Мирзиёев Давосда қатор учрашувлар ўтказди

© Ўзбекистон президенти матбуот хизматиЎзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Давосда қатор учрашувлар ўтказди
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Давосда қатор учрашувлар ўтказди - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 23.01.2026
Oбуна бўлиш
Ўзбекистон раҳбари қатор давлатлар етакчилари билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш масалаларини муҳокама қилди.
ТОШКЕНТ, 23 янв – Sputnik. Швейцарияда Тинчлик кенгаши низомини имзолаш маросими доирасида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев қатор учрашувлар ўтказди. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар берди.
Давосда Ўзбекистон етакчиси Озарбайжон президенти Илҳом Алиев ва Венгрия бош вазири Виктор Орбан ўртасида мулоқот бўлиб ўтди.
Етакчилар дўстона руҳда ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш масалаларини муҳокама қилдилар.
Кўп томонлама, шу жумладан, Туркий давлатлар ташкилоти доирасидаги ҳамкорлик истиқболларига алоҳида эътибор қаратилди.
Мирзиёев Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев, Сербия президенти Александр Вучич, АҚШ савдо вазири Говард Латник, Буюк Британиянинг собиқ бош вазири, Глобал ўзгаришлар институти раиси Тони Блэр билан ҳам суҳбатлар ўтказди.
Шунингдек, Мирзиёев “Blackrock” компанияси директорлар кенгаши аъзоси ва катта бошқарувчи директори Адебайо Огунлеси билан учрашди.
Компаниянинг Ўзбекистондаги бир қатор корхоналар капиталига кириш, қўшма инвестиция механизмларини ишлаб чиқиш ва мамлакат инвестиция муҳитини яхшилаш учун халқаро экспертизани жалб қилиш бўйича ташаббуслари қўллаб-қувватланди.
Европа тикланиш ва тараққиёт банки президенти Одиль Рено-Бассо билан учрашувда ушбу етакчи молия институти билан стратегик шерикликни янада чуқурлаштириш ва ҳамкорликни кенгайтиришнинг амалий жиҳатлари муҳокама қилинди.
Амалий ташриф тугагач, Ўзбекистон президенти Цюрих халқаро аэропортидан Тошкентга жўнаб кетди.
Эслатамиз, Шавкат Мирзиёев 22 январь куни Швейцариянинг Давос шаҳрида Тинчлик кенгаши низомини имзолаш маросимида иштирок этди. Қайд этилишича, Тинчлик кенгашининг ташкил этилиши Ўзбекистон ташқи сиёсатининг тинчликни таъминлаш борасидаги ташаббуслари ва кўп қиррали ҳамкорликни қўллаб-қувватлашга қаратилган устувор вазифаларига мосдир. Янги тузилма БМТнинг Хавфсизлик Кенгаши резолюцияси билан қўллаб-қувватланган Ғазо секторидаги можарони тугатиш бўйича комплекс режани амалга ошириш доирасида шакллантирилмоқда.
Тинчлик кенгаши можаронинг кескинлашув хавфини камайтириш, Ғазо секторида иқтисодий ва ижтимоий тикланиш учун қулай шароитлар яратишга қаратилган. Бу фаровон иқтисодиёт ва тинч-осойишта ҳаётга эга Янги Ғазони барпо этиш, истиқболда Фаластин давлатини тузиш имкониятини вужудга келтирмоқда.
Кенгаш таркибидан жаҳоннинг турли мамлакатларидан нуфузли ва таъсирга эга етакчилар ўрин олди.
Кенгаш Низомини имзолаб, Ўзбекистон уни таъсис этган давлатлардан бирига айланди. Бу мамлакатнинг кенгаш фаолиятида изчил иштирок этишга ҳамда барча таъсисчи давлатлар ва халқаро шериклар билан яқин ҳамкорликда унинг ваколатларини ҳаётга татбиқ этишда амалий ҳисса қўшишга тайёрлигини англатади.
Подписание устава Совета мира в Давосе
 - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 22.01.2026
Тинчлик кенгаши низоми тасдиқланди: Ўзбекистон таъсисчилар қаторида
Янгиликлар лентаси
0