9 май номининг ўзгариши тарихий хотирадан воз кечиш эмас — тарихчи

© Самарқанд вилояти ҳокимлиги матбуот-хизматиСамарқандда Хотира кунига бағишланган тадбир
Самарқандда Хотира кунига бағишланган тадбир - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 05.05.2026
Oбуна бўлиш
Тарихчи Светлана Асанованинг фикрича, Ўзбекистонда 9 май номининг ўзгариши уруш ҳақидаги тарихий хотирадан воз кечишни англатмайди.
ТОШКЕНТ, 5 май — Sputnik. Ўзбекистонда 9 майнинг Хотира ва қадрлаш куни сифатида нишонланиши Улуғ Ватан уруши ва ўзбекистонликларнинг Иккинчи жаҳон урушидаги иштироки ҳақидаги тарихий хотирадан воз кечишни англатмайди.
Бу ҳақда А.И. Герцен номидаги Россия давлат педагогика университети Тошкент филиали доценти, тарихчи Светлана Асанова маълум қилди.
У Тошкентда “Умумий ғалаба — келажакка назар” мавзусида ўтаётган халқаро давра суҳбатида сўзга чиқди. “Маъно” маркази томонидан ташкил этилган тадбирда Марказий Осиё мамлакатлари ва Россиядан сиёсатшунослар, тарихчилар ҳамда олий ўқув юртлари ўқитувчилари иштирок этмоқда.
“Бугунги кунда ушбу номнинг ўзгартирилиши Улуғ Ватан уруши ва ўзбекистонликларнинг Иккинчи жаҳон урушидаги иштироки ҳақидаги тарихий хотирадан воз кечиш дегани эмас”, — деди Асанова.
Ўзбекистонда 1999 йилдан буён 9 май Хотира ва қадрлаш куни сифатида нишонланади.
Асанованинг фикрича, байрамнинг қайта номланиши тарихий хотирадан воз кечишни эмас, балки хотира мазмунидаги урғу ўзгарганини кўрсатади.
“Шуни тушуниш керакки, бугун гап сана ёки воқеани бекор қилиш ҳақида эмас, балки урғу ўзгариши ҳақида кетмоқда”, — деди тарихчи.
Унинг сўзларига кўра, агар 1990 йиллар ўрталари ва охири ҳамда 2000 йиллар бошида Ўзбекистон оммавий сиёсатида умумий Ғалаба кунидан маълум масофаланишга урғу берилган бўлса, бугун бошқача ёндашув кузатилмоқда.
Тарихчи 2020 йилда президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Тошкентда ташкил этилган “Ғалаба боғи” ёдгорлик мажмуасини мисол сифатида келтирди. Унинг таъкидлашича, ушбу мажмуа ўзбек халқининг Улуғ Ватан урушидаги иштироки ва Ғалабага қўшган ҳиссасига бағишланган.
Асанованинг айтишича, Ўзбекистонда уруш фахрийлари ва уларнинг оила аъзоларини эъзозлаш, фронт орти меҳнаткашларига эътибор қаратиш орқали уруш хотирасини асраб-авайлашга қаратилган ишлар амалга оширилмоқда.

“Мемориал гуманистик хотира — бу ҳалок бўлганлар хотираси ва фахрийларга ҳурмат. Бугун бу байрамнинг асосий мазмуни шу”, — деди у.

Маълумотларга кўра, айни пайтда Ўзбекистонда 80 нафарга яқин уруш қатнашчиси ва 5 мингга яқин меҳнат фронти ходимлари истиқомат қилмоқда.
Аниқлаштирилган, жумладан, Россия архивларидан олинган маълумотларга кўра, Улуғ Ватан урушида Ўзбекистоннинг 1,9 миллиондан ортиқ аҳолиси қатнашган. Улардан 540 мингдан зиёди ҳалок бўлган, қарийб 160 минг нафари бедарак йўқолган.
Акция памяти Георгиевская ленточка. - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 22.04.2026
Тошкентда “Георгий тасмаси”ни тарқатиш бошланди

Янгиликлар лентаси
0