Тошкент халқ дипломатияси кучини муҳокама қилиш майдонига айланди

Oбуна бўлиш
Эксклюзив
Тошкентда “Фуқаролик жамияти ҳафталиги” доирасида халқ дипломатияси ва барқарор ривожланишнинг аҳамияти бўйича халқаро анжуман ўтди.
ТОШКЕНТ, 5 дек – Sputnik. Ўзбекистонда 1-5 декабрь кунлари ўтказилаётган “Фуқаролик жамияти ҳафталиги” доирасида Ёшлар ижодиёт саройида “Халқ дипломатияси орқали барқарор ривожланишни таъминлаш”мавзусида халқаро анжуман бўлиб ўтди, дея хабар бремоқда Sputnik мухбари.
Ўзбекистон, Россия, Қозоғистон, Ҳиндистон ва бошқа мамлакатлардан келган мутахассислар расмиятчилик ва сиёсат ҳақида эмас, балки инсоний алоқаларнинг кучи ҳақида сўзлашди. Оддий фуқаролар - ўқитувчилар, кўнгиллилар, тадқиқотчи ва фаоллар глобал жараёнларга қандай таъсир кўрсата олиши ҳақида муҳокама қилишди.
Барқарор ривожланиш маркази, Ўзбекистондаги ШҲТ Халқ дипломатияси маркази ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Жамоат фонди тадбирнинг ташкилотчилари бўлди.
Иштирокчилар халқ дипломатиясининг миллий даражада қандай фаолият юритиши ва унинг минтақавий ҳамда глобал жараёнларда қандай аҳамиятга эга эканлигини муҳокама қилишди.
Россия Жамоатчилик палатаси комиссияси раиси Владимир Зорин ўз нутқида давлатлар ўртасидаги мустаҳкам алоқалар сиёсий баёнотлардан эмас, балки одамлар ўртасидаги мулоқотдан бошланишини таъкидлади.
“Халқаро ҳамкорлик - бу аввало маданий ва маънавий яқинлик қадрланадиган инсонлар ўртасидаги ишонч майдонидир. Сўнгги йилларда Россияда гуманитар алмашинув лойиҳалари жадал ривожланмоқда - бу жонли дипломатия жамиятларга бир-бирини рақиб эмас, балки шерик сифатида кўришга ёрдам беради. Россия ва Ўзбекистон ўзаро муносабатларнинг бой анъаналарига эга бўлиб, бу анъана маданият, таълим ва умумий тарих орқали мустаҳкамланиб бормоқда. Ҳақиқий ҳамкорлик сиёсий вазиятга эмас, балки ишонч, ҳурмат ва очиқликка асосланади”,- деди Зорин.
У Улуғ Ватан уруши даврида Ўзбекистон юз минглаб эвакуация қилинганларнинг бошпанасига айланганини эслатиб ўтди ва Шомаҳмудовлар оиласи тарихини инсоний жасорат намунаси сифатида алоҳида таъкидлади. Зориннинг фикрича, айнан шундай воқеалар халқлар ўртасидаги “ишонч генетикаси”ни шакллантирар экан.
Қозоғистон Фуқаролик альянсининг президенти Бану Нургазиева Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда фаол фуқароларнинг иштироки ғоят муҳим эканлигини таъкидлади.
“Биз ягона сайёрада яшаймиз ва у унча катта эмас - бир ҳудуднинг дарди бутун дунёга дарҳол таъсир қилади. Ҳатто энг яхши сиёсат ҳам фуқаро, фаол ва кўнгиллиларнинг иштироки бўлмаса самарали бўлмайди. Қозоғистон аллақачон Барқарор ривожланиш мақсадлари бўйича учинчи миллий шарҳини тақдим этди ва илк бор шунга ўхшаш ҳисоботни Олмаота шаҳри тайёрлади - унда шаҳар аҳолисининг ўзи барқарор ривожланиш мақсадларига қандай эришаётгани ҳақида сўз юритилган. Ишончим комилки, бундай ташаббуслар Тошкентда ҳам пайдо бўлади - бу бутун Марказий Осиёнинг келажагидир”,- деди у.
Ўзбекистондаги ШҲТ Халқ дипломатияси маркази директори Қобилжон Собиров халқ дипломатияси мавҳум тушунча эмас, балки амалий ҳаракат эканини эслатиб ўтди.
“Халқ дипломатияси бу “пастданюқорига”, “қалбдан-қалбга” бўлган дипломатиядир. Халқ дипломатияси - бу оддий фуқароларнинг ўзаро оммавий мулоқотидир. Ҳар бир киши унинг иштирокчисига айланиши мумкин. Бунга мисол, Париж Олимпиадасида қирғизистонлик боксчи кумуш медалга эришишига ёрдам берган ўзбекистонлик мураббийнни келтириш мумкин. Бу воқеа бир зумда икки халқни ҳар қандай расмий музокаралардан кўра кўпроқ бир-бирига яқинлаштирди”, -дея таъкидлади Собиров.
Фуқаролик жамияти ҳафталиги — Ўзбекистон пойтахтида ҳар йили декабрь ойининг биринчи ҳафтасида ўтказиладиган анъанавий тадбирдир. Ҳафталик фуқаролик жамияти институтлари томонидан амалга оширилган ишларни баҳолаш, уларнинг ижтимоий тараққиётга қўшган ҳиссасини таҳлил этиш ҳамда ушбу соҳани янада ривожлантириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш учун майдон вазифасини бажаради.
Тошкентда Россия ва Марказий Осиё ўртасидаги маданий ва тарихий алоқалар ҳақидаги китоб тақдим этилди - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 01.12.2025
Матбуот маркази
Тошкентда Россия ва МО маданий ҳамда тарихий алоқалари ҳақидаги нашр тақдим этилди - видео
Янгиликлар лентаси
0