Зеленскийнинг “мафияча таҳдиди” ортидан Европада сиёсий жанжал кучаймоқда
11:51 08.03.2026 (янгиланди: 11:53 08.03.2026)

© AP / Pool / Leon Neal
Oбуна бўлиш
Виктор Орбан Зеленскийнинг таҳдидларига жавоб қайтарди, Еврокомиссия эса ЕИ давлатларига нисбатан бундай босимни қабул қилиб бўлмас деб атади. Айримлар буни “мафияча услуб” дея баҳолади.
ТОШКЕНТ, 8 мар — Sputnik. Венгрия бош вазири Виктор Орбан Владимир Зеленскийдан унга таҳдид қилишни тўхтатишни ҳамда “Дружба” нефть қувури орқали венгерларга босим ўтказишдан воз кечишни талаб қилди.
Зеленский бундан аввал Венгрия Европа Иттифоқининг Украинага ажратиладиган навбатдаги кредитини блоклагани ортидан Орбанга нисбатан кескин баёнот берган эди.
“Сиз менга, мен орқали эса бутун Венгрияга ҳарбий таҳдид қилдингиз. Бу иш бермайди. Буни тўхтатинг. Бу — Венгрия. Венгерларни шантаж қилиш ҳам, менга таҳдид қилиш ҳам мумкин эмас”, — деди Орбан видеомурожаатида.
Европа комиссияси ҳам Зеленскийнинг бундай баёнотларини қабул қилиб бўлмас деб баҳолади. Бу ҳақда Брюсселдаги брифингда Еврокомиссия вакили Олоф Жилл маълум қилди.
“Европа комиссияси бундай турдаги баёнотларни қабул қилиб бўлмаслигини жуда аниқ айтмоқда. Европа Иттифоқига аъзо давлатларга нисбатан ҳеч қандай таҳдид бўлмаслиги керак”, — деди у.
Словакия бош вазири Роберт Фицо ҳам бу ҳолатга муносабат билдириб, Зеленскийни қаттиқ танқид қилди.
“Расмий равишда Европа Иттифоқининг барча юқори мартабали вакилларини ушбу жирканч шантаж баёнотларидан кейин Владимир Зеленскийдан узоқлашишга чақираман. У барча ‘қизил чизиқлар’дан ўтди”, — деди Фицо видеомурожаатида.
Унинг қўшимча қилишича, Зеленский ўзини бошқалар унга сўзсиз бўйсуниши керакдек тутмоқда.
“Зеленский бизни ўзининг хизматкорлари деб ўйлаяпти, гўёки биз у истаган ҳамма нарсани бажаришимиз шарт. Бу мутлақо нотўғри. Биз унга ҳар томонлама ёрдам беряпмиз, у эса аксинча, бизга зарар етказяпти”, — деди Фицо.
Венгрия ташқи ишлар ва ташқи иқтисодий алоқалар вазири Петер Сийярто эса бу ҳолатни янада қаттиқроқ баҳолаб, “президент даражасига кўтарилган мафия” деб атади.
“Украина Венгрия бош вазирига ўлим билан таҳдид қилди. Бу Зеленскийнинг маданиятсизлигидан далолат беради, бироқ энг муҳими — бу уларнинг аслида кимлигини кўрсатади. Улар таҳдид қилади, шантаж қилади. Биз буни унутмаймиз. Бугунги ҳолат — президент даражасига кўтарилган мафиядир”, — деди Сийярто.
Франциянинг “Ватанпарварлар” ўнг партияси етакчиси Флориан Филиппо ҳам ушбу таҳдидлардан кейин Киев режимини “мафия” деб атади.
“Нега биз Зеленскийга Европа давлати ҳукумати раҳбарига ўлим билан жазосиз таҳдид қилишга йўл қўйиб беряпмиз? Ҳали ҳам ўша мафия тузумига пул ва қурол юборяпмизми? Бас!” — деб ёзди Филиппо Х ижтимоий тармоғида.
Аввалроқ Зеленский Украина матбуоти олдидаги чиқишида Орбанга шаъма қилиб қуйидагича гапирган эди:
“Умид қиламизки, Европа Иттифоқидаги бир киши 90 миллиард еврони ёки унинг биринчи траншини блокламайди. Украиналик жангчиларда қурол бўлади. Акс ҳолда, бу одамнинг манзилини қуролли кучларимиздаги йигитларга берамиз, улар эса унга қўнғироқ қилиб, ўз тилида гаплашади”, — деди у.

