Онкология марказига пресс-тур: кўчириш, ходимлар ва беморлар бўйича асосий баёнотлар

© Sputnik / Евгений Одиноков
/ Oбуна бўлиш
Тиббиёт марказини янги 650 ўринли тиббий мажмуага кўчириш орқали тиббий хизмат сифати, техник имкониятлар ва беморлар хавфсизлигини ошириш режалаштирилмоқда
ТОШКЕНТ, 24 дек – Sputnik. Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази янги тиббий мажмуага кўчирилиб, унинг ҳудудида Креатив индустрия парки, Тошкент филиали жойлашган ҳудудда эса барча учун очиқ яшил жамоат парки ташкил этилиши режалаштирилган.
Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги вакиллари вазирлик томонидан марказда ташкил этилган пресс-турда маълум қилди.
Пресс-турда билдирилган асосий маълумотлар:
Марказни янги 650 ўринли тиббий мажмуага кўчириш техник имкониятларни кенгайтириш, тиббий хизмат сифати ва беморлар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида амалга оширилмоқда
Ўтган асрнинг ўрталарида қурилган амалдаги бинолар конструктив жиҳатдан замонавий онкология хизмати талабларига тўлиқ жавоб бермас эди. Шу сабабли марказни янги замонавий тиббий мажмуага кўчириш мақсадга мувофиқ ва стратегик аҳамиятга эга қарор сифатида баҳоланмоқда.
Марказ филиалида ишлаётган барча 449 нафар тиббиёт ходимига Тошкент шаҳрида жойлашган тиббиёт муассасаларида иш таклиф этилмоқда. Ушбу жараёнда ҳеч бир ходим ишсиз қолмаслиги кафолатланади.
Айни пайтга қадар филиалда даволаниб келган барча беморлар амалдаги клиник протоколлар, режалаштирилган қабул жадвали ва белгиланган навбат асосида янги марказга йўналтирилди. Беморларнинг бепул даволаниш бўйича мавжуд имтиёзлари тўлиқ сақлаб қолинади.
Тиббий хизматлар ҳажми, дастурлар ва имтиёзлар қисқартирилмайди.
Филиалнинг аввалги бинолари қонунчиликда белгиланган тартибда Давлат активларини бошқариш агентлигига топширилади.
Марказнинг маслаҳат-диагностика поликлиникасида электрон тиббий карталар тизими жорий этилди. Илгари беморлар бу жараён учун ўртача 15 дақиқа вақт сарфлаган бўлса, ҳозирда 2–3 дақиқа кифоя қилмоқда.
Поликлиника қабулхонасида беморларни рўйхатга олувчи ходимлар сони 3 нафардан 10 нафарга оширилди, шунингдек, 10 дан ортиқ тор соҳа мутахассислари учун қўшимча хоналар ташкил этилди.
Муассаса замонавий тиббий ускуналар билан жиҳозланган операция блоклари, илғор реанимация бўлимлари, қулай поликлиника хоналари, стерилизация ва лаборатория зоналарига эга бўлиб, тиббиёт ходимлари учун хавфсиз ва самарали меҳнат шароитини яратди.
