Сунъий интеллект лойиҳаларига солиқ имтиёзлари эълон қилинди

© iStockИскусственный интеллект
Искусственный интеллект - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 29.10.2025
Oбуна бўлиш
Мезонларга жавоб берувчи лойиҳалар айрим ускуналарни олиб киришда ҚҚС ва божлардан озод этилиб, қатор солиқ имтиёзларига эга бўлади
ТОШКЕНТ, 29 окт – Sputnik. Ўзбекистон сунъий интеллект ва маълумотлар марказлари соҳасида қиймати $100 млн дан ортиқ бўлган лойиҳалар учун солиқ имтиёзларини жорий этмоқда. Бу ҳақда Sputnik мухбирига Президент Администрацияси ҳузуридаги молиявий технологиялар, сунъий интеллект ва рақамлаштириш департаменти раҳбарининг ўринбосари Ҳикматилла Убайдуллаев маълум қилди.
"Президент Ўзбекистонда сунъий интеллект инфратузилмаси ва маълумотларни қайта ишлаш марказларини барпо этиш бўйича қиймати $100 млн дан ортиқ лойиҳаларни амалга ошираётган хорижий компаниялар учун рағбатлантириш пакетини тасдиқлади", — деди у.
Унинг таъкидлашича, мезонларга жавоб берувчи инвесторлар республикада ишлаб чиқарилмайдиган серверлар, график процессорлар (GPU) ва саноат миқёсидаги совутиш тизимларини импорт қилишда божхона божи ҳамда ҚҚСдан озод этилади.
"Миллий IT-парк резидентлари сифатида рўйхатдан ўтган компаниялар, жумладан булутли ва СИ хизматлари экспортчилари 2040 йилгача фойда, мулк ва ер солиқларидан озод этилади. Хорижий акциядорлар учун эса дивиденд солиғининг ноль ставкаси қўлланилади", — дейилади маълумотда.
СИ инфратузилмасини яратадиган объектларга электр энергияси 1 кВт/соат учун 0,05 доллар (ҚҚСсиз) миқдорида қатъий тариф ўрнатилади. Шу билан бирга, операторлар юклама юқори пайтларда истеъмолни 20 фоизга камайтириш ва тармоқ барқарорлигини таъминлаш учун умумий қувватнинг 30–35 фоизини қопловчи энергия сақлаш тизимларини (BESS) жорий этиши шарт.
Мезонларга жавоб берувчи лойиҳалар давлат ҳисобидан ташқи инфратузилма билан таъминланади.
Убайдуллаевнинг қўшимча қилишича, бундай лойиҳалар бўйича хорижий пудратчилар ва етказиб берувчиларга тўғридан-тўғри халқаро тўловлар амалга ошириш имкони берилади, маҳаллий банк ҳисобварақларидан ўтказиш талаби қўйилмайди.
Қурилиш жараёнлари "лойиҳалаш — харид — қурилиш" (Design–Procure–Build) модели асосида ташкил қилиниб, барча босқичлар параллель равишда амалга оширилади. Ер участкалари Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши томонидан тўғридан -тўғри ажратилади.
Аввалроқ Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов янги майдонлар сунъий интеллект ривожланишининг йирик марказига айланиши ва у ерда GPU билан жиҳозланган стартаплар ҳамда дата-марказлар жойлашиши таъкидлаган эди.
Ҳукумат вакиллари маълум қилишича, лойиҳаларнинг Қорақалпоғистонда жойлаштирилиши юқори қуёш ва шамол потенциали билан боғлиқ бўлиб, қайта тикланадиган энергетика ривожига туртки беради.
Режага кўра, 2030 йилгача сунъий интеллект ва рақамли инфратузилмани ривожлантиришга 1 млрд доллардан ортиқ хорижий инвестицияларни жалб этиш кўзда тутилган.
Президент провёл видеоселектор по вопросам развития ИИ - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 21.10.2025
Ўзбекистон сунъий интеллектдан фойдаланишни ривожлантиради - тафсилотлар
Янгиликлар лентаси
0