Россотрудничество Жамоатчилик кенгаши вакиллари Тошкентдаги Ғалаба боғига ташриф буюрди

Oбуна бўлиш
Эксклюзив
Расмий делегациянинг ташрифи Россия ва Ўзбекистон томонларининг умумий тарихий хотирани сақлаш борасидаги ҳамкорлик ишларининг натижаларини сарҳисоб қилишга бағишланган.
ТОШКЕНТ, 5 фев — Sputnik. 5 февраль куни Россотрудничество ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши делегацияси Тошкентга расмий ташриф билан келди. Делегация таркибига Кенгаш раиси, “Рамблер Групп” МЧЖ бош директори Андрей Ципер ҳамда ташкилот аъзоси, “Халқаро ҳамкорлик ва ўзаро алоқалар маркази” АНТ раҳбари Арег Агасарян кирди.
Жамоатчилик кенгаши вакиллари Россиянинг элчиси Алексей Ерхов ва Россотрудничествонинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Ирина Старосельская “Ғалаба боғи” ёдгорлик мажмуасига ҳам ташриф буюришди.
Бу ерда улар “Матонат мадҳияси” ва “Ленинград монументи” ёдгорликлари ҳамда яқинда ўрнатилган, асли ўзбекистонлик арман миллатига мансуб Совет Иттифоқи Қаҳрамони Грант Аракелович Оганьянцнинг хотира лавҳасига гуллар қўйишди. Ушбу лавҳа Жамоатчилик кенгаши маблағлари ҳисобига ўрнатилган.
“Улуғ Ватан уруши қаҳрамонларини абадийлаштириш, энг аввало, бундай воқеалар ҳеч қачон такрорланмаслиги учун жуда муҳим деб ўйлайман. Менимча, бу музей ўша даҳшатли воқеаларни эслатиб турадиган музейлар тизимига қўшилади. Қаҳрамонлар хотирасини абадийлаштириш бўйича ишларимизни давом этамиз”, - дея таассуротлари билан ўртоқлашди Тошкентдаги Ғалаба боғига илк бор ташриф буюрган Андрей Ципер.
2026 йил январида Россотрудничество Жамоатчилик кенгашининг молиявий кўмаги билан ёдгорлик мажмуасининг бутун кенг кўламли экспозициясига рус тилидаги тавсифларни тайёрлаш ишлари якунига етказилди.
Бу ҳақда сўз юритаркан, Арег Агасарян Жамоатчилик кенгашининг ташаббуси мулоқотга ва дўстлар билан ишончли муносабатларни ўрнатишга қаратилганини таъкидлади ҳамда Ғалаба боғи раҳбарияти томонидан экспозициянинг рус тилидаги қисмини яратиш бўйича амалга оширилган ишлар жуда эзгу ҳаракат эканлигини алоҳида қайд этди.
“Энди кўплаб меҳмонлар Ғалаба тилида материал, ҳужжат ва экспозициялар билан танишиш имкониятига эга. Дарҳақиқат, рус тили кўп халқлар орасидаги мулоқотни таъминлаган ва ҳозир ҳам таъминлаб келмоқда. Уни бежиз Ғалаба тили деб аташмагани аниқ”, - деди у.
Шунингдек, у Россиялик ёшларнинг Тошкентга келиб, қардош Ўзбекистон халқи Улуғ Ватан уруши йилларини қандай хотирлаётганини ўз кўзлари билан кўришлари учун шароит яратиш муҳимлигини таъкидлади.
Меҳмонлар Россия расмий делегациялари номидан Ўзбекистон президентига тақдим этилган давлат совғалари жойлаштирилган витриналар билан ҳам танишди.

“Мен икки ярим йилдан бери Ўзбекистонда, Тошкентдаман ва “Ғалаба боғи” ёдгорлик мажмуасига кўп ташриф буюрганман. Биласизми, ҳар сафар бу ерга келганимда ўзим учун янги кашфиётлар қиламан, янги маълумотлар оламан ва ҳеч қачон бефарқ қола олмайман. Чунки бу Ўзбекистонда қаҳрамонларимиз хотирасини абадийлаштириш йўлида амалга оширилган улкан ишдир”, - дея якунлади Россотрудничествонинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Ирина Старосельская.

Батафсил — Sputnik Ўзбекистон видеосида.
Россотрудничество Ўзбекистонга Ғалаба хотирасини асрашга ёрдам бермоқда - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 31.01.2026
Россотрудничество Ўзбекистонга Ғалаба хотирасини асрашга ёрдам бермоқда
Янгиликлар лентаси
0