Мирзиёев ТДТ норасмий саммитида қандай ташаббусларни илгари сурди

© Пресс-служба президента Узбекистана
Oбуна бўлиш
Ўзбекистон раҳбари ташкилот доирасида сунъий интеллект соҳасида стратегик ҳамкорлик тармоғини шакллантириш – бугунги давр талаби эканини урғулади.
ТОШКЕНТ, 15 май — Sputnik. Қозоғистоннинг Туркистон шаҳрида Туркий давлатлар ташкилотининг (ТДТ) сунъий интеллект ва рақамли ривожланиш мавзусига бағишланган норасмий саммити бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев иштирок этди ва нутқ сўзлади.
Давлат раҳбари учрашув жаҳонда турли зиддиятлар тобора авж олаётган даврга тўғри келётганини таъкидлади. Халқаро муносабатларда ишонч тақчиллиги янада кучайиб, глобал институтларнинг ўрни ва таъсири борган сари заифлашмоқда. Бу муаммолар биздан ўзаро мулоқотларни фаоллаштириб, муҳим масалалар бўйича уйғун позицияларни ишлаб чиқишни тақозо этмоқда.
Мирзиёев, шу нуқтаи назардан, туркий дунёнинг интеграцияси бу халқлар тақдирига бевосита дахлдор бўлган узоқ муддатли стратегик масала эканини қайд этди.
Ўзбекистон раҳбари ҳамкорликни ривожлантириш учун бир қатор ташаббусларни илгари сурди:
Биз минтақадаги дата марказларини юқори тезликдаги алоқа каналлари билан боғлайдиган “Рақамли туркий коридор концепцияси”ни ишлаб чиқишни таклиф этамиз.
Ислом цивилизацияси маркази ТУРКСОЙ ва Туркий академия билан тарихий-маданий манбаларимизни ягона “катта маълумотлар” платформасига жамласа, халқларимиз учун фойдали иш бўлар эди.
Яссавий тариқатининг бағрикенглик ва маърифатпарварлик ғояларини ҳамкорликда чуқур ўрганиш ҳамда кенг тарғиб этишни таклиф қиламиз.
Ёшларнинг истиқболли стартаплари, инновацион ишланмалари, сунъий интеллектга асосланган турли ечимларини молиялаштириш учун биз Қозоғистон билан тузаётган Қўшма венчур жамғармасига Ташкилотнинг барча аъзоларини қўшилишга чорлаймиз.
Чегараларда божхона ва транзит тартиб-таомилларини енгиллаштириш бўйича имзоланган Соддалаштирилган божхона йўлаги ҳақидаги битимни ҳаётга татбиқ этиш ҳамда маълумотлар алмашувини тўлиқ рақамлаштиришимиз зарур.
Экология масалаларига эътиборни янада кучайтириш мақсадида ташкилотимиз доирасида 2027 йилни “Табиатни асраш йили” деб эълон қилишни таклиф этамиз.
Янги таҳдидларни аниқлаш ва уларнинг олдини олиш учун туркий дунё доирасида ягона хавфсизлик ва ишонч маконини яратишимиз лозим. Бу борада умумий механизм – Киберхавфсизлик ва рақамли инфратузилмани ҳимоя қилиш бўйича Туркий альянсни тузиш ташаббусини илгари сураман.
Мирзиёев қабул қилинадиган Туркистон декларацияси тили ва дили бир-бирига чамбарчас боғланган халқларнинг эзгу ниятларини янада мустаҳкамлаб, “Туркий дунё нигоҳи – 2040” концепциясида белгиланган юксак мақсадларга эришиш йўлида навбатдаги муҳим қадам бўлишишига ишонишини билдирди.
