ССВ “Электрон рецепт” тизими юзасидан тушунтириш берди

© Sputnik / Бахром Хатамов Здание Министерства здравоохранения Узбекистана

Здание Министерства здравоохранения Узбекистана - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 12.12.2025
Oбуна бўлиш
"Электрон рецепт” тизими доирасида вужудга келаётган мурожаатларни қабул қилиш учун Telegram бот ишга туширилди.
ТОШКЕНТ, 12 дек – Sputnik. Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги (ССВ) дорилар электрон рецепт асосида берилиши бўйича турли муҳокамалар пайдо бўлгани сабабли ҳолатга тушунтириш берди.
Унда айтилишича, “Электрон рецепт” тизимини жорий этишдан кўзланган асосий мақсад — даволаш хавфсизлигини ошириш ва беморлар саломатлигини ҳимоя қилиш, шифокорларнинг дори тайинлашдаги масъулиятини кучайтириш, дори воситаларини тайинлаш жараёнини тартибга солиш, соғлиқни сақлаш тизимида рақамли ҳисобга ўтиш, шунингдек, контрафакт ёки нотўғри қўлланаётган дори воситалари айланмаси билан боғлиқ хавфларни камайтириш.
Тизимни бутун республика бўйлаб кенгайтириш 2026 йил охиригача босқичма-босқич амалга оширилиши режалаштирилган бўлиб, бу натижаларни таҳлил қилиш, аниқланган ташкилий ва техник муаммоларни инобатга олган ҳолда амалга оширилади.
“Соғлиқни сақлаш вазирлиги фуқароларнинг хавотирини тўлиқ тушунади ва таъкидлайдики, фавқулодда ҳолатларда, шунингдек, болаларга, кекса ёшдаги шахсларга ва сурункали касалликка чалинган беморларга тиббий ёрдам кўрсатишда ҳеч ким зарур дори воситаларисиз қолмайди. Ушбу тоифадаги беморлар алоҳида назоратда бўлади”, - дейилади баёнотда.
Янги тизимни жорий қилиш даври мобайнида ССВда вазир раҳбарлигида доимий фаолият юритувчи ишчи гуруҳ ташкил этилган. Бу гуруҳ таркибига шифокорлар, дорихона ташкилотлари ва АКТ мутахассислари киради.
Ишчи гуруҳ тизимнинг амалда қўлланилишини мунтазам мониторинг қилади, фуқаролар ва тиббиёт ходимларининг мурожаатларини кўриб чиқади, поликлиникаларга тушаётган юкламани, рақамли сервислар барқарорлигини ва дори воситаларини бериш тартибини таҳлил қилади. Зарур ҳолларда тезкор тарзда тегишли тузатишлар киритилади.
Тошкент шаҳри ва 15 та тажриба ҳудудларида жойлашган дорихоналарда жорий қилинган “Электрон рецепт” тизими доирасида вужудга келаётган мурожаатларни қабул қилиш учун Telegram @ssv_pilotbot ташкил этилди.
Ушбу бот орқали ушбу тизим ва дори воситаларини бериш билан боғлиқ барча мурожаатлар устувор тартибда кўриб чиқилади.
Таъкидланишича, “Электрон рецепт” тизимини жорий қилиш жараёнлари ҳақида ССВжамоатчиликни мунтазам хабардор қилиб боради.
Аптека в Ташкенте. - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 12.12.2025
Тошкент ва қатор туманларда дориларни фақат электрон рецепт асосида сотиш бошланди
Янгиликлар лентаси
0