Ёш оилаларга ипотека ва B2, C1 учун имтиёзлар: Мирзиёев ёшлар стратегияси билан танишди

© Пресс-служба президента Узбекистана
Oбуна бўлиш
Шавкат Мирзиёев “Янги Ўзбекистон ёшлари – 2030” стратегияси лойиҳаси билан танишди. Унда бандлик, таълим, ипотека ва ёшлар фаоллигини ошириш чоралари белгиланди.
ТОШКЕНТ, 20 апр — Sputnik. Президент Шавкат Мирзиёев “Янги Ўзбекистон ёшлари – 2030” стратегияси лойиҳаси юзасидан тақдимот билан танишди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.
Бу ёшларга оид қабул қилинаётган биринчи яхлит стратегия бўлиб, Янги Ўзбекистонни барпо этишда ёшларнинг ўрни ва салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқаришга қаратилган.
Бугунги кунда мамлакатнинг 38 миллион аҳолисидан 9,5 миллиони, яъни қарийб 25 фоизи 14–30 ёшдаги йигит-қизлардан иборат. Ҳар йили 270 мингта ёш оила шаклланмоқда.
Тақдимотда 2030 йилгача эришилиши лозим бўлган асосий мақсадли кўрсаткичлар кўриб чиқилди. Жумладан:
ҳар йили 600 минг нафар ёшнинг бандлигини таъминлаш;
2030 йилгача 900 минг ёшни волонтёрликка жалб этиш;
ўқув марказлари сонини 90 мингтага етказиш;
450 минг нафар ёшнинг хорижий тиллар билимини B2 даражага олиб чиқиш;
ёшлар жиноятчилигини камайтириш;
ҳар йили камида 10 мингта ёш оилани ипотека орқали қўллаб-қувватлаш.
Таълим соҳасида қатор янги имтиёзлар таклиф этилмоқда:
олис ва чекка ҳудудларда ўқув марказлари ташкил этиш учун 300 миллион сўмгача ссуда ажратиш;
ушбу марказлар учун ижтимоий солиқ ҳамда ўқитувчилар даромад солиғини 1 фоиз этиб белгилаш;
B2 даражага эришган ёшлар учун хорижий паспорт расмийлаштириш божини камайтириш;
C1 даражага эга ёшлар ва тадбиркорлик ташаббуслари учун айрим давлат хизматлари тўловларини 50 фоизгача қисқартириш.
Ёш оилаларни қўллаб-қувватлаш учун ипотека дастурида кредитнинг Марказий банк ставкаси юқори қисми қоплаб берилиши белгиланмоқда.
Ижтимоий фаолликни ошириш бўйича қуйидаги чоралар режалаштирилган:
волонтёрлик жамғармаси ҳисобидан 100 миллион сўмгача грантлар ажратиш;
фаол ёшларни давлат ташкилотларида пуллик амалиётга жалб қилиш;
илғор ижодкорлар учун Президент мукофотини жорий этиш;
китоб ва Book-cafe’лар жойлашган “Ёшлар кўчалари”ни ташкил қилиш.
Шунингдек, ёшлар инфратузилмасининг минимал стандартлари белгиланиб, ҳар бир ҳудуддан “ёшлар туман-шаҳарлари” танлаб олиниб, намунавий тизим яратилади.
Соғлом турмуш ва психологик қўллаб-қувватлаш йўналишида:
руҳий хавф гуруҳига кирувчи ёшлар улушини 40 фоизга камайтириш;
тунu кун ишлайдиган психологик алоқа марказини ташкил этиш;
спорт билан шуғулланувчи ёшлар улушини 25 фоизга ошириш назарда тутилмоқда.
Ёшларнинг эҳтиёж ва кутилмалари бўйича ижтимоий сўровлар ўтказилиб, Миллий ёшлар индекси шакллантирилади. Йигит-қизлар мурожаатлари билан ишлашга устувор аҳамият қаратилади, ҳар пайшанба ёшлар билан мулоқотлар ўтказиб борилади.
Халқаро йўналишда эса:
форумлар, глобал ташаббуслар, авлодлар мулоқоти ва Халқаро ёшлар конгресси каби форматлар йўлга қўйилади;
12 август — Халқаро ёшлар куни доирасида йирик тадбирлар ўтказилади;
100 минг нафар ўзбекистонлик ёшнинг халқаро дастурларда иштирокини таъминлаш режалаштирилган;
БМТ, Жаҳон банки, ЕТТБ каби тузилмалар билан “Junior Professional Officer” дастури доирасида халқаро ташкилотларда амалиёт йўлга қўйилади.
2026–2027 йилларда стратегия доирасида 7 йўналиш бўйича 56 та лойиҳа амалга оширилади. Хусусан, “Янги авлод тадбиркорлари” дастури орқали Гарвард, Стэнфорд, MIT, Лондон бизнес мактаби каби таълим муассасалари билан ҳамкорликда 20 минг ёш ўқитилиб, 1 мингта бизнес лойиҳа саралаб олинади.
Уларга 3 йилгача муддатга БҲМнинг 500 баравари (206 млн сум)гача ссуда ажратиш, шунингдек, муҳандислик тармоқларига уланиш харажатларини қисман қоплаш тартиби жорий этилади.
Бундан ташқари, республика бўйича “Ўзбекистон ёшларни севади!” лойиҳаси, “Ҳаёт фест” ёшлар фестивали, “Talaba Fest” ва “Talaba Expo 2026” каби тадбирлар ўтказилади, Робототехника ассоциацияси фаолияти қўллаб-қувватланади.
Давлат раҳбари стратегияни самарали амалга ошириш бўйича мутасаддиларга тегишли топшириқлар берди.
