқирд жамоат маданий маркази, Россия олий ўқув юртлари битирувчилари уюшмаси, Ўзбекистон жангчи-фахрийлари ва ногиронлари “ВЕТЕРАН” уюшмаси ҳамда “Бизнинг шажарамиз” клуби вакиллари табрик сўзлари билан иштирок этди.
Машҳур санъаткорлар Севара Назархон ва Сосо Павлиашвилининг чиқишлари, шунингдек, “Авива” замонавий эстрада рақси студиясининг ёрқин дастури йиғилганлар учун байрамона совға бўлди.
Тадбир доирасида Россотрудничествонинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Ирина Старосельская Тошкентдаги Рус уйининг ҳамкорлари ва сафдошларига миннатдорчилик билдириб, уларга ваколатхона ташкил этилганининг 25 йиллиги муносабати билан тайёрланган эсдалик медалларини топширди.
“Дўстлигингиз ва қўллаб-қувватлашингиз учун сизга чин қалбимдан миннатдорлик билдирмоқчиман”, — деди у.
Шу куни “Янги ташаббуслар вақти” ёшлар лойиҳаси ғолиблари ҳам тақдирланди. Улар ўртасида Россотрудничество ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши грантлари тақсимланади. Ғолиблар орасида Санкт-Петербург давлат университети ва Москва давлат университетининг Тошкентдаги филиаллари талабалари, шунингдек, School 21 IT-мактаби ўқувчилари бор.
Ёшларнинг яна бир совғаси С.А. Герасимов номидаги Бутунроссия давлат кинематография институти филиали талабалари томонидан тайёрланган видеоролик бўлди.
“Ижодкор, жуда фаол ва замонавий ёшларимизни алоҳида таъкидлашни истардим. Улар сиз билан бизни давом эттирадиган ҳаракатдир. Улар мамлакатларимиз келажаги бўлади. Қадрли дўстлар, азиз ёшлар, ташаббусларингиз, ҳамкорлигингиз, дўстлигингиз, иштирокингиз ва фаоллигингиз учун сизларга катта раҳмат”, — деди Ирина Старосельская.
Унинг таъкидлашича, Рус уйи шунчаки ташкилот ёки бино эмас, балки ходимлар, дўстлар, ташриф буюрувчилар, абитуриентлар, талабалар, Россия Федерациясига ўқишга кетаётган ёшлар, Россия олий ўқув юртлари филиаллари ва миллий университетларда таҳсил олаётган талабаларни бирлаштирувчи жонли муҳитдир.
“Ҳаммангиз Рус уйи учун жон куйдирасиз. Шунинг учун бу шунчаки уй эмас, бу тирик муҳит, бу болалари, ўсмирлари, катталари ва кекса авлод вакиллари бор катта оиладир. Биз барчамиз биргамиз. Биз 25 ёшдамиз, лекин эндигина бошлаяпмиз”, — дея хулоса қилди у.
Тадбир Россотрудничество ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши кўмагида ўтказилди.
