“Биз бу кунларни 34 йил кутдик”: Мирзиёев ЖЧга йўл олаётган терма жамоа билан учрашди

© Пресс-служба президента УзбекистанаШавкат Мирзиёев
Шавкат Мирзиёев - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 22.05.2026
Oбуна бўлиш
FIFA тақвимига кўра, Ўзбекистон ЖЧ-2026 нинг K гуруҳида ўйнайди. Рақиблар — Португалия, Колумбия ва Конго.
ТОШКЕНТ, 22 май — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев футбол бўйича миллий терма жамоани жаҳон чемпионатига тантанали кузатиш маросимида иштирок этди.
Давлат раҳбари катта футбол байрами – АҚШ, Мексика ва Канада майдонларида бўладиган жаҳон чемпионати олдидан барчани қутлади.

“Биз бу кунларни бутун халқимиз, футбол ишқибозлари билан 34 йил кутдик. Шу маънода, футболчиларимизни Ўзбекистон тарихида янги саҳифа очган замонамиз қаҳрамонлари деб айтсак арзийди. Чунки улар ҳар бир ўйинга юқори тайёргарлик кўриб, юксак масъулият, ватанпарварлик руҳи билан фақат ғалаба учун майдонга тушди. Халқимизга олам-олам қувонч бағишлади. Тўғрисини айтсам, мундиал йўлланмаси қўлга киритилган куни кўзимга уйқу келмади. Барча юртдошларимиз каби мен ҳам ич-ичимдан қувондим, байрам қилдим”, - деди президент.

Мирзиёев майдонда жасорат ва маҳорат кўрсатган футболчиларга, уларни тарбиялаб, вояга етказган ота-оналари, устоз ва мураббийларига ташаккур изҳор этди.
Давлат раҳбари мамлакатда спортга, хусусан, футболга қаратилаётган эътибор, яратилаётган шароитлар мазкур ютуқларга катта замин бўлганини таъкидлади.

Сўнгги йилларда жойларда 200 тадан зиёд йирик спорт иншоотлари, 4 мингга яқин хусусий спорт клублари иш бошлади. 1,5 мингдан ортиқ маҳаллага спорт майдончалари қуриб берилди. Пойтахтда замонавий Олимпия шаҳарчаси барпо этилди, Юқори Чирчиқда “Миллий футбол маркази” ишга туширилди. Ҳар бир вилоятда биттадан профессионал футбол академияси ва футбол мактаблари ташкил қилинди.

Бу ишлар ҳисобига ҳаваскор футболчилар сони 5 миллионга етди, футбол билан мунтазам шуғулланувчилар 1 миллион 300 мингдан ошди, профессионал футболчилар 17 мингга етди.

“Энг асосийси, футболда коррупция ва таниш-билишчилик деган иллатларга барҳам берилди. Очиқ ва шаффоф тизим яратилди. Бу энг иқтидорли ёшларни, ростакам истеъдодларни катта майдонга олиб чиқди”, - деди Мирзиёев.
"Олдингизда турган муҳим учрашувларда ортиқча босимсиз, ҳеч кимдан ҳайиқмасдан, борингизни бериб ўйнанг. Ҳар бир тўп, ҳар бир вазият, майдоннинг ҳар бир қаричи учун охиригача курашинг! Мундиалдаги барча ўйинларингизда фан-клублар аъзолари, минглаб футбол мухлислари, Америкадаги ватандошларимиз ҳам стадиондан сизларни қўллаб-қувватлаб туради. Майдондаги ҳар бир ҳаракатингизни 40 миллионга яқин халқимиз экран ортида катта ҳаяжон билан ҳайқириб кузатади, юракларни жунбишга келтирадиган ҳиссиёт олади. Ёдингизда бўлсин: эл-юртимиз сизларга ишонади, Президент сизларга ишонади! Боринглар, мардонавор ўйнанглар, Ватан шарафини муносиб ҳимоя қилинглар! Ғалаба ва омад ҳамиша ёр бўлсин!”, - дея тилак билдирди давлат раҳбари футболчиларга.
2026 йилги ФИФА Жаҳон чемпионатида биринчи марта 48 та жамоа иштирок этади ва учта мамлакат - Қўшма Штатлар, Мексика ва Канадада ўтказиладиган биринчи мусобақа бўлади. Турнир 11 июндан 19 июлгача давом этади.
FIFA тақвимига кўра, Ўзбекистон ЖЧ-2026 нинг K гуруҳида ўйнайди. Рақиблар — Португалия, Колумбия ва Конго.
Ўзбекистон илк учрашувини 17 июнь куни Мехикода Колумбияга қарши ўтказади, 23 июнь куни Хьюстонда Португалия билан, 27 июнь куни эса Атлантада Конго ДР билан майдонга тушади. Бу Ўзбекистон тарихидаги илк жаҳон чемпионати бўлади.
Сборная Узбекистана по футболу - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 01.04.2026
ЖЧ-2026 даги барча жамоа аниқ бўлди: Ўзбекистон гуруҳдан қандай чиқиши мумкин
Янгиликлар лентаси
0