Сурхондарё вилояти қандай ривожлантирилади – президент аниқ топшириқлар берди
15:34 27.02.2026 (янгиланди: 15:57 27.02.2026)

© Пресс-служба президента Узбекистана
Oбуна бўлиш
Термиздаги халқаро савдо маркази ҳудуди 1 минг гектарга етказилади, янги лойиҳалар ишга туширилади.
ТОШКЕНТ, 27 фев – Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев раислигида Сурхондарё вилоятини комплекс ривожлантириш бўйича йиғилиш бўлиб ўтди. Давлат раҳбари мутасаддиларга тегишли топшириқлар берди, дея хабар қилди президент матбуот хизмати.
Вилоят ҳокими, туман ҳокимлари олдида жорий йилда инвестицияларни 3 миллиард долларга, экспортни 1 млрд долларга етказиш вазифаси турибди.
Ҳудудда камбағалликни 2,8 фоизга, ишсизликни 4,5 фоизга тушириш, Термиз шаҳри, Ангор, Денов, Жарқўрғон, Қизириқ ва Музработни “камбағаллик ва ишсизликдан холи ҳудуд”га айлантириш керак.
Жорий йилда Бойсундаги "Санжар", Олтинсойдаги "Оқсув", келаси йил "Фангарт" конларида кўмир қазиб олишни бошлаш топширилди.
"Қоракон", "Жемсонит", "Чуқур", "Байрам-1" конлари атрофида саноат корхоналарини жойлаштириш бўйича ҳисоб-китоб қилиб, камида 200 миллион долларлик лойиҳаларни шакллантириш керак.
Термиз халқаро савдо маркази ҳудуди 1 минг гектарга етказилиши белгиланди. Мутасаддиларга бунинг ҳисобидан марказдаги экспорт ҳажмини жорий йил 600 миллион, келаси йил 1 миллиард долларга етказиш, қўшимча 10 минг иш ўрни яратиш топширилди.
Эндиликда марказ ҳудудидаги товар савдоси ва хизматлар экспорт сифатида баҳоланади, уларга нисбатан ҳам қўшилган қиймат солиғи "ноль" ставкада қўлланади.
Худди Термиз туманидаги каби Ангор, Узун, Деновда “Томорқа мактаблари”ни ташкил қилиш, уларда йилига 10 минг аҳолини ўқитиш топширилди. Умуман, Термиз тумани тажрибаси асосида ҳар бир вилоятда 2 тадан “Инновацион томорқа мактаблари” ишга туширилади.
Денов, Олтинсой, Сариосиё, Узун туманларидаги 5 минг гектарда лимончилик плантацияси ташкил қилинади, Олтинсойдаги 6 минг гектарда экспортбоп узум етиштириш бўйича уч йиллик дастур ишлаб чиқилади.
Испаниянинг Алмерия ҳудуди тажрибаси асосида 1 минг гектарда қуёшда иситиладиган иссиқхоналар ташкил қилинади. Бундай иссиқхона қурадиган тадбиркорларга ерлар 5 йилга бепул ижарага берилади, улар ер ости суви учун тўловдан 3 йилга озод қилинади.
Эндиликда захирадаги яйлов ерларини ўзлаштириш учун бошланғич нархи норматив қийматнинг 1 фоизи миқдорида белгиланиб, аукционга чиқарилади.
Ерни аукциондан олган тадбиркорларга 10 йилга, 4 йиллик имтиёзли давр билан 14 фоизли кредит ажратилади. Ҳар ўн гектарга сув олиб келиш учун 120 миллион сўмгача субсидия берилади. Бу орқали уч йиллик дастур доирасида 58 минг гектар яйловни айланмага киритиш, бу ерда 300 минг бош қўй-эчки боқишни йўлга қўйиш топширилди.
Жорий йил вилоятда 60 миллион долларлик 18 та паррандачилик комплекси ва наслчилик лойиҳаларини ишга туширилади.
“Тошғузор – Бойсун – Қумқўрғон” участкасини тезюрар поездга мослаш бўйича лойиҳани шу йил бошлаш, 103 километр бўлган “Қумқўрғон – Қудуқли” темир йўлини электрлаштириш ишларига киришиш топширилди.
Термиз – Истанбул, Термиз – Дубай йўналишларида янги рейслар қўйилиши белгиланди.
Музработ, Олтинсой, Ангор, Қизириқ ва Бойсун марказларига канализация олиб бориш лойиҳаси бошланади.
“Мустақилликнинг 25 йиллиги” йирик газни қайта ишлаш мажмуасидаги технологик мураккаб масалага ҳамкорлар билан илмий ечим топилгани қайд этилди.
“Биз аварияни ҳам тўхтатамиз, Сурхондарё иқтисодиётига катта туртки берадиган лойиҳани ҳам бошлаймиз”, - деди президент.
Мутасаддиларга Япония турагентлари билан туризм маршрути ишлаб чиқиб, музей, ўзбек-япон ошхонаси ва Япон боғи ташкил қилиш бўйича лойиҳаларни бошлаш топширилди.
Жорий йилда Деновдаги "Замондош" оромгоҳи негизида курашчилар учун замонавий ўқув-машғулот базасини қуриб бериш топширилди. Бойсундаги мактаб-интернатда спорт билан бирга мактаб дарслари ҳам йўлга қўйилади.
Ёшларни хорижий тил ва АТ курсларига ўқитаётган хусусий ўқув марказлари кўпайтирилади. Ўқув марказлари уюшмаси ташкил қилинади. Бу йил уюшмага 100 миллион доллар маблағ жалб қилинади. Ушбу маблағлар ўқув маркази ташкил қилмоқчи бўлган тадбиркорларга арзон кредит, субсидия, жой ижарасининг компенсацияси учун йўналтирилади.
