Ўзбекистон сунъий интеллектдан фойдаланишни ривожлантиради - тафсилотлар

© Пресс-служба президента УзбекистанаПрезидент провёл видеоселектор по вопросам развития ИИ
Президент провёл видеоселектор по вопросам развития ИИ - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 21.10.2025
Oбуна бўлиш
Видеоселектор йиғилишида СИни ривожлантириш, инфратузилма яратиш, малакали кадрлар тайёрлаш ва СИни иқтисодиётнинг турли тармоқларига жорий этиш масалалари муҳокама қилинди.
ТОШКЕНТ, 21 окт – Sputnik. Президент Шавкат Мирзиёев раислигида сунъий интеллект (СИ) технологияларини ривожлантириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.
Йиғилишда соҳани жадал ривожлантириш, кадрлар тайёрлаш ва инфратузилмани яратишга доир устувор вазифалар белгилаб берилди.
2030 йилда СИга асосланган хизматлар ҳажмини 1,5 миллиард долларга етказиш режа қилинган эди. Лекин хорижий экспертлар Ўзбекистоннинг салоҳиятини 10 миллиард долларга баҳоламоқда.
Президент вазирлар, ҳокимлар ва тармоқ раҳбарларига ҳафтасига бир кунни айнан СИ соҳасини ривожлантиришга бағишлашни топширди.
Барча вазирлик ва идораларда сунъий интеллект бўйича бўлинмалар ташкил этилади, ҳокимлар ҳузурида маслаҳатчи лавозими жорий этилади.
СИ амалиётдаги натижалари ҳам кўрсатилди. Урганч шаҳрида “Ақлли шаҳар” тизими ишга туширилиб, электр, газ, сув, иссиқлик таъминоти, транспорт, йўл ва чиқинди хизматлари ягона ситуацион марказ орқали бошқарилмоқда.
Ҳар бир мурожаат СИ ёрдамида таҳлил қилинади ва тезкор ечим берилади. Шу ҳисобига шаҳарда йилига 16 миллиард сўм тежалмоқда. Президент вилоятлар ва пойтахт туманларига Урганч тажрибасини ўрганиб, йил якунигача жорий қилишни топширди.
Ҳозирги инфратузилма фақат кичик лойиҳалар учун етарли эканлиги қайд этилди. Шу боис 2025 йилда 16 та суперкомпьютер сотиб олиш учун 50 миллион доллар ажратилди, келаси йилда бу маблағ икки баробарга оширилади.
Бундан ташқари, Саудиянинг “Data Volt” компанияси билан ҳамкорликда 150 миллион долларлик 12 мегаваттли дата-марказ қурилади. Кейинги босқичда 3 миллиард доллар сармоя ҳисобига қувватлар 500 мегаваттга етказилади.
Қорақалпоғистонда СИ инфратузилмасига 100 миллион доллардан ортиқ сармоя киритган инвесторлар учун электр энергияси 5 цент нархда берилади, IT-парк имтиёзлари татбиқ этилади, импорт ускуналари божхона тўловидан озод қилинади.
Таълим тизимида ҳам ислоҳотлар бошланмоқда. Кейинги ўқув йилидан “Информатика” фанларига СИ бўйича мавзулар киритилади. Массачусетс технологиялар институти билан ҳамкорликда янги дарсликлар ишлаб чиқилади. “Янги Ўзбекистон” университетида 1,3 минг тренер ва ўқитувчи тайёрланади.
“Бир миллион ўзбек дастурчиси” лойиҳасининг давоми сифатида “Бир миллион СИ етакчиси” дастури бошланди. Бу йил 100 минг, келаси йил 500 минг ёшлар сунъий интеллект бўйича тайёрланади. Энг яхши ёшлар ва ўқитувчилар ноутбуклар, пул мукофотлари ва электромобиллар билан тақдирланади.
Ўзбекистон 2030 йилга бориб сунъий интеллект соҳасида дунёдаги “ТОП-50” давлат қаторига киришни мақсад қилган. Шу мақсадда “Сунъий интеллект альянси”ни ташкил этиш ташаббуси илгари сурилди.
Альянснинг асосий вазифалари халқаро илмий марказлар билан ҳамкорлик, миллий стартапларни қўллаб-қувватлаш ва Ўзбекистоннинг сунъий интеллект салоҳиятини жаҳонга танитишдан иборат бўлади.
Йиғилишда тармоқ ва ҳудуд раҳбарлари, стартаплар асосчилари ва информатика ўқитувчилари иштирок этиб, ўз таклифларини билдирди.
Президент Шавкат Мирзиёев заложил капсулу в основание второго этапа проекта “IT-Park” - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 21.10.2025
Тошкентда “IT-Park” лойиҳасининг иккинчи босқичи бошланди
Янгиликлар лентаси
0