ОАВ: АҚШ ҳарбийлари шанба куни Эронга зарба беришга тайёр, Исроил ҳам урушга тайёрланмоқда

© Sputnik / Пресс-служба ВС ИзраиляИстребитель военно-воздушных сил Израиля
Истребитель военно-воздушных сил Израиля - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 19.02.2026
Oбуна бўлиш
АҚШнинг Эронга қарши эҳтимолий ҳарбий операцияси бир неча ҳафта давом этадиган кенг кўламли кампанияга айланиши мумкин. Манбаларга кўра, сценарий тўлиқ урушга яқин ҳолатни эслатмоқда.
ТОШКЕНТ, 19 фев — Sputnik. АҚШ ҳарбийлари шанба куниёқ Эронга эҳтимолий зарбалар беришга тайёр бўлиши мумкин, бироқ президент Дональд Трамп ҳали якуний қарор қабул қилмаган.
"CBS News" маълумотига кўра, эҳтимолий операция дам олиш кунлари билан чекланиб қолмаслиги мумкин.
"Axios" нашрининг ёзишича, АҚШнинг эҳтимолий операцияси ўтган ойда Венесуэладаги ҳаракатлардан фарқли равишда кенг кўламли ҳарбий кампанияга айланиши мумкин. Манбалар бу сценарийни “бир неча ҳафта давом этадиган уруш” сифатида баҳоламоқда.
Аввалроқ Дональд Трамп Эрон ядровий келишув бўйича ён беришга тайёр бўлмаса, Вашингтон ҳаракатларнинг “иккинчи босқичи”га ўтишини ва бу Теҳрон учун “жуда оғир” бўлишини айтган эди.
Шу билан бирга, Оқ уйда Эрон масаласи бўйича юқори даражадаги йиғилиш бўлиб ўтган, унда махсус вакиллар ва бошқа амалдорлар иштирок этган.
"Axios" хабарига кўра, АҚШ давлат котиби Марко Рубио февраль охирида Эрон масаласини муҳокама қилиш учун Исроилга ташриф буюриши мумкин. Нашр манбалари эҳтимолий операция Исроил билан қўшма тарзда амалга оширилиши мумкинлигини ҳам таъкидламоқда.
"Ynet" маълумотига кўра, эҳтимолий зарбалар фонида Исроил армияси урушга тайёргарликни кучайтирган.

"Фавқулодда хизматлар ва фуқаро мудофаасига масъул бўлган ҳарбий орган — фронт орти қўмондонлигига урушга тайёргарлик кўриш бўйича кўрсатма берилди", — дейилади хабарда.

"The New York Times" маълумотига кўра, АҚШ Яқин Шарқда эҳтимолий эскалацияга тайёргарлик доирасида ўнлаб танкер самолётлар, 50 тадан ортиқ қирувчи ва иккита зарба берувчи авиаташувчи гуруҳини қайта йўналтирган. Шу билан бирга, америкалик расмийлар узоқ давом этадиган кампания муваффақияти кафолатланмаганини таъкидламоқда.
"Reuters" ахборот агентлиги эса АҚШ ҳарбий-денгиз кучларининг "Gerald R. Ford" авиаташувчиси ҳали Атлантика океанида эканини ва Гибралтар бўғозидан ўтмаганини хабар қилди.
Шу билан бирга, Женевада АҚШ ва Эрон ўртасида ядровий дастур бўйича музокаралар бўлиб ўтди. Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Арақчи уларни “конструктив” ва “жиддий” деб баҳолаб, томонлар кейинги келишув учун асосий тамойилларни ишлаб чиққанини билдирди.
Авианосец ВМС США Джеральд Форд проходит Гибралтарский пролив. - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 12.02.2026
Яқин Шарқда кескинлик: Трамп Эрон томонга яна қўшимча ҳарбий куч юбормоқда
Янгиликлар лентаси
0