Shura Villa: ўтмиш “жонланадиган” маскан

Oбуна бўлиш
Эксклюзив
Светлана Середина — бувисининг эски уйини ижод ва носталгия макони қилган тошкентлик фотосуратчи. Бу жойга кирган инсонни ўтмиш хотиралари ва илиқ муҳит ўраб олади
ТОШКЕНТ, 7 дек — Sputnik. Тошкентда, Фурқат боғига яқин жойда, шинам ҳовлиси билан кичкина бир уй бор. Бу - Shura Villa. Бу ерга келганингизда, вақт машинаси ҳақиқатан ҳам борлигини ҳис қиласиз. Айиқчалар билан гилам, попукли торшер, чинни идиш-товоқлар тўплами, радиоприёмник ва Есениннинг портрети - буларнинг барчаси гўё бизни ўтмишга қайтариб, болалик дамларимизни эслатади.
60-йиллардан бери уйнинг бекаси рус тили ва адабиёти ўқитувчиси Александра Ивановна Середина эди. 2007 йилда, у оламдан ўтгандан кейин, хонадон бўшаб қолди. 2024 йилга келиб, унинг набираси Светлана Середина кўплаб илиқ ва ёрқин хотираларни сақлаб қолган уйни қайта тиклашга қарор қилди. У бу жойни маҳорат дарслари, фойдали учрашувлар, фотосессиялар ва филмларни суратга олиш учун ижодий майдонга айлантирди.
“Дастлаб, болалигимда бувимникига меҳмонга келганимда, бу илиқ жойни сақлаб қолишни истардим. Дарслардан кейин у мени қуймоқлар билан меҳмон қиларди, диванга ётқизиб: “Дам ол, кейинроқ дарсларингни қиласан”, - дерди. Мана шу ерда ҳис этган чексиз меҳр ва ғамхўрлик лаҳзалари - бугунги кунда бизга етишмаяпти. Шунингдек, ўзим учун кичкина устахона яратмоқчи эдим, чунки кашта тикишни яхши кўраман, бу ерга келиб, тинчликда севимли машғулотим билан шуғулланишни хоҳлардим. Аммо шундай бўлдики, бу ерга бошқа одамлар ҳам кела бошлади”, - деб жилмайиб ҳикоя қилади Светлана.
Сўнг таъмирлаш вақти келди, буни амалга ошириш осон эмас эди: ҳар қандай уста ҳам Совет даври ретро услубини тиклашга рози бўлавермайди: пластик деразаларсиз, осма шифтларсиз ва ювиладиган гулқоғозларсиз.
Бундан ташқари, Светлана учун бир пайтлар оиласида бўлган, аммо турли сабабларга кўра сақланиб қолмаган буюмларни топиш муҳим эди. Бу ишда катта оилавий фотоархив ёрдам берди: экспонатлар фотосуратлар асосида изланди.
“Ҳозир буюмлар коллекцияси бошқалар ҳадя, совға қилган ёки мен сотиб олган нарсалар билан ҳам тўлдирилмоқда, албатта, агар бу нарсалар интерьерга аниқ мос келишини билсам”, - дейди Светлана.
Айтгандай, одамлар таъмирлашдан олдин ҳам бу ерга кела бошлаган эди.
“Отамни вафотидан кейин фотоархивни кўриб ўтирган эдим. Унинг слайдларида жуда кўп фотосуратлар сақланиб қолган экан. Шу сабабли, бу йўқотишни енгиб ўтиш учун бу ерда оиламиз ҳақидаги отамнинг фотосуратлари кўргазмасини ўтказишга қарор қилдим. Январда отам оламдан ўтди. Март охирида, икки ой ўтгач, бу ташландиқ уйда ҳамма нарса жуда ифлос ва таъмирсиз бўлса-да, деворларга оиламизнинг фотосуратларини осдим ва одамлар келишди. Улар ўз оилалари ҳақида ҳикоялар айтиб беришарди, чунки бу хонадоннинг ўзи бошқа одамларга алоқаси йўқ бўлса ҳам, у совет давридаги болалигимизни эслатарди - бу барча МДҲ мамлакатларида одатий бўлган бир хил парда, гилам ва диванлар”, - дейди Середина.
Кейинчалик Shura Villa даги кўргазмаларни бошқа ижодкорлар - рассом ва фотосуратчилар ўтказа бошлади, бундан ташқари, бу ерда тез-тез маҳорат дарслари, қизлар давраси ва чой зиёфатлари ўтказилади. Ҳатто клип ва фильмлар ҳам суратга олинади. Бу ерга одамлар тинч муҳитда ва интернетсиз мулоқот қилиш учун йиғилади, чунки бу ерда интернет умуман йўқ: уйда мобил интернет деярли ишламайди, Wi-Fi ҳам йўқ.
“Илгари кўпроқ мулоқот қилардик, дастурхон атрофида тўпланиб бир-биримиз билан суҳбатлашардик. Ҳозир эса ҳатто дастурхон атрофида ҳам одамлар тез-тез мессенжерларини текширишга, чалғишни бошлайди ва бунинг натижасида чуқур мулоқот йўқолмоқда. Одамлар бу ерга келганларида, дастлаб нимадир юклашга уринишади, кейин эса бу ерда интернетсиз ҳудуд эканлигини тушинишади. Дастлаб таранглик сезилса-да, кейин улар бир-бирлари билан яқинлашиб, чой устида суҳбатлаша бошлайдилар ва қалбларида илиқ туйғулар билан кетади”, - дейди Светлана.
Shura Villa га одамларни нима жалб қилиши ҳақидаги саволга унинг янги эгаси аниқ жавоб бера олмайди.
“Бир томондан, компьютер ва гаджетларда ўтириб, қўл меҳнатини соғингандирмиз. Бу ердаги маҳорат дарсларида кашта тикамиз, тўқиймиз, ясаймиз — одамлар, менимча, бунга интилади. Бошқа томондан, бу жой интерьери ва ундаги буюмлар билан боғлиқ. Совет даврида уйларнинг жиҳозлари кўпинча бир хил бўларди: бир хил шиша балиқчалар, каҳрабо расмлар ёки ёғоч шкафлар... Бугун биз хилма-хиллик даврида яшасак-да, ноёб ва ўзига хос нарсаларни излашни бошлаймиз, ва айнан ўша совет даври буюмлари бугунги кунда ноёб бўлиб бормоқда”, — дейди у.
Тошкентдаги кичик хонадонда ўтмиш қандай жонланишини Sputnik Ўзбекистон видеосида томоша қилинг.
Персональная выставка художника Яниса Кириакиди'са - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 05.11.2025
Тошкентда машҳур рассом Янис Кириакидиснинг шахсий кўргазмаси очилди — фото
Янгиликлар лентаси
0