Болтиқбўйида Ғалаба куни: байрам қандай йўқ қилинди

© Sputnik / Maria Devakhina
Oбуна бўлиш
“Россия сегодня” матбуот марказида журналист Андрей Стариковнинг “Болтиқбўйида Ғалаба куни: кеча, бугун, эртага” фильми матбуот учун намойиш этилди.
ТОШКЕНТ, 30 апр — Sputnik, Елизавета Борисенко. Болтиқбўйи давлатлари ҳукуматлари узоқ вақтдан бери ўта русофобик сиёсат олиб бормоқда: мамлакатларда ёдгорликлар бузилмоқда, русийзабон аҳолининг ҳуқуқлари чекланмоқда ва тарихий хотира ўчирилмоқда.
Шу билан бирга, очиқ маълумотларга кўра, Латвия, Литва ва Эстонияда жами 900 мингга яқин этник руслар истиқомат қилади, рус тилидан фаол фойдаланувчи аҳоли сони эса 1 млн кишидан ошади. Шу боис меросни асраб-авайлаш олдимизда турган энг муҳим вазифалардан биридир.
“Болтиқбўйида Ғалаба куни: кеча, бугун, эртага” фильми Болтиқбўйи — Латвия, Эстония ва Литвадаги рус аҳолиси учун энг муҳим байрамлардан бири тарихини ҳикоя қилади. У ерда 9 май урушдан кейинги йиллардаги умумхалқ байрамидан 2022 йилда тўлиқ тақиқланишгача бўлган йўлни босиб ўтди.
Фильм муаллифи ва продюсери Андрей Стариковнинг ўзи Латвиядан. У 2015 йилда Қрим Россияга қайтарилганидан сўнг у ердан кетган.
“Фильмимиз икки асосий вазифага жавоб беради. Биринчиси — Болтиқбўйидаги одамларимизга улар ёлғиз эмаслигини эслатиш ва уларнинг саволларига жавоб бериш. Иккинчиси — Россиянинг минтақадаги маданий, мемориал ва тарихий иштирокини қайтариш бўйича мулоқотни бошлаш. Ғалаба куни Болтиқбўйига қайтади — бу нормал ҳолат”, — деди фильм муаллифи матбуот анжуманида.

День Победы в Прибалтике
© Sputnik
Эслатиб ўтамиз, Болтиқбўйи мамлакатларида 9 май расман байрам сифатида нишонланмайди. Бу кунда оммавий акциялар, юришлар ва совет рамзларидан ҳар қандай фойдаланиш қонун билан тақиқланган.
Давлат 1944–1945 йиллардаги воқеаларга озодлик сифатида эмас, балки совет оккупациясининг бошланиши сифатида қарайди. Шу ўринда таъкидлаш жоизки, Болтиқбўйи операцияси давомида Қизил армиянинг қайтариб бўлмайдиган йўқотишлари 61 мингдан ошган, санитар йўқотишлари эса 218 мингдан зиёд бўлган. Ҳозир эса Ғалаба куни ўрнига 8 май Иккинчи жаҳон уруши қурбонларини хотирлаш куни сифатида нишонланмоқда.
Латвия, Литва ва Эстонияда Георгий тасмалари, совет байроқлари, герблари ва совет намунасидаги ҳарбий кийимларга қатъий тақиқлар мавжуд. Шунингдек, хотира юришлари, жумладан, “Ўлмас полк” акцияси ҳам тақиқланган. Полиция ушбу чекловларга қатъий риоя қилинишини назорат қилади: уларни бузганларни жарималар ёки ҳатто маъмурий қамоқ кутмоқда.
Шу билан бирга, аҳолининг катта қисми, жумладан русийзабон аҳоли Ғалаба кунини оиласи ва яқинлари даврасида нишонлашда давом этмоқда.
Бундан ташқари, ижтимоий тармоқларда одамлар ёдгорликларга гул қўяётган суратларни ҳам топиш мумкин. Аммо бир жиҳат бор: бундай ҳаракатлар баъзан полициянинг қаттиқ назорати остида кечади.
“Биз мелодрама қилмадик, бу сиёсий маҳсулот ва сиёсий иш. <...> Бу табиий ҳолат: Ғалаба байрами ва умуман Россия иштирокининг — мемориал, маънавий, маданий ва тил соҳасидаги иштирокининг қайтиши тасвири билан ишлашни бошлаш. Ҳа, бугунги кунда бу воқеликдан жуда узоқ, аммо кутилмалар воқеликни шакллантиради. Болтиқбўйидаги баъзилар учун бу психотерапевтик таъсир кўрсатади, баъзиларга эса дуч келаётган қийинчиликларни осонроқ енгиб ўтишга ёрдам беради”, — деди Андрей Стариков Sputnik мухбирига.

День Победы в Прибалтике
© Sputnik
Фильм нафақат тарихий, балки шахсий сюжетлардан ҳам иборат бўлиб, бу ҳиссий ҳолатга таъсир қилмасдан қолмайди, дея давом этди продюсер.
“Биз кўрсатган сюжетлар шахсан мен ва фильм устида ишлаган ҳамкасбларим томонидан жуда ҳиссий, шахсий чақириқлар сифатида қабул қилинади”, — дея эътибор қаратди Стариков.
Масалан, фильмда сочига Георгий тасмалари таққан қизчани Латвия полицияси айнан ҳарбий жасорат рамзидан фойдалангани учун олиб кетаётгани акс этган таъсирли кадрлар бор.
Вильнюсда туғилган журналист ва телебошловчи Эрнест Мацкявичюс маиший даражада, масалан, Литвада ҳеч қандай русофобия йўқлигини таъкидлади. Совет Иттифоқи парчаланганидан кейин мамлакат русийзабон аҳолига эҳтиёткорлик ва ҳурмат билан муносабатда бўлган. Аммо кейин ҳамма нарса ўзгара бошлаган ва 2014 йилга келиб Болтиқбўйи давлатлари русофобия йўлига ўтган.
“Болтиқбўйидаги рус тилидаги ресурслар доимий равишда блокланади, аммо бу заиф одамнинг позицияси, ўз ҳақлигига мутлақо ишонмайдиган ва жуда қўрққан одамларнинг позицияси. Россия жавоб бериши мумкин бўлган энг даҳшатли қурол — бу ҳақиқат”, — деди журналист.
Фильмнинг вазифаларидан бири — имкон қадар кенг аудиторияни қамраб олиш. 2 май куни “Россия 24” телеканалида премьера бўлиб ўтади. Фильм RT International телеканалида инглиз тилида дубляж қилиниб, RT.Doc каналларида икки тилда намойиш этилади. Бундан ташқари, Иттифоқ давлатининг “Союзний” медиахолдинги эфирида ҳам трансляция қилинади.
Тақдимот иштирокчилари ҳозирда энг муҳим вазифалардан бири ҳақиқатни барча мумкин бўлган каналлар орқали етказиш эканига эътибор қаратдилар. Шунинг учун тарихий мерос ва хотира минтақа мамлакатлари ҳаётига тўлиқ қайтишига нафақат ишониш, балки буни кутиш ҳам керак.
“Ғалаба куни геосиёсий вазият ўзгарганда, бизнинг маъноларимиз ва ҳикояларимиз минтақага қайтганда Болтиқбўйига қайтади. Бу тез орада содир бўлиши мумкин”, — дея хулоса қилди Sputnik мухбирига тарихчи ва сиёсатшунос Владимир Симиндей.
