Венесуэла президентини АҚШ ҳарбийлари осонликча қўлга олиш сабаблари — экспертлар изоҳи

© Getty ImagesЭксперты объяснили, как США удалось провести операцию против Мадуро
Эксперты объяснили, как США удалось провести операцию против Мадуро - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 04.01.2026
Oбуна бўлиш
Таъкидланишича, разведка ҳамда хоин ҳарбий қўмондон ва юқори амалдорларни оғдиришдаги катта тажриба, шунингдек ҳарбий техника ва технологиядаги устунлик операция муваффақиятини таъминлади
ТОШКЕНТ, 4 янв — Sputnik. Хитойлик ҳарбий экспертлар АҚШнинг разведка соҳасидаги устунлиги ҳамда радиоэлектрон кураш воситаларидан фойдаланиши Венесуэла ичида муваффақиятли операция ўтказишга имкон берган, деб ҳисобламоқда.
Хитойнинг Global Times давлат газетаси ҳарбий эксперт Ван Юнфей сўзларига таяниб ёзишича, АҚШ ҳарбий операциясининг нисбатан муваффақияти дастлабки ҳаво ҳужумлари ва радиоэлектрон кураш воситаларидан фойдаланиш билан боғлиқ бўлиши мумкин.
"Бу Венесуэла ҳаво кучлари ва ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимини барбод қилган ва фалаж қилган", — деди Ван Юнфей.
Унинг таъкидлашича, айнан шу омил АҚШ элита бўлинмаси — Delta Force жангчиларига Америка вертолётлари орқали десант операциясини амалга ошириш ва президент қароргоҳига кириш имконини берган.
"Венесуэланинг мудофаа қобилияти АҚШ олдида заиф бўлиши мумкин, айниқса, америкаликлар президентнинг қаердалиги ҳақида разведка маълумотларига эга бўлса", — дея қўшимча қилди эксперт.
Яна бир ҳарбий таҳлилчи Чжан Сзюнше ҳам АҚШнинг разведка соҳасидаги имкониятларини алоҳида қайд этди. Унинг сўзларига кўра, Вашингтон разведка маълумотларини йиғишда катта тажрибага эга.
"АҚШ разведка маълумотларини тўплаш, шу жумладан, миссия мақсадлари ҳақида маълумотга эга бўлган ҳарбий қўмондонлар ёки амалдорларни оғдириш учун Марказий разведка бошқармаси каби махсус хизматлардан фойдаланиш тажрибасига эга", — деди у.
Шу билан бирга, эксперт АҚШ амалга оширган ҳаракатларни халқаро ҳуқуқни бузиш сифатида баҳолади.
"Бу суверен давлатга бостириб кириш ҳисобланади. Бироқ ҳарбий нуқтаи назардан, дунёнинг бошқа армиялари буни намунавий мисол сифатида кўриши мумкин", — деди Чжан Сзюнше.
Унинг қўшимча қилишича, АҚШ бундай ҳарбий амалиётларни илгари ҳам бир неча бор амалга оширган.
"Бундай операциялар шунчаки тактик ҳаракатлар эмас, улар чуқур сиёсий ва стратегик оқибатларга эга", — дея таъкидлади эксперт.
АҚШ президенти Дональд Трамп шанба куни АҚШ Венесуэлага зарба берганини, мамлакат президенти Николас Мадуро ва унинг рафиқаси Силия Флорес қўлга олиниб, мамлакатдан олиб чиқиб кетилганини маълум қилди.
Оммавий ахборот воситалари Каракасда портлашлар кузатилгани ва операцияда Delta Force жангчилари иштирок этгани ҳақида хабар қилди. The New York Times Венесуэланинг юқори лавозимли амалдорига таяниб, ҳужум оқибатида камида 40 киши, жумладан ҳарбийлар ва тинч аҳоли вакиллари ҳалок бўлганини маълум қилди.
Венесуэла ҳукумати Мадуронинг қаердалиги ҳақида аниқ маълумот йўқлигини билдириб, унинг тириклигини тасдиқлашни талаб қилди. Кейинроқ Трамп Мадуро Америка ҳарбий кемаси бортида экани акс этган суратни эълон қилди.
АҚШ Конгрессидаги бир қатор аъзолар операцияни ноқонуний деб атади. Венесуэла Ташқи ишлар вазирлиги Вашингтон ҳаракатлари юзасидан халқаро ташкилотларга мурожаат қилиш ниятида эканини билдириб, БМТ Хавфсизлик кенгашининг шошилинч йиғилишини чақиришни сўради.
Ўз навбатида, Россия Ташқи ишлар вазирлиги Венесуэла халқи билан бирдамлигини билдириб, Мадуро ва унинг рафиқасини озод қилишга ҳамда вазиятнинг янада кескинлашувига йўл қўймасликка чақирди.
Дональд Трамп на пресс-конференции по итогам переговоров с Владимиром Путиным на Аляске - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 03.01.2026
Венесуэлага тажовуз: Трамп ғалабаси муқаррарми?
Янгиликлар лентаси
0