Маблағлар камбағаллик ва ишсизликни 2 карра қисқартиришга хизмат қилиши шарт – Мирзиёев

© Ўзбекистон президенти матбуот хизматиШавкат Мирзиёев
Шавкат Мирзиёев - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 23.01.2026
Oбуна бўлиш
Вилоят ҳокимлари "оғир" туманга 10 миллиард сўмдан, 903 та маҳалланинг ҳар бирига 1 миллиард сўмдан ажратади.
ТОШКЕНТ, 23 янв – Sputnik. Ўзбекистонда жорий йилда инфратузилмани яхшилаш учун вилоятларга 20 триллион сўм ажратилади, шундан 12 триллион сўм "оғир" туман ва маҳаллаларга йўналтирилади.
Президент Шавкат Мирзиёев ҳокимларга мурожаат қилиб, бу маблағлар инфратузилмани яхшилаш орқали камбағаллик ва ишсизликни 2 карра қисқартиришга хизмат қилиши шартлигини таъкидлади.
Туманларда ўтказилган ўрганишлар инфратузилма, турмуш даражаси, бизнес фаоллик, молиявий имкониятлар каби 20 та мезон асосида 37 та "оғир" туманни аниқлади. Бундан ташқари, ҳар бир туман таҳлил қилиниб, камбағаллик даражаси юқори бўлган 903 та "оғир" маҳалла танлаб олинди.
Камбағал оилаларнинг учдан бир қисми, ишсизларнинг 21 фоизи ҳам танлаб олинган 37 та туман ва 903 та маҳаллага тўғри келиши аниқланди.
Яна 33 та туман ва 330 та "оғир" маҳаллага Янги Ўзбекистон қиёфасини олиб кириш ишлари бошланди.
“Асосий кучни ушбу 70 та туман ва 1 мингта "оғир" маҳаллага йўналтирсак, республикада камбағаллик даражасини 3 фоиздан пасайтиришга эришамиз”, - деди давлат раҳбари.
тааъкидланишича, "оғир" туман ва маҳаллалардаги аҳоли ва тадбиркорлар солиқ имтиёзидан кўра, кўпроқ йўл, сув, электр таъминотини яхшилаб беришни сўраяпти. Шу муносабат билан жорий йилда инфратузилмани яхшилаш учун вилоятларга 20 триллион сўм ажратилиши, шундан 12 триллион сўм "оғир" туман ва маҳаллаларга йўналтирилиши белгиланди.
“Ушбу туман ҳокимлари аҳолисига мурожаат қилади. Қайси маҳаллада нечта одамни ишли қилиб, қанча оилани камбағалликдан чиқаришини маҳаллама-маҳалла юриб тушунтиради. Шунча маблағ бергандан кейин туман ҳокими халқнинг олдида масъулият олиб, жавоб берсин. Ҳокимликнинг фаолиятига халқнинг ўзи баҳо берсин”, - деди Мирзиёев.
Эндиликда ҳудудларни саноат, қишлоқ хўжалиги ва сервисдаги “солиштирма устунлиги”дан келиб чиқиб ривожлантириш зарурлиги таъкидланди.
Давлат раҳбари бу тизимни Фурқат ва Деҳқонобод туманлари мисолида тушунтириб берди.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигига 70 та туман ва 1 мингта "оғир" маҳаллаларнинг “солиштирма устунлигини” таҳлил қилиб, иш ўрни ва даромадини кўпайтиришга туртки берадиган инфратузилма лойиҳалари бўйича алоҳида дастур қилиш ва молиялаштиришни бошлаш топширилди.
Ҳар бир туманда 5-10 та маҳаллани боғлайдиган 1-2 гектарли саноат зона ва кластерлар ташкил қилиниб, 100 минг нафар одам учун иш ўринлари яратилиши белгиланди.
Республикадан маҳаллий бюджетга қайтадиган маблағ 2 карра кўпайтирилиб, ҳокимларга 4 триллион 200 миллиард сўм берилади. Эндиликда вилоят ҳокимлари "оғир" туманга 10 миллиард сўмдан, 903 та маҳалланинг ҳар бирига 1 миллиард сўмдан ажратади.
Бунга қўшимча ҳар бир "оғир" туманга 50 миллиард сўм, "оғир" маҳаллага 2 миллиард сўмдан маблағ йўналтиради. Бу туман ҳокимлари ва маҳаллий кенгашлар "оғир" туман ва маҳаллалар учун қўшимча яна 4 триллион сўм олади дегани.
"Оғир" туман ва маҳаллаларда аҳолини ишли қилиш ҳамда даромадини кўпайтириш масалалари атрофлича кўриб чиқилди.
Аввало, бундай ҳудудларни барқарор электр билан таъминлаш масаласини ҳал қилиш зарурлиги қайд этилди.
Бунинг учун 903 та маҳалланинг ҳар бирида 300 киловаттли кичик қуёш станциялари қурилиб, маҳаллага беғараз актив сифатида берилади.
Станциялардан олинган "яшил" энергия ҳисобидан ҳар бир маҳаллада 400-500 миллион сўм қўшимча даромад келтирадиган иқтисодий актив пайдо бўлади.
Бу "яшил" даромад "яшил" чора-тадбирларни амалга оширишга сарфланади. Яъни ушбу маблағлар эҳтиёжманд хонадонни "яшил" таъмирдан чиқариб, энергия харажатини камайтириш ва турмуш сифатини яхшилашга йўналтирилади.
Қуёш станцияларини эксплуатация қилишга мазкур маҳаллаларда яшовчи камбағал оила аъзолари ишга олинади. 1-гуруҳ ногиронлиги бўлиб, оиласида меҳнатга лаёқатли аъзоси бўлмаган 6 минг 700 та хонадон энергия тежамкор қилиб таъмирланади.
Бу ишлар ихтисослашув даражаси юқори бўлган яна 1 мингта илғор маҳаллада ҳам амалга оширилади. Кичик қуёш станциялари тайёр ҳолда 7 йил муддатга маҳаллаларга фоизсиз лизингга берилади.
Талабалар ўртасида маҳалла бош режасини ишлаб чиқиш бўйича танлов эълон қилинади.
Бундай маҳаллаларга янгича қиёфа олиб кирадиган энг зўр лойиҳаларни ишлаб чиққан талабалар жамоасига 100 миллион сўмдан мукофот берилади.
Бу орқали замонавий ёш архитектор ва урбанистлар корпуси шакллантирилиши таъкидланди.
Маълум қилинишича, бу йил 1 миллион аҳолини доимий иш билан таъминлаш, 181 минг оилани камбағалликдан чиқариш, камбағалликдан холи маҳаллалар сонини 2,5 баробар ошириб, 3,5 мингга етказиш, ишсизлик ва камбағалликни 4,5 фоизга тушириш жорий йил учун вазифа этиб белгиланди.
Президенту представлена информация о мерах по превращению махаллей в территории без безработицы - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 09.12.2025
Камбағалликдан холи ҳудуд, аҳоли бандлигини таъминлаш - президент ахборот билан танишди
Янгиликлар лентаси
0