Шавкат Мирзиёев Бутунжаҳон саммитида глобал ташаббусларни илгари сурди

© Пресс-служба президента Узбекистана
Oбуна бўлиш
Ижтимоий ривожланиш бўйича Бутунжаҳон саммитида Шавкат Мирзиёев камбағалликка қарши кураш, таълим имкониятлари, мигрантлар ҳимояси ва иқлим ўзгаришига оид ташаббусларни илгари сурди.
ТОШКЕНТ, 4 ноя – Sputnik. Қатар пойтахти Доҳа шаҳрида ижтимоий ривожланиш бўйича иккинчи Бутунжаҳон саммитида президент Шавкат Мирзиёев қатор муҳим халқаро ташаббусларни илгари сурди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.
Давлат раҳбари қуйидаги таклифларни билдирди:
Камбағалликка қарши курашишда янги молиявий архитектура яратиш: шу мақсадда, камбағалликни қисқартириш ва ижтимоий адолатни таъминлашга қаратилган Глобал ижтимоий адолат фондини таъсис этишни таклиф қилди.
Юқори технологиялар инқилобининг таъсирига қарши чоралар кўриш: сунъий интеллект ва рақамли технологиялар жадал ривожланаётган бир пайтда дунёда миллионлаб иш ўринлари йўқолмоқда. Президентга кўра, бу шароитда ҳукуматлар ва бизнес ижтимоий ҳамкор сифатида ходимларни қўллаб-қувватлашга катта аҳамият бериши зарур. Шу муносабат билан ижтимоий масъулият ва муносиб меҳнат бўйича глобал ташаббусни ишлаб чиқиш таклиф этилди.
Таълим орқали ижтимоий муаммоларга ечим топиш: таъкидланишича, барча учун таълим имкониятларини кенгайтириш орқали ижтимоий тенгсизликка қарши курашиш мумкин. Шу муносабат билан Очлик ва қашшоқликка қарши Глобал альянс саммитларидан бирини Ўзбекистонда ўтказиш ва таълим масаласини кун тартибининг марказий мавзуси сифатида белгилаш таклиф қилинди.
Меҳнат мигрантлари ва уларнинг оилаларини ҳимоя қилиш: келгуси йили Халқаро меҳнат ва миграция ташкилотлари билан ҳамкорликда Ўзбекистонда мигрантлар ва уларнинг оилаларини ижтимоий-ҳуқуқий ҳимоя қилиш бўйича халқаро форум ўтказиш ҳамда янги Глобал дастур қабул қилиш таклиф этилди.
Шунингдек, президент иқлим ўзгаришига қарши кураш чораларини бандлик дастурлари билан уйғунлаштириш зарурлигини таъкидлади.
Ушбу мақсадда, БМТ резолюциясига мувофиқ “экологик инновациялар ва технологиялар ҳудуди” деб эълон қилинган Оролбўйи минтақасида Ўзбекистон ижтимоий-иқтисодий тараққиётнинг янги моделини жорий этиш ниятида эканлигини билдирди.
